Беҳи – олтин кузнинг сархил меваси

0
344
марта кўрилган.

Беҳини халқимиз  қадим-қадимдан даво воситаси сифатида кенг қўллашган. Момоларимиз эса  уни ётоқхонасининг токчаларига териб қўйишган. Чунки, беҳи тушкунликка қарши ва табиий тинчлантирувчи восита ҳам  ҳисобланади. 

Янги узилган беҳини истеъмол қилиш бироз қийин. Сабаби унинг мазаси тахир ва ўзи қаттиқдир. Мевани анча вақтгача сақлаш мумкинлигини ҳисобга олсак уни эрта баҳорда ейиш анча фойдали. Биринчидан, мева анча юмшайди, иккинчидан эса унинг ҳиди янада хушбўйлашиб иштаҳани очади.

Шифобахш ушбу  мева парҳез тутувчи инсонлар учун жуда фойдали. Беҳи таркибида А, В1, В2, В6, С, Е, РР витаминлари ва бир қатор макро ва микроэлементлар мавжуд. Айниқса, калийга бой ҳамда олма ва лимон кислотаси ҳам мавжуд.
Беҳи таркибида кўплаб антиоксидант моддалар мавжуд, у саратоннинг олдини олади. Бу мева таркибидаги антиоксидантлар аскорбин кислотасидан устун туради. Ушбу мева вирусларга қарши восита бўлиб, грипп касаллигида самарали натижа беради.

Япон олимларининг таъкидлашича ушбу меванинг меъда яраси касаллигини даволашда ҳам қўллаш мумкин. Беҳини кўп истеъмол қилган инсонларда кўз ва жигар касалликларига чалиниш ҳолатлари кузатилмайди.

Ушбу мевани кўпчилик олма ва нокнинг яқин қариндоши деб ҳисоблайди. Лекин беҳи уларга нисбатан қаттиқ ва тахирлиги билан ажралиб туради, бунинг натижасида эса ҳазм қилишда муаммолар юзага келиши мумкин.
Беҳини қадим-қадимдан даво воситаси сифатида кенг қўллашган. Ичак фаолиятини яхшилаш ва даволаш мақсадида беҳи мураббоси ва дамламасидан фойдаланишган. Бу меванинг фойдали таркиби тахикардия (юракнинг тез уриши), ич кетиши ва гепатит (сариқ) касаллигида яхши самара беради. Беҳи мевасидан тайёрланган дамламани эса камқонликда истеъмол қилиш мумкин. Дамламани тайёрлаш учун 10 гр. қуритилган мевага 100 мл. қайноқ сув қуйилади ва дамланади. Овқатланишдан олдин 1 ош қошиқ миқдорида истеъмол қилинади.

Қадимда беҳи мевасини ич кетишга қарши восита сифатида қўллашган. Чунки, унинг таркибида кўп миқдорда пектин моддаси мавжуд бўлиб, у организмдаги салмоқли тузни ва радионуклид моддасини чиқаришни осонлаштиради. Таркибида пектин моддасининг кўплиги сабабли беҳидан мураббо ва мармелад тайёрлаш учун ажойиб хомашё олинади.

Меванинг уруғи ҳам жуда фойдали. Беҳи уруғи сув билан аралаштирилганда шиллиқ модда ҳосил бўлади, бу моддадан балғам кўчиришда, йўталга қарши восита сифатида, бронхит, грипп, ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекциялар)да қўлланилади. Бу турдаги шиллиқ моддадан стоматологияда гингвит, глоссит ва пародонтозда фойдаланилади.

Беҳи баргидан қилинган тиндирма (настойка) бронхиал астма хуружи вақтида  ёрдам беради. Бу тиндирма учун 5 дона беҳи баргини 200 мл. қайнаган сувга солинади. Бу мева баргидан қилинган чой пешоб ҳайдовчи восита ҳамда сийдик пуфаги касалликларида самарали натижа беради.

Чой тайёрлаш учун 1 ош қошиқ миқдорда қуруқ беҳи баргини ва шунча миқдорда уруғини 200 мл қайнаган сувга солинади ва паст оловда 5-6 дақиқа қайнатилади. Совутилган чой сузгичдан ўтказилади. Мазали бўлиши учун оз миқдорда асал қўшса ҳам бўлади. Кун давомида 1 ош қошиқдан 3-4 марта истеъмол қилинади. Шунингдек, беҳидан тайёрланган тиндирма инсон организмида кислотанинг ошиб кетишига йўл қўймайди.

Тибет тиббиётида ушбу мевадан организмда қон айланиши ва моддалар алмашинувини яхшилаш ҳамда ортиқча ёғ моддаларини парчалаш мақсадида фойдаланишган. Бу мева таркибида 10 фоиздан кўп аскорбин кислотаси, 5 фоиз лимон кислотаси, олма ва бошқа кислоталар мавжуд.

Пишиб етилган беҳи таркибида С витамини ва жуда кўп миқдорда калий, пектин, кальций, фосфор, натрий моддалари мавжуд. Халқ табобатида беҳидан ўпка касаллигида ҳам фойдаланишган.

Фазилат САЪДУЛЛАЕВА, фармацевт

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.