Офтобдан сақланинг

0
267
марта кўрилган.

Ёз кунлари яқинлашаяпти. Унинг ўзига яраша ташвишлари ҳам мавжуд. Ҳаддан зиёд офтоб остида юриш тери саратонига учраш эҳтимолини оширади. Бундай пайтда ультрабинафша нурлардан ҳимояланиш, доимо соябон билан юриш керак бўлади. Бироқ, бу нурларнинг зарари терига нисбатан кўз қорачиқларига тезроқ таъсир ўтказиши мумкин.

Ультрабинафша нурларнинг давомий таъсири катарактанинг келиб чиқишига, у эса ўз навбатида кўз нурларини бутунлай йўқолишига сабаб бўлади. Тери саратони юзага келиши учун анча вақт талаб этилса, кўзларга зарар етказишда ультрабинафша нурларининг оз миқдори ҳам етарли ҳисобланади. Шунинг учун кўзларимизни қуёшдан ҳимояловчи кўзойнак билан асраб-авайлаш лозим. Қуёшдан ҳимояловчи кўзойнак харид қилишдан аввал, врач билан маслаҳатлашиш лозим. Ультрабинафша нурларга қарши бўлмаган кўзойнак ёҳуд линзалар кўзларга зарар етказиши мумкин. Бу айниқса, тўқ рангдаги линзаларга тегишли. Чунки, улар ёруғлик нурини тўхтатади, қорачиқни кенгайтиради натижада нурининг зарарли таъсирига кенг имконият яратади.

Офтоб урган кишини соя-салқин, баҳаво, одамлар кўп тўпланмаган, намлик даражаси юқори бўлмаган жойга олиш лозим. Беморни юқорига қараган ҳолда ётқизиб, оёқларини бир оз кўтариб қўйиш, тоза ҳаво билан таъминлаш керак. Бўйин ва кўкрак қафасини сиқиб турган кийимлардан халос қилиш даркор. Беморга кўп миқдорда яхна ичимлик – бир оз миқдорда туз ва шакар қўшилган минерал сув ёки қатиқ, айрон  ичириш тавсия этилади. Офтоб урган кишига қатиқ ва айронни  бир неча кун давомида ичириш мақсадга мувофиқ. Чунки, айрон,  қатиқ организмни тикловчи ва совутувчи табиий ичимликлардан бири ҳисобланади. Иссиқлаб қолган беморнинг юзини совуқ сув билан ювиш, аъзои баданга қатиқ суриш, бирор матони ҳўллаб, унинг кўкрак қафасига қўйиш,  яна ҳўлланган мато билан беморнинг бутун танасини ўраш ёки 18-20 даражали сувда чўмилтириш ҳам яхши самара беради.

Айниқса болаларни асранг. Ҳовузларда мунтазам чўмилишини таъминланг. Тонг саҳарда ва кечқурунлари тоза ҳавода олиб юринг. Чанқаб қолишига йўл қўйманг.  Ёзда бола кўп терлашини эътиборга олиб, мунтазам суюқлик ичириб туринг.

Шифокорлар офтоб урган кишиларга бир неча кун шифохона шароитида ётишни тавсия қилишади. Чунки, хаста одамнинг асаб, қон айланиш ва организмдаги бошқа бир қатор биокимёвий реакцияларнинг тикланиши учун бир неча кун керак бўлади.

Шоира Бекчанова, тиббиёт фанлари номзоди

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.