РОССИЯ. «Давлат тили тўғрисида»ги Россия Федерал қонунига кўра, мулкчилик шаклидан қатъи назар, Россия ҳудудида фаолият юритувчи ҳар қандай ташкилот давлат тили (рус тили)да иш юритиши, ташкилотни номлашда ҳам давлат тилидан фойдаланиши белгиланган. Россияда 190 дан ортиқ миллат ва элат яшайди. Қонунни бузиш тегишли жавобгарликка сабаб бўлади.
ГEРМАНИЯ. “Маъмурий амалиётлар тўғрисида“ги қонунга кўра, маъмурий амалиётлар учун расмий тил сифатида немис тили белгиланган. Агар масъул идорага немис тилидан бошқа тилда мурожаат қилинса, орган дарҳол унинг немис тилига таржимасини талаб қилиши керак. Немис тилидан бошқа тилда мурожаатлар кўриб чиқилмайди.
ИРЛАНДИЯ. Давлат тили сифатида ирланд ва инглиз тили қабул қилинган. Давлат органларида давлат тиллари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинаётганини текшириш бўйича алоҳида орган мавжуд. Агар давлат органи ушбу ташкилотга ҳужжатларни тақдим қилмаса, улар билан ҳамкорлик қилмаса, ушбу орган мансабдор шахси учун 2000 еврогача жарима ёки 6 ой қамоқ жазоси белгиланган. Бу текширувлар натижасида тил тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилгани аниқланса, давлат органи мансабдор шахси жавобгарликка тортилиши мумкин.
ФРАНЦИЯ. Конституцияда фақат француз тили давлат тили деб белгиланган. Тубон қонунига кўра, давлат ташкилотлари томонидан иш юритиш истисносиз француз тилида олиб борилади, терминларнинг французча муқобили турганда, инглизчаси ёки бошқа тилдагисини ишлатиш тақиқланади. Франция аҳолисининг 51 фоизи француз тилидан бошқа тилда гаплашади. Қонун талабларига риоя қилмаганлик жисмоний шахсга 700 евро, юридик шахсга 3750 евро жарима солинишига сабаб бўлади, бошқа тилда пешлавҳаси ёки ёрлиғи ёзилган мулк мусодара қилиниши ҳам мумкин.
ГРУЗИЯ. “Давлат тили тўғрисида“ги қонунга кўра, давлат корхона ва ташкилотларида фақат грузин тилида иш юритилади, зарурат туғилса, ҳужжатлар бошқа тилларга таржима қилиниши мумкин, аммо бу таржималар расмий ҳужжат ҳисобланмайди.
ОЗАРБАЙЖОН. Конституцияга кўра, давлат тили озарбайжон тили ҳисобланади. «Давлат тили тўғрисида»ги қонунга кўра, ташкилотларда иш юритиш давлат тилида олиб борилади. Қонун талабига риоя қилмаслик тегишли жавобгарликка сабаб бўлади.
ТУРКИЯ. Барча ёзишмалар, ёзув ва ҳисоб-китоблар ҳеч қандай истисноларсиз турк тилида олиб борилиши талаб этилади. Ушбу талабга риоя қилмаганлик маъмурий жаримага тортилишга сабаб бўлади. Турк юридик шахслари ўртасида тузилган турк тилида бўлмаган шартномалар бекор қилинади.
ҚАТАР. 2019 йилда қабул қилинган янги қонунга кўра, Қатарда барча давлат органлари ва расмий ҳужжатларда араб тилидан мажбурий фойдаланилади. Қонун талабларига амал қилмаганлик учун 50 000 қатар риали (14 000 АҚШ доллари атрофида) миқдорида жарима белгиланган.