“Яшил” иқтисодиёт ва “яшил макон” мамлакат равнақига хизмат қилади

0
96
марта кўрилган.

Мамлакатимиз Президенти ташаббуси билан 2025 йил республикамизда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”, деб белгиланди. Унинг замирида она табиатнинг мусаффолигига эришиш ва келажак авлодга бекаму кўст етказишдек эзгу ғоя, эзгу ният ўз ифодасини топган.

Атроф-муҳит мусаффолигини тиклаш инсоният бугунги кунда рўбарў турган энг ташвишли муаммолардан бири бўлиб, атмосферага чиқарилаётган зарарли газлар миқдорини камайтиришга қаратилган. Ушбу масалада Париж битими ишлаб чиқилганига ушбу  йилда ўн йил тўлади. 2016 йилдан эътиборан кучга кирган ушбу ҳужжат дунёнинг 195 мамлакати томонидан маъқулланиб, 175 давлат унинг тадбирлари доирасида иш олиб бормоқда. 2021 йилда Ўзбекистон мазкур битим доирасида атмосферага чиқарилаётган ис газлар миқдорини 2030 йилга қадар 30 фоизгача камайтириш мажбуриятини ўз зиммасига олиб, уч йилдирки унга кўра “яшил” иқтисодиётга ўтиш мақсадида қайта тикланувчи энергиядан фойдаланиш кўрсаткичларини кескин ошириш устида иш олиб бормоқда. 

Аслида “яшил” иқтисодиёт кўламини кенгайтириш вазифалари анча илгарироқ кун тартибига чиқиб, яшилликка бурканган Европа мамлакатлари янги асримиз бошларидаёқ уни инсониятни муқаррар ҳалокатдан асровчи ягона йўл сифатида танлаган эди. Бинобарин чўлланиш кўлами йил сайин ошиб бораётган минтақамиз тақдирида ҳам “яшил” иқтисодиёт иқлим таҳдидларини жиловлашнинг устувор йўналиши сифатида топилиб, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида қайта тикланувчи энергиядан фойдаланиш кўрсаткичларини кескин ошириш вазифалари белгиланган. Шу мақсадда 2030 йилга келиб қайта тикланувчи энергия манбаларини 25 минг мега ваттга, жами истеъмолдаги улушини эса 54 фоизга етказиш кўзда тутилган. Кези келганда таъкидлаш жоиз, бугун мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 10 фоиздан ортиғигина қайта тикланувчи энергия манбаларининг ҳиссасига тўғри келади.

 Республикамизда нефт, газ, кўмир ёқиш ёрдамида ҳар йили ялпи ички маҳсулотнинг камида 4,5 фоизи бой бералаётганлигини инобатга олсак, “яшил” иқтисодиёт наинки экологик, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам ўта самарадор йўл эканлиги ойдинлашади. Шу маънода яқинда давлатимиз раҳбари томонидан қиймати 7,2 миллиард АҚШ долларлик, қуввати 4,4 ГВт ташкил этувчи 24 та лойиҳа, жумладан, 3,7 миллиард долларлик 18 та янги қувватни ишга тушириш ва навбатдаги 6 та лойиҳа қурилишига старт берилиши тарихий воқеа, десак муболаға эмас. Боиси ушбу янги лойиҳалар туфайли яқин истиқболда қўшимча 9,5 миллиард киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқаришга эришилиб, 2,5 миллиард куб метр табиий газ тежалади, 4,6 миллион тонна зарарли газлар чиқишининг олди олинади. Бошқачароқ айтсак, мамлакатимиздаги хонадонларнинг қарийб қирқ фоизи тоза электр энергияси билан барқарор таъминланишига эришиш билан бирга иқтисодиётнинг турли тармоқларида қарийб 4 миллиард долларлик қўшилган қиймат яратиш имконига эга бўламиз.

