Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси мутасаддилари иштирокида “Қўшимча қиймат солиғи ва бошқа янги солиқлар имплементацияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмуни ва моҳияти” мавзусида брифинг ва журналистлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Мулоқотда интернетдаги махсус саҳифалар ва инстаграм, телеграм, фейсбук каби ижтимоий тармоқларда реклама эълонларини жойлаштириш орқали даромад олиш ва бундан солиқ тўланиши шарт ёки шарт эмаслиги ҳақида савол берилди.
“Даромад олишга йўналтирилган ҳар қандай фаолият тури тадбиркорлик ҳисобланади, — деди Давлат солиқ қўмитаси Матбуот хизмати вакили Музаффар-Юсуф Назаров. — Қандай йўл билан даромад топишингизнинг аҳамияти йўқ. Давлат рўйхатидан ўтишингиз шарт. Агар сиз даромад топиш фаолияти билан шуғулланаётган бўлсангиз, ё якка тартибдаги тадбиркор сифатида ё юридик шахс сифатида албатта, давлат рўйхатидан ўтган бўлишингиз керак”.
Тадбирда блогерларнинг ижтимоий тармоқлардаги каналлар, персонал саҳифаларда реклама жойлаши ва шу йўл билан даромад орттиришига “ноқонуний фаолият” дея таъриф берилди.
“Тўғри, қонунда блогерлик деган тушунча йўқ. Блогерлик фаолият тури эмас, бунга қонунчиликда таъриф берилмаган, — деди Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи Айдос Қошанов. — Лекин сиз кимдандир пул олиб, хизмат кўрсатаяпсизку. Бу хизмат кўрсатиш эвазига ҳақ олиш ҳисобланади. Ва хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ҳолат сифатида қайд этилади. Қонунда блогерлик тушунчаси мавжуд бўлмаса-да, хизмат кўрсатиш деган тушунча бор”.
Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи Аҳмаджон Суюнов ижтимоий тармоқда реклама жойлаб пул топаётган блогерлар патент, яъни якка тартибдаги тадбиркорни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида гувоҳнома олиши кераклигини таъкидлади.
Агар ижтимоий тармоқларда реклама орқали даромад кўраётган шахс давлатга солиқ тўламаса, ундан техника воситаси (телефон, ноутбук, планшет, компьютер) олиб қўйилиш мумкинлиги айтилди.
“Агар кимда-ким ноқонуний равишда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган бўлса, биз ундан тадбиркорликни қандай восита орқали амалга ошираётган бўлса, ўша воситасини, жиҳозини олиб қўйишга тўлақонли ҳаққимиз бор, — деди бошқарма бошлиғи Айдос Қошанов. — Бу қонун доирасида кафолатланган. Олиб қўйилган жиҳоз 30 кунгача ушлаб турилиши мумкин. Агар ўша шахс ёки блогер 30 кун ичида ПФ-4848 сонли Президент Фармони асосида давлат рўйхатидан ўтса, олиб қўйилган жиҳозлари қайтариб берилади”.
Мулоқотда қайд этилишича, янги таҳрирдаги Солиқ кодексида электрон тижорат соҳасида солиқларнинг жорий этилиши кўзда тутилган. Яқин кунларда жамоатчилик муҳокамасига қўйилади.