Адлия вазирлигининг махсус лойиҳаси нега Сайхунободда бошланди?

0
109
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ташаббуси билан Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида ўтказилган “Ҳуқуқий ахборот куни” лойиҳаси “Адлия сайли” билан якунланди, дея хабар берилади gov.uz сайтида

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда тумандаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг спорт залида ташкил этилган меҳнат ярмаркасида вилоятдаги 52 корхона, ташкилот ва муассасалар 220 бўш иш ўрни билан иштирок этди.
 
– Меҳнат ярмаркасида 94 нафар кишига ишга жойлашиш учун йўлланма берилди, – дейди вилоят бандлик бош бошқармаси бошлиғи М.Муҳаммадиев. – Шунингдек, тижорат банкларидан кредит маблағлари олиб тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлганларга мутахассислар томонидан маслаҳат ва тавсиялар берилди. Жанубий Корея, Россия ва Туркия давлатларига бориб ишлаш мақсадида бўлган 152 нафар фуқарога Адлия вазирлиги томонидан фуқароларнинг қандай ҳақ-ҳуқуқ ва имкониятларга эга эканликлари тўғрисидаги маълумотлар жамламаси баён этилган қўлланма тарқатилди.
 
Шу ернинг ўзида кам таъминланган оила фарзандлари Камолиддин Абдуллаев ҳамда Юлдуз Мамаражаповлар туман фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими томонидан никоҳдан ўтди. Нуроний отахон ва онахонлар уларга оқ фотиҳа бериб, туман ҳокимлиги томонидан ташкил этилган тўй дастурхонига кузатди.
 
Адлия, прокуратура, суд, ички ишлар органлари ҳамда вилоят ва туман мутасаддилари, корхона, ташкилот, муассасалар раҳбарлари томонидан аҳолининг мурожаат ва аризалари тингланди.
 
Фуқаролар деҳқончилик қилиш учун ижарага ер майдони, уй қуриш учун ер участкаси ажратилиши, саломатлигини тиклаши учун жарроҳлик амалиётини ўтказишда амалий ёрдам сўраб, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ва суд қароридан, суд қарори ижроси таъминланмаётгани, табиий газ, ичимлик суви, электр таъминоти, коммунал, уй-жой хизматларидан норозиликлари юзасидан мурожаат қилди.
 
– Мен Гулистон маҳалласида истиқомат қилувчи аҳоли номидан мурожаат қилмоқчиман, – дейди Абдукарим Кенжаев. – Кўчамиз ёғингарчилик пайтида лой, ёзда чанг бўлиб кетади. Болаларимиз мактабга бориб келишга қийналмоқда. Кўчамизни таъмирлашларини сўраб, туман йўл қурилиш ташкилотига мурожаат қилган эдик. “Лойиҳага киритилмаган, қўшимча лимит йўқ” деб жавоб беришди. Шунга амалий ёрдам беришингизни сўраймиз.
 
– Ҳақиқатдан ҳам Гулистон маҳалласидаги Қатортол кўчаси 2018 йилги лойиҳага киритилмаган, – дейди Сайхунобод тумани ҳокими Ботир Мирзақулов. – Лекин биз, ички имкониятлардан келиб чиқиб, бу кўчани туман маблағи ҳисобига таъмирлашни режалаштирдик.
 
Шунингдек, тадбирда бир қатор сайёр суд ишлари ҳам кўриб чиқилди. Ҳал этишнинг имкони бўлган барча масалалар жойида бартараф этилди. Республика миқёсида ҳал этиладиган муаммолар юзасидан далолатномалар тўлдирилди.
 
– “Ҳуқуқий ахборот куни” лойиҳаси мамлакатимиз бўйлаб давом этади, – дейди Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўринбосари А.Тошқулов. – Тадбирни биринчи бўлиб Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманидан бошлаганимизнинг сабаби ҳудудда ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг тўпланиб қолганидадир. 
 
Маълумот учун, жорий йилнинг 12-14 март кунлари “Фуқаролар давлат органларига эмас, давлат органлари фуқароларга хизмат қилиши керак!” шиори остида туманда ўтказилган тадбирларда 2 мингдан зиёд аҳоли иштирок этди.
Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.