Бугунги кунда Навоий вилояти электр энергияси истеъмоли бўйича республикамизда етакчи ҳудудлардан бири ҳисобланади. Аҳоли, ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи кун сайин ошиб бормоқда, десак заррача муболаға эмас. Табиийки, мазкур эҳтиёжни қаноатлантириш мақсадида сўнгги йилларда вилоятда йирик лойиҳалар амалга оширилиб, электр энергияси ишлаб чиқишда энергия ресурсларни тежаш ҳамда атмосферага ис гази чиқарилишининг олдини олиш йўлида қайта тикланувчи ҳамда яшил энергия манбаларидан кенг фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Республикада биринчи бўлиб Кармана туманида 100 МВтли қуёш станцияси барпо этилиб, фойдаланишга топширилганлиги фикримизнинг ёрқин далилидир. Шунингдек, Томди туманида қуввати 500 МВтли шамол электр станцияси қурилиши давом эттирилиб, бугунги кунда ишга тушган қисми орқали ойига 110 миллион кВт/соат электр энергияси истеъмолчиларга етказиб берилмоқда. Шу каби яшил энергия ва қайта тикланувчи энергия манбалари лойиҳаларини яқин истиқболда амалиётга татбиқ этиш орқали вилоят бўйича 21 МВт қувватдаги қуёш панелларини ўрнатиш эвазига қўшимча 45 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш режалаштирилган. 

Биз юқорида “яшил” энергетика нафақат экологик, балки, иқтисодий жиҳатдан ҳам самарадор йўналиш эканлигини таъкидладик. Мазкур йўналишда йирик лойиҳалар билан бир қаторда юридик шахслар, тадбиркорлик субъектлари ҳамда жисмоний шахслар томонидан ҳам ўзлари ташаббус билдирган ҳолда қуёш панеллари ўрнатилиб, даромадга олишга эришилмоқда. 

Мисол учун, Навоий давлат университетида 530 кВт қуёш панеллари ўрнатилиб, ўз эҳтиёжидан ортган 100 минг кВт /соат электр энергиясини тизимга сотиш орқали 100 миллион сўм қўшимча даромадга эришилди. Шунингдек, Навоий шаҳридаги тадбиркорлик субъектларидан бири “NAVPROMLITMASH” МЧЖ 100 кВт ли қуёш панелларини ўрнатиб, ўз эҳтиёжининг 50 фоизи, яъни 98 минг кВт/соат электр энергиясини улар орқали қоплаб келмоқда. 

Бу каби мисолларни ўнлаб тадбиркорлик субъектлари, деҳқон ва фермер хўжаликлари, иссиқхоналар фаолиятидан давом эттириш мумкин. Умуман олганда 2023 йил ҳисоб-китоби бўйича жами 25,7 МВт қувватда (ижтимоий соҳа объектларига 12,6 МВт, тадбиркорлик субъектларига 10,4 МВт, аҳоли хонадонларига 2,7 МВт) қуёш панеллари ўрнатиш ҳисобига ойига ўртача 4,6 миллион кВт/соат (йилига 55,5 миллион кВт/соат) электр энергияси ишлаб чиқарилиб, бу 23 минг аҳоли хонадонлари истеъмолига тенг демакдир. 

Масалага экологик нуқтаи назардан ёндашсак, мазкур аҳоли хонадонларига электр энергияси билан бирга тоза ҳаво ҳам кириб борди, десак янглишмаймиз. Шу ўринда Навоий шаҳрининг саноат зонаси ҳудудидаги “ZARAFSHON INDUSTRIAL TECHNOLOGY” ҚКда томонидан вилоятда электр энергиясини ноанъанавий тарзда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича амалга оширилаётган лойиҳа алоҳида самарадорликка эгалигини таъкидлаш жоиз. Унга кўра корхона томонидан атмосферага ташланаётган ис гази қайта ишланиши ҳисобига сув буғ турбинаси орқали генерация қилиниб, электр энергияси ишлаб чиқариш йўлга қуйилди. 

Ушбу корхонанинг электр энергияга бўлган эҳтиёжи 2 МВт ни ташкил этгани ҳолда шундан, 1,4 МВт (1 ойда 1 миллион кВт/соат) ёки 70 фоиз эҳтиёжини ўзи ишлаб чиқариб, 1 миллиард сўм маблағ тежалиши ёки 5 мингта аҳоли хонадонини электр энергияси билан барқарор таъминлаш имконини бермоқда.

 Айни кунларда корхонада 2-босқичда 15 МВт қувватли буғ газ турбинаси ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу лойиҳа доирасида корхонанинг ўз эҳтиёжи 3 МВтни ташкил этиб, қолган 12 МВтни тармоққа сотиш режалаштирилган. Натижада атмосферага йилига ўртача 1100 тонна ис газини чиқаришнинг олди олиниб, 50 та янги иш ўринлари яратилади. 

Албатта, атроф-муҳитга узоқ йиллар мобайнида етказилган зарарни қоплаш ва тоза иқлимга эришиш учун “яшил” иқтисодиётни жорий этишнинг ўзи кифоя эмас. Шу боис мамлакатимиз раҳбари томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш ташаббуси илгари сурилиб, дарахт экиш ва уни кўкартириш, боғ-роғлар, “яшил” белбоғлар барпо этиш, чўлланишнинг олдини олиш тадбирлари амалга оширилмоқда. 

