Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Германия Федератив Республикаси Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер тор доирада ва кенгайтирилган таркибда музокара ўтказди.
Давлатимиз раҳбари учрашув аввалида Германия Президенти ва халқини ГФР ташкил топгани ҳамда Бош қомуси қабул қилинганининг 70 йиллиги муносабати билан табриклади.
Германия Федерал президенти давлатимиз раҳбарига мамлакатимизга ташриф билан келиш таклифи ва кўрсатилаётган самимий меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди.
Музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари батафсил муҳокама қилинди, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик муаммолар кўриб чиқилди.
Ўзбекистон билан Германия ўртасида изчил сиёсий мулоқот йўлга қўйилган. Франк-Вальтер Штайнмайер ГФР ташқи ишлар вазири сифатида 2006 ва 2016 йилларда ҳам юртимизга ташриф буюрган. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил январда Германияга расмий ташрифи давлатлараро муносабатларда янги саҳифа очди.
Кўксаройдаги учрашувда кўп қиррали ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш ва ўзаро тажриба алмашишда парламентлар муҳим ўрин тутаётгани таъкидланди. Бу борада 23 май куни Тошкентда ўтказилган конституцион тизим ва парламентаризм бўйича Ўзбекистон – Германия форуми ҳар жиҳатдан фойдали бўлгани қайд этилди.
Томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг бугунги ҳолатини баҳолаб, уни кенгайтиришнинг устувор йўналишларини белгилаб олдилар. 2018 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 25 фоизга ўсиб, 77О миллион доллардан ошгани, жорий йил январдаги келишувлардан сўнг Германия компанияларининг Ўзбекистон бозорига қизиқиши тобора ортиб бораётгани таъкидланди.
Мамлакатларимиз халқаро тузилмалар доирасида ҳам яхши ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ўзбекистон Германиянинг БМТ Хавфсизлик Кенгаши доимий аъзолигига интилишини қўллаб-қувватлайди.
Германия Ўзбекистоннинг минтақада барқарорликни мустаҳкамлаш, Афғонистонда тинчлик жараёнига кўмаклашиш, Орол денгизи қуриши оқибатларини бартараф этишга қаратилган саъй-ҳаракатларини юқори баҳолайди.
Мулоқотда томонлар халқаро ташкилотлар доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлашда давом этишини билдирди. Ўзбекистон – Европа Иттифоқи формати доирасидаги алоқаларни ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш, хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди. Президентлар Афғонистонда ижтимоий-иқтисодий, инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон-Германия маслаҳатлашувлари механизмининг йўлга қўйилишини маъқулладилар.
Музокараларда Ўзбекистон ва Германиянинг кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришга интилиши, барча масалалар бўйича қарашлари ўхшаш ва яқинлиги яна бир бор ўз тасдиғини топди