Болалар саломатлигида иммунитетнинг аҳамияти

0
52
марта кўрилган.

Бола касалликка чалинмаслиги ёки уни енгил ўтказишида иммунитетни кучайтириш катта аҳамиятга эга.

Тўғри ҳамда сифатли овқатланиш, ўз вақтида уйқу ва осойишта ҳаёт бола иммунитетини кучайтиради. Мактаб ўқувчиларидаги иммунитет заифлигига кўпинча витаминлар танқислиги, ёмон уйқу ва доимий психологик стресс сабаб бўлади.

 Психологик ҳолат ва болалар иммунитети ўзаро боғлиқ. Уйдаги ижобий психологик ҳолат болалар саломатлигининг муҳим шартидир. Сиз болага баланд овозда гапирмаслигингиз, тез-тез танбеҳ бермаслигингиз керак. Мактаб ўқувчисининг психологик ҳолатини барқарорлаштиришнинг энг яхши усуллари бу дўстлар билан учрашиш, севимли машғулотлари билан шуғулланиш, ота-оналар билан фильм томоша қилиш, ўйин ўйнаш ва саёҳат қилиш кабилардир.

Соғлом уйқу ва кун тартиби ҳам катта аҳамиятга эгаМактаб ёшидаги болаларининг организми маълум кўникмаларга мослашади. Шунинг учун ўз вақтида ухлаш, овқатланиш, ўйнаш, юриш ва машқ қилиш учун вақт топиш жуда муҳимдир. Иммунитетни яхшилаш учун болани ёшлигиданоқ режимга кўниктириш фойдалидир. Турли ёшларда эрталаб туриш, тушлик қилиш, уй вазифасини бажариш ва ётишга тавсия этилган вақт мавжуд.

Кичик мактаб ёшидаги бола кечқурун соат 21:00да ётиши ва эрталаб соат 7:00да туриши керак, каттароқ ўқувчилар кейинроқ, соат 22:00да ётишлари мумкин. Тўлиқ кунлик дам олиш иммунитетга ижобий таъсир кўрсатади. Уйқу пайтида бола организмидаги метаболизм фаоллашади, шунинг учун болалар бу соатларда яхши ўсади.

Ўз вақтида овқатланиш ҳам катта аҳамиятга эга. Мактаб ўқувчилари орасида пала-партиш овқатланувчи болаларнинг сони йилдан йилга ортиб боряпти. Ярим тайёр фасфуд таомлар ва ўқув жараёни билан боғлиқ бўлган оғир юклама кўпинча болаларга зарур бўлган витамин ва минералларни овқатдан олишига тўсқинлик қилади. 7 ёшдан 12 ёшгача бўлган даврда боланинг танасида бир вақтнинг ўзида ўсиш ва ўрганиш вазифаларини турганини унутмаслик керак. Бу эса ота-онадан алоҳида эътибор талаб этади.

Бола кунига камида 4 марта овқатланиш керак. Соат 7:30-8:00да нонушта (уйда, мактабга кетишдан олдин), 10:30-11:30да мактабда иссиқ нонушта, 14:00-15:00да мактабда тушлик ёки уйда 19:00-19:30да кечки овқат.

Агар болада озғинлик ёки ортиқча вазн бўлса, овқатланишни созлаш учун шифокор маслаҳати зарур. Спорт билан шуғулланадиган ўқувчининг овқатланиши жисмоний машқлар ҳажмини ҳисобга олган ҳолда тузатилиши талаб этилади.

Йодланган тузни доимий истемол қилиш, сув ичиш режимига амал қилиш ва овқатланиш рационида витанимларга бой бўлиши керак.

Иммунитетни оширишга табиий антиоксидант бўлган асал ва вирусларга қарши самарали курашадиган саримсоқ ёрдам беради.  А витамини билан бойитилган сабзи ва ширин картошкани, цитрус мевалари ва брокколи С витамини ҳамда грипп ва нафас йўлларининг юқумли касалликларига қарши курашишда ёрдам берадиган Е витаминига бой ёнғоқлар, албатта, болалар рационида бўлиши мақсадга мувофиқ.

Тўғри овқатланишни ташкил қилишдаги биринчи қадам овқатланиш маданиятига риоя қилишдир. Нонушта, тушлик, кечки овқат мунтазам  ва жадвалга мувофиқ бўлиши керак.

Юлдуз МЎМИНОВА, олий тоифали врач

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.