Шу йилнинг 10 апрелида давлатимиз раҳбарининг “2019-2021 йилларда Республиканинг фармацевтика тармоғини янада жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эълон қилингандан сўнг жамоатчиликда дори – дармонлар импортига оид саволлар кўпайди.
“Ишонч” газетаси мухбири Зебо Намозованинг мақоласида ушбу саволларга жавоб изланган:
Иссиқ жонмиз – онда-сонда бўлса-да дорихона томон йўрғалаб қоламиз. Ҳамма сифатли дорини олиш ва тезроқ шифо топишни истайди. Агар қўлингизда шифокорнинг тавсия қоғози бўлса, ёзилган дорини ҳеч бир иккиланишсиз сотиб оласиз. Аммо шамоллаш ёки томоқ оғриғидек “хонаки” важ бўлса, албатта, ўзингиз билган, синалган доридан бошқасига ишонмайсиз. Афсуски, улар ҳам ўзимизники эмас, хорижники бўлиб чиқади. Хўш, бизда фармсаноат қачон ривожланади?
Янги фармондан хабардормисиз?
Шу йилнинг 10 апрелида давлатимиз раҳбарининг “2019-2021 йилларда Республиканинг фармацевтика тармоғини янада жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. Албатта, соҳа яхши ишлаётган, такомили бенуқсон бўлганида бунга зарурат бўлмас эди.
Демак, камчиликлар бор. Хусусан, доришуносликда импорт маҳсулотларига ҳаддан ортиқ таяниб қолаётган эдик. Бу маҳаллий дори ишлаб чиқариш саноатининг ривожига тўсиқ бўлиш билан бирга, шу соҳадаги илмий тадқиқотлик ишларининг аҳамиятини ҳам сусайтираётгани айни ҳақиқат. Хўш, Фармонга асосан саноат ривожи йўлида қандай ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда? Шу каби саволларга жавоб олиш ва фармонда кўзда тутилган чора-тадбирлар ҳақида кенгроқ маълумотга эга бўлиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига мурожаат қилдик.
Мутахассис изоҳ беради
Муҳаббат Иброҳимова,
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК ахборот-таҳлил бўлими бошлиғи:
– Мазкур Фармон агентлик зиммасига қатор вазифалар юклади. Хусусан, фармацевтика тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлашга замонавий механизмларни жорий этиш, фармацевтика маҳсулотлари билан таъминлаш ҳолатини тизимли равишда назорат қилиш, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, тармоқ корхоналари билан етакчи хорижий корхоналар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, фармацевтика соҳасида амалга оширилиши зарур бўлган лойиҳаларни молиялаштириш, маҳаллий дори воситаларининг сифатини ошириш, хорижий тажрибани ўрганиш масалалари шулар жумласидан.
Дори воситаларининг сифати қатъий назоратда бўлиб, сифатсиз дори воситаларининг ишлаб чиқарилишига асло йўл қўйилмайди. Фармацевтика тармоғини ривожлантириш Агентлиги қошида Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази Ўзбекистонга кириб келаётган ва ишлаб чиқарилаётган дори воситаларининг сифатини назорат қилади, уларни давлат рўйхатидан ўтказади. Сертификатлаштириш органи сифатида 2018 йил ва 2019 йилнинг 1 майига қадар 258 номдаги дори воситалари ва тиббий буюмлар, 43 номдаги субстанцияларга мувофиқлик сертификати бериш рад этилди.
Бундан ташқари, дори воситаларини электрон тарзда назорат қилиш тартиби белгиланади. Бунда халқаро тажрибаларни ўрганган ҳолда янги тизим жорий этиляпти. Унга кўра ҳар бир импорт қилинаётган ва ишлаб чиқарилаётган дори воситасига махсус стикерлар ёки ёрлиқлар жойланиб, дори расталарига етказилади. Келгусида шу стикер ёки ёрлиқлар асосида аҳоли ҳар бир дори ва унинг нарх-навоси ҳақида мобиль илова орқали батафсил маълумот олиши мумкин бўлади.