Хусусан, сўнгги уч йилда биргина Навоий вилоятида қарийб 40 миллион дона ҳар хил турдаги дарахт ва бута кўчатлари экилиб, 70 гектар ер майдонида “яшил боғ”, “яшил белбоғ”, “яшил жамоат парки” ташкил этилди ҳамда жорий йилдан “менинг боғим” лойиҳасига старт берилди. Шу лойиҳалар доирасида 2024 йил баҳор мавсумининг ўзида вилоят ҳудудида режалаштирилган 8 миллион 842 минг дона кўчат ўрнига қарийб 9,5 миллион дона кўчат экилиб, улар тўғрисидаги маълумотлар махсус платформага киритилди. 

Шунингдек, 2024 йил куз мавсуми доирасида режалаштирилган 5 миллион 621 минг туп дарахт ва буталар экилиши уюшқоқлик билан амалга оширилиб, уларни парваришлаш, суғориш тизимини йўлга қўйиш ҳамда ўз вақтида зарарли ҳашоратлардан ҳимоялаш учун дорилаш бўйича масъуллар бириктирилди. 

Куз мавсумида экилаётган кўчат турлари вилоятнинг иқлим шароити ва Фанлар Академиясининг ишлаб чиқилган тавсияларидан келиб чиқиб, сувсизликка ва касалликларга чидамли мос турлари (гужум, қайрағоч, каталпа, акация, заранг, шумтол, тут, жийда, ёнғоқ, терак) танлаб олинди. 

Алоҳида тадқиқотлар ўрта ёш ва катталикдаги битта дарахт уч киши эҳтиёжига етарли миқдорда кислород ишлаб чиқаришини тасдиқлайди. Шу жиҳатдан мулоҳаза қилсак, биргина Навоий вилоятида экилган дов-дарахтлар бир неча авлодга етарли кислород захираси яратишга имкон беради, деган фикр туғилиши мумкин. Бироқ ўша тадқиқот манбалари 2010 йилдан буён ер юзида углерод ва ис газлари ташланмаси миқдори ҳар йили 0,5-0,7 фоизга ортиб бораётганлигини маълум қилади. 

Табиийки, бунда саноат корхоналари, автотранспорт ва бошқа субъектларнинг улуши катта. Шуларни инобатга олган ҳолда дунё олимлари ер юзидаги ҳар бир инсон ўзининг кислород эҳтиёжларини қаноатлантириш учун етти дона дарахтга эга бўлишини таъкидлайди. 

Албатта, бунда ҳар бир минтақанинг иқлим шароити ва океанлар, шунингдек, сув ҳавзаларининг ҳиссаси ўртача инобатга олинган. Мазкур омилларга таянган ҳолда хулоса қилсак, юртимизда ўртача ҳар бир кишига 7-10 тагача дарахт тўғри келиши аҳволни мўътадиллаштириши мумкинлиги аён бўлади. Шу боис мамлакатимизда давлатимиз раҳбари томонидан ҳар бир қарич ер ва ҳар томчи сувнинг қадрига етиб, “яшил макон” барпо этиш, келажак авлодларга экологик мувозанат таъминланган ватан қолдиришдек эзгу мақсад илгари сурилмоқда. 

Президентимизнинг 2021 йил 30 декабрдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга ошириляпти. Мазкур йўналишда университетимиз томонидан ҳам қатор тадбирлар амалга оширилиб, биргина жорий йилда Кармана туманида жойлашган Сардоба маҳалласига қарашли кенг майдонга 5000 тадан ошиқ ҳар хил турдаги дарахт экилди ҳамда махсус платформага киритилди. Шунингдек,университетнинг бош биносида лойиҳа доирасида “Ёшлар боғи”, ҳудудидаги яна бир майдонда “Олимлар боғи” ташкил этилди. Умид массивидаги биносининг 9,5 гектар боғида 20 минг туп дарахт кўчати экилиб, уларни суғориш ва парваришлаш бўйича масъуллар бириктирилди. Муҳими мазкур масалада фаол ёшларимиз ташаббускорлик кўрсатмоқда. Албатта, бу каби тадбирлар талаба ёшларимиз қалбида она табиатга муҳаббат, атроф-муҳит софлигига дахлдорлик ҳиссини улғайтиради. 

Муҳиддин Калонов, Навоий давлат университети ректори, профессор

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.