Баъзида йиқилиб, қўлингизни синдириб қўйсангиз, анча вақтгача битмай юради. Қуйида суяк тўқималарини тиклаш тўғрисидаги дастур билан танишасиз. У 4 босқичдан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бири тахминан бир ҳафтача давом этади.
Жароҳатланган заҳоти ярани тозалаш жараёни бошланади. Уни жадаллаштириш мақсадида витамин А дан фойдаланиш керак. Бунинг учун қирғичдан чиқарилган сабзига ўсимлик ёғи ёки ёғли сметанани қўшиб, истеъмол қилиш лозим.
Иккинчи ҳафта янги суяк тўқималари учун зарур бўлган оқсил синтезланади ва ҳужайралар фаол бўлина бошлайди. Бу вақт мобайнида қайнатилган туёқ, яъни илвира (холодец), гўштли шўрвалар истеъмол қилиш керак. Витамин С (намаътак, қора смородина, илдизмевали ўсимликлар) ва темир моддаси (гўшт, лавлаги, анор шарбати) жуда зарур.
Учинчи ҳафта суяк тикланиши давом этади. Шунинг учун кальцийга эҳтиёж ортади. Кўпроқ пишлоқ, творог ва бошқа сут маҳсулотларини истеъмол қилинг! Бундан ташқари, қайнатилган тухум пўчоғини майдалаб, кукун ҳолига келтиринг ва бўтқага қўшиб, истеъмол қилинг. Кальцийнинг яхши ҳазм бўлиши учун витамин D (балиқ ёғи, ёғли денгиз балиғи) ҳам керак.
Тўртинчи босқичда дастлабки суяк қадоғи янгидан пайдо бўлади. Бунда, айниқса, витамин D жуда муҳим. Таомномани ёғли денгиз балиғи билан тўлдириш керак. Шунингдек, кўпроқ сайр қилиш лозим! Яхшиси, офтобда сайр қилган маъқул.