Соҳадаги энг катта ютуқлардан бири, бу – 3 хил кўринишдаги “Juslin N”, “Juslin R”, “Juslin 30/70” “инсулин” препаратининг тадқиқот ишлари ижобий натижа билан ўз ниҳоясига етганлигидир. Куни кеча эса ушбу препаратлар Соғлиқни сақлаш вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилиб, тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилди. Айни пайтга қадар “инсулин” дори воситаси юртимизга четдан келтирилар эди. Ушбу дори воситасининг юртимизда ишлаб чиқарилиши натижасида импорт ҳажми камайиб, экспорт имконияти кенгаяди. Бу эса валюта тежаш ва дори таннархининг пасайишига хизмат қилади.
Бугунги кунда мамлакатимизда фармацевтика соҳасида 159 та корхона фаолият юритмоқда. Улардан 89 таси фақат дори воситалари, 55 таси тиббий буюм ва 15 таси дори воситаси ҳамда тиббий буюмлар ишлаб чиқариш учун лицензияга эга. Бизда 8 мингдан зиёд дори воситалари ва тиббий буюмлар рўйхатдан ўтказилган бўлиб, уларнинг 4685 тасини хорижий, 2450 тасини эса маҳаллий ишлаб чиқарувчилар тайёрлаган.
Янги қабул қилинган Фармонга асосан “2019-2021 йилларда республика ҳудудида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга тавсия этилган дори воситалари гуруҳлари рўйхати” тасдиқланди. Рўйхатда келтирилган препаратлар эндиликда маҳаллий корхоналаримизда ишлаб чиқарилади. Булар антибиотиклар, эндокрин тизими патологиясини даволаш, яллиғланишга қарши ностероид дори воситалари, вирусларга қарши, меъда-ичак йўллари ва нафас аъзолари патологиясини даволовчи, иммунобиологик, онкологик, юрак-қон томир касалликларини даволашга хизмат қилувчи дори ҳамда болаларда сил билан инфекцияланишни эрта аниқловчи диаскин тестлари каби препарат ва воситалардир.
Мустақилликгача юртимизда фармацевтика саноати деярли мавжуд бўлмаган бўлса, бугунги кунда аҳоли дори таъминотининг салмоқли улуши маҳаллий корхоналаримиз ҳисобига тўғри келмоқда. Фаолият кўрсатаётган фармацевтика корхоналарига замонавий саноатнинг техника ва технологиялари жорий этилган бўлиб, уларда алоҳида мураккабликка эга бўлган иммунобиологик препаратлар, таъсири узайтирилган дори турлари, аэрозоллар, кўп компонентли, мураккаб таркибли дори турлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Президентнинг “Фармацевтика тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига биноан “Ўзфармсаноат” ДАК фаолияти тугатилди ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди. Бундан ташқари, фармонга асосан 2019 йилнинг 1 июлидан 2020 йил 31 декабрга қадар, синов тариқасида, дори препаратлари ва тиббиёт буюмларини давлат томонидан харид қилишни амалга оширишда икки ва ундан ортиқ иштирокчилар – аналогик маҳсулотни (халқаро патентланмаган номи бўйича) миллий ишлаб чиқарувчилари мавжуд бўлган тақдирда давлат буюртмачиси импорт дори препаратлари ва тиббий буюмларни етказиб бериш таклифи мавжуд барча буюртмаларни рад этиши белгиланган.
Бу чоралардан кўзланган мақсад маҳаллий дори ишлаб чиқарувчилар фаолиятини қўллаб-қувватлаш орқали соҳа ривожига ёрдам беришдир.
Таҳлил натижалари шуни кўрсатмоқдаки, мамлакатимизда бугунги кунга қадар фармацевтика тармоғини барқарор ривожлантиришнинг ягона стратегияси ишлаб чиқилмаган ҳамда маҳаллий фармацевтика корхоналарининг фаолиятини, шу жумладан, тегишли маҳсулотларни аҳоли ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг уларга бўлган эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқариш фаолияти керакли даражада таъминланмаган эди. Эндиликда эса мазкур фармон билан Фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва модернизация қилишга йўналтирилган ҳуқуқий база мустаҳкамланди, фармацевтика маҳсулотларини тарқатиш ва реализация қилиш тизими йўлга қўйилди, дори воситаларининг эркин муомаласини таъминлаш чоралари кўрилди.
