Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори
Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари доирасида мамлакатимизда натижадорликка йўналтирилган ихчам ва профессионал давлат бошқаруви тизимини яратиш бўйича чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилишини таъминлаш, шунингдек, республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини янгиланган талаблар ва тамойиллар асосида ташкил этиш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 декабрдаги “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–269-сон Фармони билан вазирлик, қўмита, агентлик ва инспекцияларни ўз ичига оладиган республика ижро этувчи ҳокимият органларининг ягона тизими белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари масъулиятини ошириш мақсадида республика ва маҳаллий даражадаги бўғинларнинг қуйидаги функционал чегараси белгилансин:
а) республика ижро этувчи ҳокимият органлари:
тегишли соҳада ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқади ва унинг амалга оширилишини таъминлайди ҳамда бу борада маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари фаолиятини услубий жиҳатдан таъминлайди;
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқади, уларга давлат хизматларини кўрсатади ҳамда ҳудудий бўлинмаларнинг халқ билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш йўналишидаги фаолиятини мувофиқлаштиради ва умумлаштиради;
ўз тизимига ва ташкилий бўйсунувига кирадиган ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини баҳолашнинг мақсадли кўрсаткичларини белгилайди ҳамда уларга эришиш ишларини мувофиқлаштиради;
ҳуқуқий тартибга солиш функцияси доирасида идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилади (вазирлик тизими ёки ташкилий бўйсунувига кирадиган ижро этувчи ҳокимият органлари бундан мустасно) ҳамда қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқади;
жойлардаги муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш тадбирлари амалга оширилишини мувофиқлаштиради, ўз ваколати доирасида ҳуқуқий тартибга солиш ва назорат функцияларини амалга оширади;
тегишли тузилмаларни малакали кадрлар билан тўлдириш, уларнинг билим ва кўникмаларини узлуксиз оширишга қаратилган тизимли чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;
меҳнат фаолиятини амалга ошириш ва меҳнатга ҳақ тўлашнинг муносиб ва адолатли шарт-шароитларини яратади;
б) ижро этувчи ҳокимият органларининг ҳудудий бўлинмалари:
тегишли ҳудудда соҳа бўйича ягона давлат сиёсатини амалга ошириш ҳамда белгилаб берилган мақсадли кўрсаткичларга эришишга қаратилган амалий ва манзилли чора-тадбирларни амалга оширади;
жойларда ижтимоий ва иқтисодий ҳолатни таҳлил қилган ҳолда, аҳолини қийнаётган тизимли муаммоларни бартараф этиш ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича дастурларни ишлаб чиқишда ва амалга оширишда иштирок этади;
жойларда қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва бошқа қонунчилик ҳужжатларининг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлайди;
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқади ва уларга давлат хизматларини кўрсатади ҳамда ўз ваколати доирасида тегишли ҳудудда давлат назорати тадбирларини амалга оширади.
3. Белгилансинки, 2023 йил 1 январдан бошлаб:
республика ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари бир вақтнинг ўзида хўжалик бошқаруви органларининг раҳбари вазифасини бажариши тақиқланади;
уюшма ва бошқа хўжалик бирлашмаларига давлат ҳокимияти ваколатларини бериш ва уларнинг раҳбарларини Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан лавозимга тайинлаш амалиёти бекор қилинади.
4. Республика ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг молиявий мустақиллигини таъминлаш мақсадида тегишли соҳага оид Давлат бюджети параметрларини шакллантиришнинг қуйидаги тартиби ўрнатилсин:
ҳар бир республика ижро этувчи ҳокимият органи томонидан тегишли соҳани ривожлантириш юзасидан ўрта муддатли дастур (концепция, стратегия) (кейинги ўринларда – Дастур) ишлаб чиқилади ҳамда белгиланган тартибда тасдиқланади;
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан тегишли вазирлик ва идораларга ажратилган маблағларнинг чекланган миқдори доирасида келгуси йиллар учун Дастурда белгиланган устувор йўналишлар асосида соҳани йиллик молиялаштириш ҳажмлари ишлаб чиқилади;
вазирлик ва идоралар томонидан Дастурда белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш учун зарур бўлган ва Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тақдим этилган бюджет сўровлари билан харажатларнинг чекланган миқдори ўртасида номутаносиблик юзага келганда, унга Вазирлар Маҳкамаси томонидан тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида аниқлик киритилади;
Вазирлар Маҳкамаси вазирлик ва идоралар кесимида уларга Давлат бюджетидан ажратилиши кўзда тутилаётган маблағлар доирасида Дастурда белгиланган мақсадларга эришиш кўрсаткичлари белгиланишини таъминлайди.
5. Белгилаб қўйилсинки:
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги келгуси молия йилидан бошлаб, Давлат бюджети параметрлари тасдиқлангандан сўнг вазирлик ва идораларнинг харажатлар сметасини рўйхатга олишда маблағларни харажатлар иқтисодий таснифининг моддаларига ажратмасдан фақат харажат гуруҳлари бўйича ажратилишини таъминлайди;
вазирлик ва идоралар бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан белгиланган мақсадли кўрсаткичларга эришилиши ҳамда маблағларнинг сарфланиши юзасидан барча маълумотларни харажатлар иқтисодий таснифининг моддалари кесимида ўзларининг расмий веб-сайтларида очиқ эълон қилиб боради ва Олий Мажлис палаталари олдида ҳисобот беради.
6. Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари доирасида барча республика ижро этувчи ҳокимият органларининг қарийб 5 минг функциялари хатловдан ўтказилиб, 500 га яқин такрорланадиган, ўз аҳамиятини йўқотган ҳамда амалга ошириш механизмлари билан таъминланмаган функциялар аниқланганлигини инобатга олган ҳолда республика ва ҳудудий ижро этувчи ҳокимият органлари функцияларининг очиқ реестрини (кейинги ўринларда – Функциялар ягона реестри) шакллантириш ва уни доимий юритиш амалиёти йўлга қўйилсин.
Бунда:
Функциялар ягона реестрига киритилган ҳар бир функция бўйича уларни республика, вилоят ва туман (шаҳар) кесимида амалга ошириш учун ташкилий-ҳуқуқий механизмлар, молиявий-иқтисодий
ва кадрлар ресурслари билан таъминланганлик ҳолати акс эттирилсин;
амалга ошириш механизми бўлмаган функцияларни зарур ташкилий-ҳуқуқий механизмлар, молиявий-иқтисодий ва кадрлар ресурслари билан таъминлаш, ўз аҳамиятини йўқотган функцияларни эса бекор қилиш бўйича таклифлар киритилсин;
қонунчилик ҳужжатлари билан ижро органларига юклатиладиган функциялар бир вақтининг ўзида мажбурий тарзда Функциялар ягона реестрига киритилиб, такрорланувчи функциялар бекор қилинсин;
функцияларни рақамлаштириш ва инсон омилини қисқартирган ҳолда автоматлаштириш юзасидан таклифлар киритилсин.
7. Белгилансинки:
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан ҳар йили республика бюджетидан республика давлат бошқаруви органларига ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдорларини белгилашда Функциялар ягона реестрида назарда тутилган функциялар мезон сифатида инобатга олинади;
Адлия вазирлиги томонидан Функциялар ягона реестрини электрон тарзда юритиш имконини берадиган “Давлат функциялари” автоматлаштирилган онлайн ахборот тизими юритилади.
Адлия вазирлиги манфаатдор идоралар билан биргаликда 2023 йил 1 мартга қадар Функциялар ягона реестрини шакллантириш ишларини якунласин ҳамда уни юритиш тартиби бўйича қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
8. Давлат бошқарувида очиқлик даражасини янада ошириш, рақамли технологияларни жорий этиш, рақамлаштирилган давлат бошқаруви моделига ўтиш мақсадида 2023 йил 1 январдан бошлаб, синов тариқасида, Адлия вазирлиги тизимида идоравий буйруқ, қарор ва фармойишларни “E-qaror” электрон тизими орқали қабул қилиш ва эълон қилиш амалиёти йўлга қўйилсин.
Адлия вазирлиги манфаатдор идоралар билан биргаликда 2023 йил 1 июнга қадар синов натижалари бўйича 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб барча республика ижро этувчи ҳокимият органларида буйруқ, қарор ва фармойишларни “E-qaror” электрон тизими орқали қабул қилиш ва эълон қилишни жорий этишни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини киритсин.
9. Давлат бошқаруви аппаратини сақлаш билан боғлиқ харажатларни мақбуллаштириш, коррупциявий омилларни бартараф этиш ҳамда бюджет маблағларининг сарфланиши устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш мақсадида:
ҳудудларга хизмат сафарларини қисқартирган ҳолда жойлардаги муаммоларни аниқлаш учун “онлайн қабул”, “виртуал ташриф“ каби ҳудудлар билан ишлашнинг замонавий технологияларга асосланган масофавий усулларини қўллаш тизими жорий этилсин;
республика ижро этувчи ҳокимият органларини автотранспорт воситалари билан таъминлаш меъёрлари раҳбар кадрларнинг сони қисқартирилишини инобатга олган ҳолда мақбуллаштирилсин;
ижро этувчи ҳокимият органлари учун энергия ва бошқа ресурсларнинг сарфланишини босқичма-босқич, шу жумладан тежамкор технологияларни жорий этиш ҳисобидан камайтириш бўйича мақсадли кўрсаткичларни ҳар йили белгилаш ҳамда ажратиладиган бюджет маблағларини уларга қараб мақбуллаштириш амалиёти жорий этилсин;
бино ва иншоотларни қуриш, таъмирлаш ва жиҳозлаш (қайта жиҳозлаш) ҳамда расмий тадбирларни ўтказиш бўйича максимал нархларни ичига олувчи меъёрларни белгилаш, шунингдек, ушбу мақсадларга сарфланган маблағлар юзасидан ҳисоботларни харажатлар иқтисодий таснифининг моддалари кесимида эълон қилиб бориш тартиби жорий этилсин;
назорат тадбирларини ўтказишнинг муқобил шакллари жорий этилишини ва уларда жамоатчилик вакилларининг иштирокини таъминлайдиган тизимни йўлга қўйиш орқали барча назорат тадбирлари ва объектлари ҳақидаги маълумотларнинг очиқлиги таъминлансин.
10. Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари доирасида амалга ошириладиган биринчи навбатдаги чора-тадбирлар бўйича “йўл харитаси” иловага мувофиқ тасдиқлансин.
“Йўл харитаси”да белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилишини таъминлаш юзасидан масъул ижрочи бўлган давлат органларининг биринчи раҳбарларига шахсий масъулият юклансин.
11. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги оммавий ахборот воситаларида ушбу қарорнинг мақсад ва вазифалари кенг ёритилишини ташкил этсин.
12. Адлия вазирлиги бир ой муддатда ушбу қарордан келиб чиқиб, қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар юзасидан таклифлар киритсин.
13. Қарор ижросини назорат қилиш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари С.У. Умурзаков зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев