Ер қаъри участкалари юридик ва жисмоний шахсларга берилади

0
247
марта кўрилган.

Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари иштирокида ОАВ вакиллари билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Унда Сенат томонидан 2019 йил 28 февралда маъқулланган, Президент томонидан 2019 йил 10 майда имзоланган “Баъзи давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун юзасидан маълумот берилди.

Қонунчилик палатаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси Ислом Хушвақтов 1994 йил 23 сентябрда қабул қилинган “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги қонунга киритилган қўшимча ва ўзгартишлар хусусида тўхталиб ўтди.

Маълум қилинишича, мазкур қонун янги 38 (прим) модда билан тўлдирилган. Унга кўра, қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида кавлаб олишни амалга ошириш мақсадида ер қаъри участкалари юридик ва жисмоний шахсларга берилади.

“Ер қаъри участкалари, жумладан, ўлчамлари 1 гектардан ортиқ бўлмаган сочма олтин конлари ер ости кон қазишмалари йўлакларисиз ва портловчи моддалардан фойдаланмаган ҳолда хавфсиз чуқурликкача берилади, — деди депутат Ислом Хушвақтов. — Қонунга киритилган янги моддага асосан, кимёвий моддалар қўлланилган ҳолда қимматбаҳо металларни ажратиб олиш технологиясидан фойдаланиш тақиқланади”.

Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари қўмитаси аъзоси Владислав Цветков 1 гектаргача бўлган ер бериш ҳолатини шарҳлади.

“Аукцион орқали ер берилишин тўғри тушуниш ва бунга аниқлик киритиш керак, бу ернинг ўзи ёки ер остидаги қимматбаҳо бойликлар сотилади дегани эмас, — деди Цветков. — Бунда фақатгина ер остидаги фойдали қазилмалар ва қимматбаҳо металлар, маъданларни қазиб олиш ва қайта ишлаш ҳуқуқи берилиши назарда тутилган. Дейлик, агар ўша ажратилган ер ҳудудидан 10 ёки 100 килограмм олтин чиқса, фуқаро уни уйига ташиб кетиши мумкин дегани эмас. У ўша топилган олтинларни белгиланган тартибда тегишли идораларга топшириши керак, бунинг учун унга қазиб олинган олтиннинг умумий қийматидан маълум фоизларда мукофот берилади”.

Айтилишича, ер қаъридан фойдаланувчилар томонидан ажратиб олинган қимматбаҳо металлар заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш учун лицензияга эга бўлган юридик шахсларга ва якка тадбиркорларга бозор нархида топширилади.

Мулоқот давомида 1992 йил 13 январда қабул қилинган “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонунининг 9-моддаси янги қисм билан тўлдирилгани айтилди. Унга кўра, сенатор ўз сенаторлик вазифасини бажарадиган вақтда, унинг иш жойи (лавозими) сақланган ҳолда ишдан озод қилиниши шарт. Шунингдек, сенаторлик вазифаларини бажараётган вақтда сенаторнинг ўртача иш ҳақи сақланиб қолиши кафолатланган.

Дарё.уз мухбири Мусулмонбек Иброҳимов прописка олиш тартиби, фуқароларга икки хил нархда бож белгилангани, агар фуқаро доимий пропискага эга бўлмаса, иккиламчи бозорда турар жой сотиб ололмаслиги ва бу ҳолатлар Конституцияга қанчалик мос экани ҳақида савол берди.

“Шахсий фикримни билдирадиган бўлсам, бу нотўғри, — деди депутат Иброҳим Ҳожиев. — Шахсан ўзимга ва бошқа кўп депутатларга ҳам айнан шу масалада жуда кўп мурожаатлар келиб тушади. Сизни ишонтириб айтаман, бу масала ҳам тартибга солинади. Шу муаммо юзасидан иш олиб бораётган ишчи гуруҳ таркибида депутатлар ҳам бор. Бу масала шундай қолмайди, ўзгариш бўлади. Албатта бу вақт талаб қилади, лекин узоқ кутмайсизлар. Босқичма-босқич тартибга солинади. Бу бўйича белгиланган топшириқлар бўлган”.

Шунингдек, Дарё.уз мухбири Regulation.gov.uz сайти орқали жамоатчилик муҳокамасига қўйилаётган қонун ҳужжатлари лойиҳаларининг аксарияти нега рус тилида экани, давлат тилидаги варианти йўқлиги, нега депутатлар шунга муносабат билдирмаётгани, ташаббус кўрсатмаётгани хусусида сўради.

“Дўстимизнинг эътирозлари тўғри. Айрим соҳалардаги муаммоларга вақт топмаяпмиз, — деди депутат Ислом Хушвақтов. — Журналистлар билан тез-тез учрашиб, кўпроқ мулоқот қилишимиз, таклифлар олиб туришимиз керак. Бу эътирозларни ёзиб олдик, буни тегишли қўмита раиси ва Спикерга етказамиз”.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Матбуот ҳизмати

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.