Америкалик диетологлар 27 йил давомида 13 минг киши устида кузатув олиб боришди. Тадқиқотдан мақсад парҳез ва ақлий фаолиятнинг бир-бирига боғлиқлигини ўрганиш эди.
Кишилардаги диққат-эътибор, фаҳм-фаросат тезкорлиги ва эслаб қолиш салоҳиятлари кўзда тутилган ҳолда тест ўтказилган эди. Аниқланишича, мия учун энг яхши “озуқа” бу – кўкатлар ва карам экан. Айнан ушбу неъматлар таркибида витаминлар, антиоксидантлар ва фолий кислота кўп бўлиб, бу хотиранинг пасайиши ва Альцгеймер (паришонхотирлик) хасталиги ривожланишининг олдини олишда беназир воситалардан ҳисобланади. Зеро, аллома Абу Али ибн Сино дастурхонда кўкатлар бўлишининг серҳикмат эканлигини мозийдаёқ уқтирганлиги бежиз эмас.