2018 йилнинг 3 январь куни пойтахтимизнинг “Анҳор-Локомотив” истироҳат боғи олдида ташкил этилган марказий Янги йил арчасида томошабинларни кириб келган Янги – 2018 йил ҳамда яқинлашиб келаётган Ватан ҳимоячилари куни билан қутлаш учун Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли ҳамда Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий оркестри томонидан байрамона концерт дастури ташкил этилди.
Таъкидлаш жоизки, оҳирги йилларда миллий армиямиз ҳар бир айёмни халқимиз билан бирга қарши олаётгани “Армия ва халқ – бир тану бир жон” деган эзгу ғоянинг ёрқин ифодасига айланмоқда. Жойларда ташкил этилаётган ҳарбий-ватанпарварлик фестиваллари минглаб юртимиз ёшлари қалбида ҳарбийлик касбига катта қизиқиш уйғотиб, халқимизда армияга бўлган ишончини мустаҳкамламоқда.
Ҳарбий наволар билан илк бор Янги йил арчасида иштирок этган ҳарбий ижодкорлар томошабинларда ўзгача таассуротлар қолдириб, олқишларга сазовор бўлди.
Мазкур тадбирда ҳарбий санъаткорлар томонидан ижро этилган ҳарбий-ватанпарварлик ва ёшларбоп мусиқалар, ҳарбий оркестр садолари Янги йил айёмига ўзгача туҳфа бўлди.
Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати