Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 12-13 декабр кунлари Хоразм вилоятига қилган ташрифи чоғида Амударё устида Хоразм вилоятини Қорақалпоғистон Республикаси билан боғлайдиган 413 метрлик кўприк, Қораўзак туманидан Шовот туманигача 79 километрлик темир йўл қурилиши бўйича топшириқ берган эди.
Янги йил арафасила икки ҳудудни бирлаштирадиган қўшма кўприкка тамал тоши қўйилди. Янги кўприк қурилишнинг бошланганлиги муносабати билан тантанали тадбир ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов, Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Мурат Камалов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қаҳрамон Сариев ва бошқалар сўзга чиқиб мазкур кўприк нафақат икки ҳудуд, балки, мамлакатимизнинг ижтимоий – иқтисодий ривожида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Амударё тумани Республикамизнинг бошқа ҳудудларидан узилиб қолган, шунингдек, темир йўл тармоқларига ҳам тўғридан-тўғри боғланиш имкони мавжуд эмас. Автомобиль транспорти қатнови ҳам чекланган, чунки Амударёдан ўтиш учун фақат понтон кўприкдан фойдаланилади.
Понтон кўприги 1938 йилда қурилган бўлиб, айни пайтда у эскирган ва фойдаланишга яроқсиз ҳолга келиб қолган. Қорақалпоғистон Республикаси ва Амударё тумани Республикамизнинг бошқа ҳудудларидан транспорт ҳаракати жиҳатидан ажралгани минтақанинг ижтимоий-иқтисодий ривожига салбий таъсир кўрсатибгина қолмай, минтақанинг эҳтиёжлари учун керакли бўлган халқ хўжалиги юкларини ташиш харажатлари эвазига нархларнинг ошишига ва ушбу ҳудудлардан маҳсулот экспорт қилиниши учун 160 километр масофага транспортда қўшимча юришга тўғри келади.
Янги кўприкнинг қурилиши Россия ва Қозоғистондан юкларни ташиш масофасини 240 километрга, юкларни ташиш вақтини эса 6 соатга қисқартиради. Шундай қилиб, юк ташиш ҳажми икки баравар кўпаяди ва йилига 25 миллион тоннани ташкил этади. Республикамизнинг юқоридаги минтақалари ривожланиб бориши билан иқтисодий самарадорлик йилига 100 миллиард сўмга ошади. Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикасидан Хоразм вилоятига инерт материалларни етказиб бериш харажатлари камаяди, бу эса ижтимоий объектлар ва инфратузилмаларни қуриш харажатларини камайтиради.
Таклиф этилаётган янги кўприкнинг стратегик аҳамиятини алоҳида таъкидлаш жоиз. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан кўприк қуриладиган жойда дарё кенглигининг минимал ўлчамлари, сунъий иншоотлар сони, бузилаётган объектлар сони ва уларнинг тури, шунингдек, коммуникациялар ўтказилишини ҳисобга олган ҳолда амалга ошириладиган лойиҳанинг 4 та варианти ишлаб чиқилди ва улардан энг мақбули танланди.
Хоразм вилоятини Қорақалпоғистон Республикаси билан боғловчи темир йўл ва автомобиль йўли қўшма кўпригини қуриш ишлари 2022 йил сентябр ойига якунланиши режалаштирилган.
Аҳмаджон ШОКИРОВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат), ЎзА