Энди реализация пайтида, шу жумладан, давлат томонидан харидни амалга ошириш жараёнида сотиб олинаётган дори препаратлари ва тиббий буюмлар мувофиқлик сертификатига эга бўлиши шарт.
Мувофиқлик сертификатлари ушбу маҳсулотларнинг сифатини кафолатловчи ҳужжат бўлиб, усиз тиббий буюм ва воситаларнинг олди-сотди қилинишига рухсат берилмайди.
Дори препаратларини тайёрлаш бўйича кадрлар илмий салоҳияти ҳам ўта муҳим аҳамиятга эга бўлиб, янги фармонга мувофиқ 2019-2021 йилларда фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Унга кўра, Агентлик қошида фармацевтика технопаркини ташкил қилиш, технопарк ҳудудида соҳа мутахассисларини тайёрлаш ва кадрлар илмий салоҳиятини кенгайтириш мақсадида етакчи хорижий олий ўқув юрти филиалини очиш, илмий-тадқиқот ва тажриба-ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини ташкил этиш масалалари мақсад қилиб қўйилган. Бу каби чора-тадбирларнинг барчаси маҳаллий саноатимизда хориж маҳсулотларига рақобатбардош дори-дармонлар ишлаб чиқарилишига эришишга хизмат қилади.
Мулоҳазаларга қулоқ тутамиз
– Имкон қадар табиий йўл билан даволаниб, дори воситаларидан камроқ фойдаланишга ҳаракат қиламан, – дейди журналист Садоқат Рўзиева. – Лекин эҳтиёж пайдо бўлганида Россияда ишлаб чиқарилган дори препаратларининг таъсирини яхши сезганман ва улардан шифо топганман. Менимча, республикамизда дори саноатини ривожлантириш жараёнида аналоги бор дорилар импортини тўхтатиш шарт эмас. Агар ўзимизда ҳам сифатли дорилар ишлаб чиқарилса, одамлар, албатта, ҳеч қандай таъсирларсиз ва рекламаларсиз ҳам уларни сотиб олишади.
Фарида АШУРОВА,
Миробод туманидаги 2-оилавий поликлиника умумий амалиёт шифокори:
– Бир неча йиллар муқаддам мамлакатимизда ишлаб чиқарилган айрим дори препаратлари ишлатилганда реакция бериш ҳолатлари тез-тез учраб турарди. Кейинги йилларда шифокорларда беморларнинг дори аллергиясига мойиллигини ўрганиш, ҳар бир инсоннинг индивидуал хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ташхис қўйиш тажрибаси ривожланмоқда. Тўғри, ҳамма дориларни ҳам сифатли деб айта олмаймиз.
Бироқ, сифат жиҳатдан яхшиланаётган ва кундалик шароитда аҳоли қўрқмасдан фойдаланаётган препаратлар ҳам анчагина. Қолаверса, аҳоли мунтазам равишда дорилар нархининг баландлигидан шикоят қилади. Бу шикоятлар, албатта, чет элдан келтирилган дорилар нархи ҳисобига юзага келмоқда ва импорт дори препаратлари маҳаллий саноатимиз билан бирга аҳолининг чўнтагига ҳам зарар етказмоқда.
Унутмаслигимиз керакки, фармацевтикада ишлаб чиқариш, илмий тадқиқотчилик, янгилик яратиш эмас, савдо-сотиқ масаласи асосий фаолият турига айланиб, бундан фақат дори олди-сотдиси билан шуғулланган қатламгина фойда кўради. Натижада дорилар нархи ошса ошадики, асло тушмайди. Шу боис, ҳозирги шароитда имкон қадар маҳаллий ва хориж препаратларидан ҳам фойдаланган ҳолда беморларни даволашимиз, айни вақтда дори воситалари ишлаб чиқариш саноатини жадал ривожлантиришимиз шарт. Бу келгуси 10-15 йилдан кейинги мамлакат истиқболи, аҳоли саломатлиги учун жуда муҳим деб ҳисоблайман.
Аҳолини нима қизиқтиради?
