Президент Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент шаҳри ҳудудидаги қурилиш ва ободонлаштириш лойиҳалари билан танишмоқда, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Ушбу янги шаҳарга 2023 йил 18 март куни тамал тоши қўйилган эди. Шу муносабат билан ўтган маросимда давлатимиз раҳбари у “яшил шаҳар” бўлишини айтган эди. Бу ҳаво ва сув тозалиги, муқобил энергия манбалари, дарахтзорлар кўплиги каби мақсадларни ўз ичига олади. “Тошкентнинг яшил белбоғи” лойиҳаси шу ердан бошланади. 420 гектар майдонда Марказий боғ барпо этилиб, 200 минг туп дарахт экилади.
Бунинг учун иш ҳозирдан бошланиб, 50 гектар майдонда кўчатхона ташкил этилган. Президентимиз шу ерда бўлиб, навниҳолларни кўздан кечирди. Бўлажак дарахтзорларнинг ландшафт дизайни, суғориш ва парваришлаш тизими ҳақида маълумот берилди.
Ҳозирда кейинчалик кўчириб ўтказиш учун 27 минг туп манзарали дарахт кўчатлари экилган. Шунингдек, иссиқхона, қозонхона, кўчатларни сақлаш ва суғориш тизимлари барпо этилган.
Янги шаҳарда тегишли вазирлик ва идоралар ишини ташкил этиш учун вақтинчалик маъмурий бинолар қурилмоқда. Президентимиз улардаги шароитлар билан ҳам танишди.
Ҳозирда енгил конструкциялардан 4 та бино ва ёрдамчи иншоотлар барпо этилган. Бунда тўлиқ маҳаллий қурилиш материалларидан фойдаланилган. Офислар “open space” услубида бўлиб, ҳар бирида 250 нафаргача ходим фаолият юритиши мумкин.
Бу вазирлик ва идоралар ишини босқичма-босқич шу ерда ташкиллаштириш имконини бериб, Тошкентдаги тирбандликни камайтиришга ҳам хизмат қилади.