“Заковат” ўйинлари ёшлар ўртасида оммавий маърифий ҳаракатга айлантирилади

0
37
марта кўрилган.

Бухоро вилояти Ромитан туманидаги “Bukhara Desert Oasis” номли туризм масканида “Заковат” интеллектуал ўйинининг финал босқичи бўлиб ўтди.

Бу ерга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташриф буюриб, баҳсни кузатди.

Финалда Хоразм ва Навоий вилояти жамоалари ўйнади. Якунда хоразмликлар ғолиб бўлди.

Тадбир сўнгида Президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

– Сизларнинг мана шундай жўшқинлигингиз, билимга интилишингиз учун ташаккур айтаман, – деди давлат раҳбари. – Биз кейинги йилларда таълимга алоҳида эътибор қаратиб, қарорлар қабул қилганимиз, китоб ўқишни рағбатлантирганимиз натижасини бугунги ёшларда кўриб, қувонаман. Мен сизлар билан фахрланаман!

Президент ушбу мусобақа Бухорода ўтаётганига алоҳида урғу берди. Бу заминдан Имом Бухорий, Ибн Сино, Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Муҳаммад Наршахий, Абдурауф Фитрат каби кўплаб буюк алломалар етишиб чиққанини қайд этиб, бугунги ёшлар уларга муносиб ворис бўлишига ишонч билдирди.

– Биз халқимизни рози қилиш, инсон қадри баланд бўлган жамият қуриш йўлини танладик! Бунга эришишда бизга ким асосий таянч бўлади? Албатта, сиз каби билимли ва  ватанпарвар ёшлар, – деди Шавкат Мирзиёев.

Бу йил “Заковат” интеллектуал ўйини ташкил этилганига 20 йил тўлди. Президент билимдон ёшларга шароит яратиш учун кўплаб ташаббусларни билдирди. Аввало, мамлакатимиз ёшларидаги илмга интилиш ва интеллектуал салоҳиятни инобатга олиб, “Заковат” ўйинлари оммавий маърифий ҳаракатга айлантирилади. 

Ҳаракатни молиявий қўллаб-қувватлаш учун ҳар йили 50 миллиард сўм маблағ ажратилади. Ҳар бир мактаб, ҳар бир олийгоҳда “Заковат” клуби фаолияти  йўлга қўйилади. Ғолиблар учун “Заковат” стипендияси жорий қилинади. Тошкентда алоҳида бино ва Интеллектуал ўйинлар шаҳарчаси барпо этилади. Вилоятларда эса “Интеллектуал парклар”, Бўстонлиқ туманидаги Ёшлар оромгоҳида “Интеллектуал мактаб” ташкил қилинади.

Янги йилдан бошлаб талаба ёшлар ўртасида биринчи марта Президент соврини учун Интеллектуал олимпиада ўтказилади. Дунё тан олган олимлар, жумладан, Нобель мукофоти соҳиблари билан учрашувлар ўтказиб борилади.

Ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган компьютер ва мобиль ўйинларни яратган дастурчиларга махсус грант ва субсидиялар ажратилади.

– Заҳматли меҳнати орқали орзу-умидлари ушалган инсон – энг бахтли инсондир. Шунинг учун доимо баландларга интилинг, эзгу мақсадингиз учун курашинг. Доимо ўқинг-ўрганинг, ўзингизга ишонинг, кашфиётлар қилинг, янгиликлар яратинг, олдинга дадил қадам ташланг, – деди Шавкат Мирзиёев. 

Президентимиз фармонига мувофиқ, “Заковат” клубига асос солган Абдурасул Абдуллаев ҳамда финал босқичи ғолиблари давлат мукофотлари билан тақдирланди.

Давлатимиз раҳбари Бухорога ташрифини якунлаб, Навоий вилоятига жўнаб кетди.

 
Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.