Она юрт неъмати: анорнинг шифобахш хусусиятлари

0
43
марта кўрилган.

Халқимиз анорни меваларнинг султони дея алқайди. Мевага синчиклаб қарасангиз тож кийдирилганга ўхшайди. Дарҳақиқат, унинг нафақат  меваси балки, пўсти билан бирга дарахтнинг навдаси, пўстлоғи ҳам доривор сифатида ишлатилади.

Она юртимизнинг ушбу неъмати  халқимиз томонидан севиб исътемол қилинадиган мева бўлиш билан бирга  қадимдан турли касалликларни  даволаш мақсадида табобатимизда  кенг қўлланилган. 

Анор пўстлоғи таркибида алкалоидлар, ошловчи моддалар, қатрон, бўёқ ва бошқа бирикмалар,  мева пўстида ҳам кўп миқдорда доривор  ва ошловчи моддалар бор. Унинг таркибидаги алкалоидлар йиғиндисидан пелтепин ва бошқа алкалоидлар ажратиб олинади. Анор меваси таркибида эса органик кислоталар, 21фоизгача қандлар, витамин С ва бошқа бирикмалар мавжуд. Тиббиётда ишдатиш учун мева пўстлоғидан танин ва мева шарбатидан лимон кислота олинади

Аллома Абу Али ибн Сино анор пўстини қон тупирганда, милк қонаганда, меъда касалликлари ( ич кетиш, қон аралаш ич кетиш)да, сийдик ҳайдаш, тиш-милкни мустаҳкамлашда, яраларни ва бошқа касалликларни даволашда ишлатган.

Халқ табобатида анор пўстлоғи, меваси, мева пўсти ва гули истисқо (водянка), қўтир, йўтал, ич кетиши, дизентерия, сариқ касалликларида ҳамда қон тўхтатувчи, сийдик  ва гижжа ҳайдовчи дори сифатида ишлатилади.

Анор шарбати цинга касаллигида буюрилади ва иштаҳа очиш учун ҳам ичилади.

Мева пўстлоғидан қайнатма тайёрлаш учун қопқоқли идишга бир стакан сувга бир чой қошиқ пўстлоғидан солиб қайнатилади ва овқатдан олдин бир ош қошиқдан ичилади. Мева пўстлоғининг кукунига сарёғ ёки мол ёғи билан аралаштириб суртилса, теридаги йирингли яраларни тузатишга ёрдам беради. Мева пўстлоғидан тайёрланган қайнатма эса оғиз бўшлиғининг яллиғланишида ҳам даво бўлади.

Анор, олма, беҳи, лимон, ошқовоқ, нилуфар ва кашничга тенг миқдорда аралаштирилиб қайнатилади, унинг қуюқ шарбатига асал қўшиб истеъмол қилинса, сафро қусиш, кўнгил айниши ва тинка қуришидан шифо топиш мумкин.

Хуллас,  анор пўстлоғини ташлаб юборманг. Анор пўстидан дамлама тайёрлаш: Қуритилган анор пўчоғини кўк чой билан бирга чойнакка солиб, қайноқ сув билан дамланг. Бу чойни кечаси ухлашдан олдин ичсангиз, тиниқиб ухлайсиз. Анор пўчоғи қайнатилган сув билан оғиз чайқасангиз, тиш оғриғи, милк яллиғланиши ва шамоллашидан халос этади. Чунки унда оғиз бўшлиғидаги бактерия ва вирусларга қарши курашиш хусусияти мавжуд.  Бундан ташқари, бу қайнатмадан иссиқлигида томоғингизни ғарғара қилиб, 2-3 ош қошиқ ичиб юборсангиз, томоқ оғриғи ва нафас йўлидаги шамоллашдан қутуласиз.

Фазилат САЪДУЛЛАЕВА тайёрлади.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.