Қазғоққа қарши  халқона муолажалар

1
826
марта кўрилган.

Қазғоқ — кишилар дунё бўйлаб энг кўп дуч келадиган инсон вужудидаги кемтикликдир. Бунинг сабаби танамиздаги бирон ички фаолиятнинг бузилишидандир. Шундай экан, аввал унинг келиб чиқиш сабабини аниқлаб, даволаган маъқул.   Қуйида ҳар бир уйда топиладиган маҳсулотлар ёрдамида тайёрланадиган қазғоққа қарши  халқона муолажаларни тавсия қиламиз.

Қатиқ ва мурч.  Қазғоқнинг пайдо бўлишига ҳар бир инсон танасида мавжуд бўлган замбуруғ ва бактериялар сабаб бўлиши мумкин. Оддий ҳолатда улар бизга зарар етказмайди, бироқ турли сабаблар билан иммунитет пасайганда улар ўз кучуни кўрсата бошлайди. Шундай экан кўпроқ қатиқ ичинг.  Қатиқ бош терисини намлантиришнинг кучли воситасидир. Қатиққа мурч қўшсак эса замбуруғларга қарши малҳам ҳосил бўлади.

Муолажани тайёрлаш усули: 150гр қатиқ ва 2 ош қошиқ майдаланган мурчни аралаштирасиз ва бош терисига суртасиз. Бир соатдан сўнг ювиб ташлайсиз. Момоларимиз азалдан сочни қатиқ билан ювишганлигининг яна бир сабаби совун ўрнига ўтган ва сочни ўстирувчи хусусиятлари ҳам йўқ эмас. Шунингдек,  турли хил ташқи таъсирлардан асраган.  Аллергик ҳолатларнинг олдини олган.

 Зайтун ёки аччиқ бодом ёғи.  Ушбу  ёглар бош терисини қуриб кетишдан асрайди ва сочларнинг қуюқлашувига кўмаклашади. Илиқ зайтун ёки аччиқ бодом ёғини кечқурун бош терисига суртасиз ва махсус қалпоқча кийиб, рўмол билан ўраб қўясиз. Эртасига эрталаб ювиб ташлайсиз.

Табиий олма ёки узум сиркаси.  Сирка замбуруғ ва зарарли бактерияларни ўлдиради. Бундан ташқари у қичишишни ҳам йўқотади. Бунинг учун  уқаловчи ҳаракатлар билан сув қўшилган сиркани бош терисига суртасиз ва 30-40 дақиқадан сўнг шампун билан ювиб ташлайсиз.

Истеьмол содаси. Замбуруғларга қарши восита — содадан тайёрланган малҳам сочларнгиздаги қазғоқларни ювиб туширади. Малҳам тайёрлаш: Бир ош қошиқ  шампунга 1 чой қошиқ сода қўшиб сочларингизни одатдагидек ювиб ташлайсиз. Бу малҳам бош терисини ўлик ҳужайралардан халос этиб, сочнинг ёғлик даражасини тиклашга ёрдам беради.

Лимон шарбати.  Қазғоқнинг пайдо бўлишига яна бир сабаб — бош терисида кислоталик даражасининг бузилишидир. Лимон шарбати эса ушбу муҳитни тиклайди. Малҳам тайёрлаш: Бир ош қошиқ лимон шарбатига 5 ош қошиқ исталган шифобахш ёғ (бодом, зайтун, писта) қўшиб, бош терисига суртилади. Ўттиз дақиқадан сўнг ювиб ташланади.

Хина — момоларимизнинг қадимий соч воситаларидан биридир. У қўплаб  соч касалликларига даво саналади. Хина касалликнинг илк даврларида фойда бўлиб, у профилактика вазифасини ўтайди. Айниқса ўзингиз ўстирган хина жуда маъқул воситадир.  У бўлмаса тайёр хиналарни ишлатиш мумкин.Малҳам тайёрлаш:  Бир чой қошиқ хинага тенг миқдорда қуруқ чой, лимон шарбати ва исталган шифобахш ёғ солиб аралаштирилади. Бош терисига суртиб, 1 соатдан кейин шампун билан ювиб ташланади. Агар сочларингиз ранги ўзгаришини истамасангиз рангсиз хинадан фойдаланишингиз мумкин.

Райҳон. Ундан бир неча асрлардан бери шифобахш ўсимлик сифатида фойдаланиб келинади. У қазғоқда ҳам фойда беради. Малҳам тайёрлаш: райҳон баргларини майдалаб эзиб зайтун ёғи билан аралаштирасиз ва бош терисига суртасиз. 50 дақиқадан сўнг ювиб ташлайсиз.

Таъкидлаганимиздек қазғоқ — нохуш муаммо. Аммо уни ҳар бир хонадонда мавжуд бўлган табиий ўсимликлар ёрдамида бартараф этиш мумкин. Бунинг учун эътибор ва ҳафсала керак, халос.

Шоира Бекчанова, тиббиёт фанлари номзоди

Ёйиш

1 мулоҳаза

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.