Исмини ошкор этишни истамаган фармацевт ходимлар билан суҳбатда бўлганимизда уларнинг бири “одамлар шифокор ёзиб берган дориларни сотиб олишади, кўпам қаерда ишлаб чиқарилгани билан қизиқмайди”, деган фикр билдирди. Бошқаси эса дори сотиб олишда препаратнинг нархи ва ишлаб чиқарувчи билан қизиқувчилар ҳам талай экани, асосан, хориждан келтирилган дорилар харидоргирлигини айтди. Унинг кузатишича, аҳоли ўзимизда ва хорижда ишлаб чиқарилган дорининг нархини солиштиради. Агар ўзимизники билан хорижий дорининг нархи орасида фарқ катта бўлса, ўзимизникини олади. Аксинча, фарқ кичик бўлса, сифатини яхши деб ҳисоблаб, хорижникини харид қилади.
– Айрим дори препаратлари ўзимизда ишлаб чиқарилган бўлишига қарамай сифати хорижникидан ҳам аъло, айримлари эса бунинг акси, – дейди фармацевт.
Мутахассис жараённинг ичида юрган инсон сифатида маҳаллий дори саноатимизда сезиларли ривожланиш бўлаётганини ҳам таъкидлади.
Хулоса ўрнида
Азиз муштарий, биз тарафларнинг фикрларини холисона беришга ҳаракат қилдик. Мавзуни ўрганиш жараёнида шуни билдикки, бугунги кунда давлат харидлари фармацевтика бозоридаги умумий маҳсулотларнинг 10-12 фоиз айланмасига тўғри келади. 1 июлдан жорий этиладиган давлат харидлари борасидаги эксперимент айнан шу кўрсаткичларга нисбатан кучга эга. Бироқ фармон моҳиятини чуқур англамаган айрим блогерлар, дори савдоси билан шуғулланувчи фирмалар ва фуқаролар 1 июлдан эътиборан чет элдан дорихоналарга ўзимизда ҳам ишлаб чиқарилаётган аналоги бор дори препаратлари келтирилмас экан, деган нотўғри тушунча, баҳс ва мунозараларга боришмоқда. Таъкидланганидек, Фармон давлат харидларини амалга оширувчи дорихоналарга тегишли бўлиб, хусусий тадбиркорлик фаолияти сифатида хизмат кўрсатаётган дорихоналарга тааллуқли эмас. Яъни, чет эл ишлаб чиқарувчиларининг импорт орқали кириб келаётган маҳсулотлари фармацевтика бозоридаги эркин айланмасига ҳеч қандай чекловлар йўқ.
Ўзбекистонда 160 тадан ортиқ маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхона мавжуд бўлиб, ўтказилажак тажриба ички бозордаги ўзаро рақобатнинг кучайишини кўзлайди, корхоналарнинг аналог турдаги дори препаратлари сифатли бўлишига туртки беради.
Арзон бўлмаган хорижий маҳсулотларни маҳаллийлаштиришга замин яратади. Бу эса ўз ўрнида импорт ҳажмининг камайиши, экспорт имкониятининг кенгайиши, валютани тежаб, дори таннархининг пасайишига олиб келади. Сифатли дори воситалари эса ҳар қандай рақобат майдонида ҳам ўз ўрнини топади. Натижада бу ҳар биримизда келгусида маҳаллий саноатимиз импорт дорилар исканжасидан “қутулиши”га ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ривожланишига умид уйғотади. Зеро, бу соҳада фойда кўришнинг икки муҳим йўналиши ажратилади. Энди фармацевтика тармоғида сифат учун, дори препаратларининг маҳаллий рақобатбардошлигини ошириш учун илм-фан кураши олий мақсадга айланмоғи зарур. Зеро, эълон қилинган фармон бунинг учун етарлича имконият бермоқда.
Истаймизки, фармацевтларимиз халқимиз кўз ўнгида “тадбиркор” қиёфасидан янгилик яратувчи, тадқиқ қилувчи нажоткор қиёфаларга айлансин, маҳаллий саноатимизда эса беморлар дардига ҳақиқий малҳам бўладиган дори воситаларимиз кўпайсин ва энг муҳими, улар хорижникидан асло қолишмасин!
ЎзА