Юксак эътиборнинг эътирофи

0
245
марта кўрилган.

 Ижтимоий ҳимояга муҳтож ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларига манзилли ёрдам кўрсатиш масаласига доир  ишлар самарадорлигини таъминланишида  Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги зиммасига энг долзарб ҳамда муҳим вазифалар юклатилган.  

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 26 март кунидаги қарори асосида ташкил этилган Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги ва унинг ҳудудий тиббий-ижтимоий хизматлар бўлинмалари, туман (шаҳар) шўъбалари томонидан ижтимоий ҳимояталаб ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий иқтисодий-манфаатларини ҳимоялаш, уларнинг жамият ҳаётига интеграциялашувига кўмаклашиш, жисмоний имконияти чекланган инсонларга ижтимоий кўмак тадбирлари амалга оширилмоқда.  

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги “Кексалар ва ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори, 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда 2018 йил 20 июнда “Протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситалари ишлаб чиқарилишини ривожлантириш ҳамда тиббий-ижтимоий муассасаларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси асосида “Саховат” ва “Мурувват” интернат-уйлари, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва  меҳнат фахрийлари учун санаторийларида кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматларни такомиллаштириш, кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларига кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматлар, ногиронлик белгилаш ва  ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказларида олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларнинг манзиллилиги таъминланмоқда.

Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Халқаро ногиронлар кунини муносиб ўтказиш тўғрисида”ги 1-сон баёни ижросини таъминлаш доирасида бажарилган вазифалар,  фуқароларни ижтимоий муҳофаза қилиш, ёши улуғ ва ёрдамга муҳтож кишиларга инсонпарварлик юзасидан берилган моддий ва маънавий кўмаклар инсон ва унинг манфаати юксак қадр топганининг ёрқин ифодаси бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Мазкур баёнга мувофиқ ўтказилган “Меҳр-мурувват” ойлигида маҳаллий ҳокимликлар, давлат ва нодавлат ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда, карантин қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга йуналтирилган чора-тадбирлар амалга оширилди.

Хусусан, меҳр-мурувват ойлигида 33 та “Мурувват” ва “Саховат” интернат уйларида 8,3 минг нафар васийликка олинган шахслар, 27,5 минг нафар ихтисослашган мактаб-интернатлар тарбияланувчилар, 13,9 минг нафар уйида таълим олаётган ногиронлиги бўлган болалар, ҳамда ҳудудларда кўмакка муҳтож бўлган 66724 нафар шахслар қамраб олинди. Республика бўйича муҳтож фуқароларга жами 1580  дона ногиронлик аравачаси, 829 дона эшитиш мосламаси, 1014 дона ҳасса, 468 жуфт қўлтиқ таёқ, 130 дона кўзи ожизлар ҳассаси, 106 дона ходунок, 3704 дона протез-ортопедия буюмлари етказиб берилди.

Маҳаллий ҳокимликлар ва ҳомийлар томонидан кир ювиш машиналари, кир қуритиш торлари, дазмоллар, дазмол столлари, музлатгичлар, телевизорлар, кир ёйиш мосламалари каби маиший техникалар ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Ҳудудларда жами 10,2 млрд. сўмлик ҳомийлик ёрдамлари кўрсатилди. 600 нафардан ортиқ ёлғизлар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг таъмирталаб уй-жойларини таъмирланди, бепул тиббий кўриклардан ўтказилди, соғломлаштириш тадбирлари бажарилди.

Қарийб 3,1 минг нафар кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга бепул санатор йўлланмалари ажратилди, 1,8 минг нафар зиёд ногиронлиги бўлган шахсларга реабилитация марказларида тиббий-ижтимоий реабилитация тадбирлари ўтказилди. 17,0 минг нафар оғир шароитдаги, ўзгалар парваришига муҳтож якка ёлғиз ва ёлғиз истиқомат қилувчи кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳолидан хабар олинди ва турли кўринишдаги кўмак кўрсатилди.  

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқориғи Кенгеси, вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари билан учрашув ва давра суҳбатлари, давлат ва нодавлат жамоат ташкилотлари томонидан ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий инфратузилма объектларига тўсқинликсиз кириши ва фойдаланиши учун шарт-шароит яратиш мақсадида махсус акциялар, ногиронлиги бўлган шахсларга уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича бепул юридик маслаҳат хизматлари ташкил этилди.

2020 йилнинг 4 декабрь куни Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси ва БМТнинг Европа Иттифоқининг ОБСЕ ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилган “Халқаро ногиронлар куни”га бағишланган конференцияда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги, Ўзбекистон Ногиронлар жамияти, Кўзи ожизлар жамияти, Карлар жамияти, Ногиронлар ассоциацияси ва бошқа тегишли ташкилотлар иштирок этиб, “Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинганидан сўнг, бажарилиши зарур бўлган чора-тадбирлар ҳамда муаммоларнинг ечими юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди.

Онлайн видео-конференция кўринишида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП Фракцияси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Ногиронлар жамияти, Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти, Ўзбекистон Карлар жамият ва Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси иштирокида “Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш-ижтимоий ҳимоянинг мустаҳкам пойдеворидир”мазусидаги давра суҳбати ўтказилди.

Таъкидлаш лозимки, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини аниқ йўналтирилган асосда қўллаб-қувватланиши, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, миллий ва маънавий қадриятларимиз, анъана ва урф-одатларимизни асраб-авайлаш, ёшларни баркамол этиб тарбиялашнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилади. Шу боис, ойлик давомида 8337 нафар “Мурувват” ва “Саховат” интернат уйларида васийликка олинганлар учун байрам дастурхонлари ёзилди, жами 325 дона турли маиший техника ускуналари етказиб берилди, 52 дона реабилитация техника воситалари билан таъминланди. Ойлик давомида интернат уйларига жами 1,9 млрд. сўм ҳомийлик ва кўмак кўрсатилди.

Мана шундай эзгу ишларда давлат ва нодавлат ташкилотларнинг иштирокини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Айниқса, “Мурувват” ва “Саховат” уйларини қўллаб-қувватлаш Республика Васийлик  кенгаши, маҳаллий ҳокимликлар, “Вақф” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон мусулмонлар идораси ва унинг ҳудудий вакилликлари, мамлакатимиздаги бир қатор тижорат банклари ҳамда уларнинг ҳудудий бошқарма ва бўлимлари, касаба уюшма ташкилотлари, Қизил ярим ой жамияти, “Соғлом авлод учун” жамғармаси, Мудофаа вазирлиги, Адлия вазирлиги, Фавқулотда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси,  Миллий гвардия ходимлари фаол иштирок этишди. Олмалиқ тоғ-кон металургияси комбинати ишчи-ходимлари, мамлакатдаги хусусий шифохоналар, тадбиркорлар ҳам фаол иштирок этишди.

Туман (шаҳар) тиббий-ижтимоий хизматлар шўъбалари томонидан рўйхатига олинган 1145 нафар ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз ҳамда ёлғиз яшовчи кекса ва ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий хизматлар шўъбаларининг уйда хизмат кўрсатувчи ижтимоий ходимлари билан Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамиятининг патронаж ҳамширалари  биргаликда уйида патронаж хизматлари кўрсатилди. Шунингдек, «Соғлом авлод учун» жамғармасининг кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам ҳудудий бригадалари томонидан ҳам 2859 нафар ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронлиги бўлган шахсларга патронаж хизмати кўрсатилди. 2020 йилда ҳокимият органлари томонидан 1,3 минг нафар ногиронлиги бўлган шахслар иш билан таъминланди. Келгуси 2021 йилда бу борадаги ишларнинг кўламини 7 мартага ошириш режалаштирилган.

Қолаверса, жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бўлган болалар ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларда 21,3 минг нафар, санаторий туридаги мактаб-интернатларда 6,1 минг нафар ўқувчилар таълим-тарбия олаётган ногиронлги бўлган болаларнинг ҳолидан хабар олинди. 

Дарвоқе, имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган касб-ҳунар мактабларида 2020/2021 ўқув йилида 19 та касб бўйича 687 нафар ўқувчи қабул қилинган бўлиб уларга 97 нафар педагоглар томонидан дарс бериб келмоқда. Шуни ҳам қайд этиш жоизки, ҳозирги кунда кўзи ожизлар учун Республика Марказий кутубхонаси, 13 та вилоят кутубхоналари ҳамда туман (шаҳар)ларда уларнинг 119 та филиаллари фаолият юритмоқда. Ушбу кутубхоналарда 540 мингдан ортиқ китоблар мавжуд. Уларнинг 266 мингдан ортиғи босма китоблар, 126 мингдан ортиғи Брайль ёзувидаги китоблар, 22 мингдан ортиғи электрон китоблардир. 

Кўзи ожизлар кутубхоналари 2019 йилда 100 дан ортиқ кўчма кутубхоналар ташкил этилган.  Кейинги йилларда Республика Марказий кутубхонасида ташкил этилган мини типографияда 18 номдаги 1299 та Брайль ёзувидаги китоблар чоп этилган. Овоз ёзиш студиясида 17 номда 221 та нусхада аудио китоб яратилган. 

 Бундан ташқари, имконияти чекланган фуқароларни ўксик кўнглини кўтаришга қаратилган энг долзарб масалаларга жиддий эътибор қаратилмоқда. Хусусан, мавжуд 33 та темир йўл вокзалларида ногиронлиги бўлган шахсларнинг тўсиқсиз ҳаракатланиши учун зарур бўлган шарт-шароитлар яратилган.

Тошкент-Жанубий вокзали, Тошкент-Шимолий вокзали ҳамда Самарқанд темир йўл вокзалларида мослашлаштирилган ер ости ўтиш йўлаклари ташкил қилинган. Барча темир йўл вокзаллари махсус аравачалар билан таъминланган ва ушбу аравачалар ҳаракатланиши учун алоҳида йўлаклар ташкил этилган.

“Тошкент-Жанубий” ҳамда Наманган темир йўл вокзалларида йўловчиларнинг эркин ҳаракатланишлари учун юқорига ҳамда пастга ҳаракатланувчи қурилма (лифт) ишга тушган. 4 та “Афросиёб” электропоездининг ҳар бирида иккитадан мослаштирилган жойлар ажратилган. Халқаро ҳамда маҳаллий йўналишларда ҳаракатланувчи йўловчи поездларни мослаштириш мақсадида 2 дона “ногиронлиги бўлган йўловчилар вагони” харид қилинди. Уларнинг ҳар бирида ногиронлиги бўлган йўловчилар учун 2 тадан жой мавжуд. “Тошкент-Жанубий” ҳамда “Тошкент-Шимолий” темир йўл вокзалларида 4 та “Сурдо-онлайн” таржимонли планшетлар ўрнатилган. Республикамизнинг барча аэропортларида Халқаро авиатранспорт ассоциациясининг талабларига ва ички норматив ҳужжатларга мувофиқ, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаракатланиши учун зарур шароитлар яратилган. 

Ҳар бир аэропорт ва аэровокзалларга кириш ва чиқиш ҳудудида пандуслар ўрнатилган, алоҳида мослаштирилган хожатхона ва мосламалар мавжуд. Барча аэропортларда ногиронлиги бўлган шахсларга навбатсиз хизмат кўрсатиш, узлуксиз тиббий хизмат тизими йўлга қўйилган, мослаштирилган аравачалар билан таъминланган. Тошкент ва Навоий аэропортларида жисмоний имконияти чекланган шахсларни ҳаво кемасига ортиш ва тушириш учун амбулифт машиналари билан жиҳозланган.

Дарҳақиқат, Янгиер “Мурувват” интернат уйида васийликка олинган шахслар томонидан ишлаб чиқилган тикувчилик ва тўқувчилик маҳсулотлари, Сирдарё “Мурувват” интернат уйида васийликка олинганлар томонидан ишлаб чиқилган тўқувчилик маҳсулотлари кўргазмаси ўтказилди. Мазкур кўргазмада 10 турдан зиёд маҳсулотлар намойиш этилди. Шу билан бирга, Хива «Мурувват» ногиронлиги бўлган шахслар учун эркаклар интернат уйида эса ҳайкалтарошлик, рассомчилик ва дурадгорлик устахоналари ишга туширилди. Ушбу йўналишлар бўйича васийликка олинувчилар орасидан лаёқатлилари танлаб олинди. Ҳозирги кунда устахоналар фаолияти  йўлга қўйилган ва уларнинг меҳнат махсуллари турли кўргазмаларда иштирок этиш учун танлаб олинди.

Хуллас, айтаверсак, юқоридаги каби жозибали мисоллар жуда кўп. Ислоҳотларнинг ҳаётбахш самаралари ҳар қадамда яққол сезилади. Чунки, амалга оширилаётган ҳар қандай ислоҳот марказида ҳамиша инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари туради.

Хулоса қилиб айтганда, ногиронлиги бўлган шахслари, ёлғиз кексалари қадрланган юртнинг ҳаёти нурафшон, файзли, қут-баракали ва албатта, эртанги куни янада порлоқ бўлади.

Анвар ҚОБИЛОВ, Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги Матбуот хизмати

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.