Бу ҳақда бугун АОКА ҳузуридаги штабда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Марям Абдукаримова иштирокида бўлиб ўтган брифингда маълум қилинди.
САВОЛ: Пандемия туфайли кўпчилик чет давлатларга ишлаш учун кета олмай қолди. Уларга ёрдам кўрсатиш учун Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда?
ЖАВОБ: Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, пандемия даврида жорий қилинган карантин чекловлари натижасида 500 мингга яқин фуқаро хорижда ишлаш учун режалаштирган жойларига кета олмаган. ⚡️Улардан 76 минг фуқаро меҳнат органлари томонидан иш билан таъминланди. Жумладан, 68 минг фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди. Уларнинг иш ҳақи тўлови Жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан молиялаштириб берилди. Шунингдек, Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан субсидиялар ажратиш орқали 6,5 минг фуқаро, шундан 4 мингга яқин фуқаро шахсий томорқаларида ва 2,6 минг фуқаро кооперативларга аъзо сифатида бириктирилиб, бандлиги таъминланди.
САВОЛ: Ишсиз қолган фуқароларни асосан қаерларга ишга жойлаштирилмоқда?
ЖАВОБ: Ишсиз қолган фуқароларни эгаллаган касби ва мутахассислиги бўйича ишга жойлашга кўмаклашилмоқда. Масалан, турли ҳудудларда истиқомат қилувчи ишсиз қолган малакали қурувчиларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида амалга оширилаётган қурилиш ишларига 4 минг 500 нафар фуқаро ишга жалб қилинди.
САВОЛ: Аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик йўналишлари бўйича халқаро ташкилотлар билан олиб борилаётган ҳамкорлик ишлари бўйича аниқ маълумот бериб ўтсангиз?
ЖАВОБ: Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлигининг (ТIКА) Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда республиканинг чекка ҳудудларида аҳоли бандлиги таъминлаш, оилалар даромадини ошириш ва касб-ҳунарга ўқиш истагида бўлгаларни ҳунармандчиликка ўқитиш борасида келишувлар амалга оширилди.
Корея Ҳамкорлик агентлиги (KOICA) билан ҳамкорликда «Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманида аҳоли бандлиги ва бизнес-стартапларни ҳудуд потенциалини мустаҳкамлаш йўли билан такомиллаштириш» лойиҳаси (2020-2022 йилларга мўлжалланган) ни амалга оширилади.
Канада элчихонаси маблағлари ҳисобидан Сирдарё вилоятида хотин-қизларни тадбиркорлик фаолиятига йўналтириш мақсадида «Макарон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона ташкил этиш» лойиҳаси, «Гўзаллик салони» ташкил этиш лойиҳаси, «Тикувчилик цехи» ташкил этиш лойиҳаси ҳамда «Хотин-қизларни ҳунармандчиликка ўқитиш маркази»ни ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилади. Бунинг натижасида 110 та янги иш ўрни яратилади ва 1500 нафар хотин-қизлар ҳунармандчликка ўқитилади.