Ёш математикларга эътибор

0
288
марта кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёев олимлар, ёш тадқиқотчилар, илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари ва ишлаб чиқариш сектори вакиллари билан учрашувда ёш математиклар масаласига алоҳида эътибор берди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 июлдаги математика таълими ва фанларини янада ривожлантиришга оид қарорининг ижроси доирасида пойтахтимиздаги Талабалар шаҳарчасида Фанлар академиясининг Математика институти учун замонавий талаблар асосида янги бино барпо этилмоқда.

Шавкат Мирзиёев 31 январдаги учрашувида математикада илмий тадқиқотларни амалиёт билан боғлаш, рақамли иқтисодиёт учун мустаҳкам пойдевор яратиш борасидаги долзарб вазифаларга тўхталиб ўтди.

Ёшларда математика фанига қизиқишни кучайтириш, иқтидорли болаларни селекция қилиб, ихтисослаштирилган мактаблар ва кейинчалик олий таълим муассасаларига қамраб олиш ишларини тўғри ташкил қилиш кераклиги таъкидлади. Болалар учун мазкур фандан оддий ва тушунарли тилда ёзилган оммабоп дарслик ва ўқув қўлланмалари яратиш, математик онгни, керак бўлса, боғчадан бошлаб шакллантириш вазифаси қўйилди.

— Математика ҳамма аниқ фанларга асос. Бу фанни яхши билган бола ақлли, кенг тафаккурли бўлиб ўсади, исталган соҳада муваффақиятли ишлаб кетади, — деди Президент.

Ҳар бир туман марказида биттадан математика фанига ихтисослашган мактаб ташкил қилиб, уларда ишлайдиган ўқитувчиларга қўшимча устама ҳақлар тўлаш бўйича кўрсатма берилди. Ушбу муассасаларда ўқув жараённи илмий-методик таъминлаш учун Фанлар академиясининг Математика институти ҳамда Халқ таълими вазирлиги масъул этиб белгиланди.

Математика фани бўйича ўқувчи, талаба ва ўқитувчилар ўртасида турли танловлар ўтказиб, ғолибларни муносиб рағбатлантириш, олимпиада тизимини такомиллаштирган ҳолда совриндорларга бериладиган мукофотларни кўпайтириш муҳимлиги қайд этилди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.