Шамоллашнинг олдини оладиган табиий неъматлар

0
336
марта кўрилган.

Айни кунда болалар ўртасида шамоллаш кўпайганлиги, коронавирус ҳам шамоллашнинг бир тури эканлиги ҳақида  гапирилмоқда. Касалликни тузатишдан кўра олдини олишга эътибор бериш катта аҳамиятга эга. Бунинг учун таомномага алоҳида эътибор бериш керак. Таркибида  С витамини бор маҳсулотлар шамоллашнинг олдини олишини яхши билиш зарур.

 Дарҳақиқат, С витамини тақчиллиги иммунитетни пасайтириши мумкин. Иммунитет пасайса, касалга чалиниш осонлашади. Шу сабабли шамолламаслик учун унинг миқдорини меъёрида ушлаб туриш лозим.

С витамини углевод, оқсил ва минераллар алмашинувида, организмдаги оксидланиш-қайтарилиш жараёнларида ва қон ҳосил бўлишида иштирок этади. С витамини организмнинг инфекцияларга чидамлилигини оширади ва тўқималар ҳамда ҳужайраларнинг ўсишига ёрдам беради. Шунингдек, майда қон томир (капилляр)ларнинг деворини мустаҳкамлайди. Бу витамин мева-сабзавотлар таркибида кўп бўлади. С витамини ёруғлик ва қайнаш жараёнида тез парчаланиб кетгани боис маҳсулотларни тўғри сақлаш ва пишириш ҳам каттамуҳим аҳамиятга эга.

Аксарият одамлар цитрус меваларни  С витаминига  бой маҳсулотлар деб билишади. Аслида бундай эмас. С витамини булғор қалампири, аччиқ кўк қалампир ва тузланган карамда анча кўпроқдир. Уларда апелсиндан кўра 10 марта кўпроқ С витамини бор, деб ёзишади парҳезшунос олимлар.

Шунингдек, цитрус мевалардан ташқари наъматакда, чаканда мойи (облепиха)да, рангли карамда, яшил нўхотда, ловияда, трупда, киви ва қизил рангли маҳсулотларда ҳам С витамини мавжуд.

Саримсоқ энг кўп тарқалган доривор ўсимлик. Бундан ташқари саримсоқ калий, магний, фосфор, кальций, йод минералларига ва цинк, марганец, селен микроэлементларига бой. Кунига 2 бўлакча саримсоқ шамоллашни унутиш учун кифоя.

Бу ноз-неъматлар пишириш жараёнида фойдали хусусиятларини йўқотади. Шунинг учун иложи борича хом ҳолатида истеъмол қилиш фойдалидир.

Иммунитетни қўллаб-қувватлаш учун ёнғоқ, жавдар унидан тайёрланган нон, тухумнинг сариғини истеъмол қилиш ҳам кони фойда. Улар Е витаминига бой бўлади.  Рух моддаси сақловчи маҳсулотлар ҳам шамоллашимизга йўл қўймайди.

Эрталаб 30 грамм ёнғоқ – бу етарли миқдордир. Бу миқдорда микроэлементлар ва фойдали ёғлар етарли бўлади ва хавфсиз калория ҳисобланади.

Ёғли овқатлар, консерваланган, маринадланган маҳсулотлар, қаҳва, спиртли ичимликлардан эса воз кечишга тўғри келади. Организм юқори калорияли овқатни ҳазм қилишда кўпроқ энергия сарфлайди, спиртли ичимликлар эса фойдали компонентларнинг ўзлаштирилишини секинлаштиради. 

Тиббиёт фанлари номзоди Шоира БЕКЧАНОВА тайёрлади.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.