Кальций — ҳаётбахш дармондори

0
31
марта кўрилган.

Одамнинг ёши ўтиб боргани сари организмда кальций миқдори камайиб боради. Айниқса, қирқдан ошгандан сўнг қон томир деворларида ва тоғайларда туз тўпланиши кучаяди. Бундай ҳолатда тоғайлар ўз эгилувчанлигини йўқотади.

Бўғимларда оғриқлар одамни безовта қила бошлайди. Кальций суякнинг тузилишида асосий унсур ҳисобланади. Бу модда суякда кўпроқ тўпланади. Унинг қолган қисми эса қон ва тўқималар таркибида ҳамда ионлар ҳолида оқсилларга бириккан бўлади. Туз тананинг бошқа аъзоларида ҳам тўпланиши мумкин. Лекин унинг марказий қон томирлар, юрак, мия, аорта, буйракда тўпланиши ҳаёт учун жуда хавфлидир.

Бундай пайтда гўштни камроқ, сут, тухум, турли ёрма донли, айниқса, Са витаминига бой неъматларни кўпроқ истеъмол қилиш керак. Са витамини артерия деворларини юмшатади. У айниқса, карам, картошка, кўк пиёз, помидор, қизил қалампир, қора смородина (қорағат), қулупнай, шовул, апельсин, лимонда кўп бўлади. Хом картошка шарбатини ичиш склероз касалига дучор бўлишнинг олдини олади. Шунингдек, кўпроқ карам, таркибида йод бўлган озуқалар, В витаминига бой бўлган нўхат ва дон маҳсулотлари, шунингдек гўшт маҳсулотлари яъни молнинг жигар, буйрак ва юрагини тановул қилиш фойдалидир.

Кальций юрак, буйрак ишини яхшилаш билан бирга қон тўқималари, ҳужайралар ҳамда гормонларни ажратувчи эндокрин безлар учун ҳам жуда зарур.

Тиббий кўрикдан ўтиб, қондаги кальций миқдорини аниқлаш зарур. Шифокор тавсиясига асосан кальций дармондорисидан ичиб туриш керак.

Агар кальций етишмаса, ички секреция безлари тўғри ишламайди ва организмда вақтидан олдин қариш бошланади. Шуни эсдан чиқармаслик керакки, касаллик пайтида кальций жуда кўп сарф бўлади. Йўқотилган кальцийнинг ўрнини сунъий равишда тўлдириш лозим. Кальций моддаси сут ва сут маҳсулотлари, тухум сариғи, шолғом, рангли карам, бодом, хом сабзавот ва меваларда, шунингдек, зайтунда кўп бўлади.

Шоира Бекчанова, тиббиёт фанлари номзоди

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.