Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси раҳбарияти ва масъул ходимлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда “Ўзбекистон Республикаси Қизил китобини тайёрлаш, нашр этиш ва юритишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори ижроси муҳокама қилинди.
Маълум қилинишича, 1984 йилда чоп этилган Ўзбекистон Республикаси Қизил китобининг биринчи нашрида 163 тур рўйхатга олинган бўлса, 1998 йилда (иккинчи нашр) 301 тур киритилган. 2006 йилги нашрида муҳофазага олинган ўсимлик турлари сони 305 тани ташкил этган.
“2009 йилдаги охирги нашрида муҳофазага муҳтож камёб 324 тур мавжуд, — деди ЎзРФА Ботаника институти директори Комилжон Тожибоев. — Ушбу рақамлар ҳимояга муҳтож ўсимлик турларининг сони йилдан йилга ўсиб бораётганлигини кўрсатади. Айниқса флорамиздаги кўплаб эндем турларнинг йўқолиб кетиш хавфи ҳақида олимларнинг хулосалари ташвишлидир”.
Қизил китобнинг амалдаги нашри 2009 йилда нашр этилгани сабабли, ундаги мавжуд маълумотлар “маънан эскирган”лиги сабабли сўнгги 10 йил мобайнидаги тадқиқот натижалари умумлаштирилиб, ўсимлик турларининг бугунги кундаги замонавий ҳолати бўйича маълумотларни кенг оммага тақдим этиш учун Қизил китобнинг янги нашрини чоп этиш зарурияти туғилгани таъкидланди.
Қайд этилишича, 2019 йилнинг охиригача чоп этилиши режалаштирилаётган янги таҳрирдаги Қизил китобга амалдаги Қизил китоб рўйхатидан (2009) 8 та тур чиқарилган ҳолда, 15 та тур киритилмоқда. Ушбу янги нашр умумий муҳофазага муҳтож бўлган, йўқолиб кетиш арафасида турган камёб 314 ўсимлик турларини ўз ичига олади.
“Олиб борилаётган илмий-ташкилий ишлар самараси ўлароқ муайян натижаларга эришилди, — деди ЎзРФА Зоология институти илмий ходими, академик Жалолиддин Азимов. — Лекин бу натижалар нафақат илмий ходимлар ва табиатни муҳофаза қилишга масъул вакилларни, балки бутун республикамизни қониқтирмайди. Кундан кунга, йилдан йилга ҳайвонот оламининг яшаш муҳитлари қисқариб бораяпти, ҳайвонот олами турларининг популяция жараёнлари ёмонлашмоқда. Иқлим ўзгариши, чўллашиш, урбанизация ҳайвонот дунёсининг яшаш шароитларига салбий таъсир кўрсатмоқда”.
Зоология институти олимлари томонидан олиб борилган тадқиқотлар натижасида Қизил китобнинг навбатдаги сонига киритиладиган ва ундан чиқариладиган турлар тўғрисида илмий маълумотларни йиғилиб, таҳлил қилингани айтилди. Шу давр ичида Ўзбекистон Республикаси Қизил китобининг ҳайвонот дунёсига оид иккинчи қисми нашрга тайёр ҳолатга келтирилган.
Фанлар академияси вице-президенти Бахтиёр Иброҳимов янги таҳрирдаги Қизил китобнинг ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган турлари рўйхатига 21 турдаги ҳайвонлар — умуртқасиз ҳайвонларнинг 5 тури, судралиб юрувчиларнинг 5 тури, қушларнинг 4 тури ва сутэмизувчиларнинг 7 тури киритилишини билдирди.