Фахрийларга ғамхўрликнинг ёрқин намунаси:Фахрий унвонлар соҳиби бўлган меҳнат қилувчи пенсионерларга жорий йилнинг 1 январидан бошлаб пенсия тўлиқ ҳажмда тўланади.

0
399
марта кўрилган.

Фахрий унвонлар соҳиби бўлган меҳнат қилувчи пенсионерларга жорий йилнинг 1 январидан бошлаб пенсия тўлиқ ҳажмда тўланади. Бундай имтиёз илм-фан, адабиёт ва санъат соҳаларида ижодий ишлари учун қалам ҳақи (гонорар) кўринишида даромад олувчи пенсионерларга ҳам тааллуқли.

Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 28 декабрдаги «Меҳнат фаолиятини олиб бораётган пенсионерларнинг айрим тоифаларига қулай шарт-шароитларни яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5291-сон фармонида келтирилган.

Фармоннинг  биринчи бандида шундай ҳуқуқий норма белгиланган. «Шундай тартиб ўрнатилсинки, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб: ишлаши ва фаолият соҳасидан қатъий назар, республиканинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига салмоқли ҳисса қўшгани учун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан «Халқ…», «Хизмат кўрсатган … арбоби» ва «Хизмат кўрсатган…» фахрий унвонларига эга пенсионерларга;

илм-фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлиги ҳамда улардан фойдаланилаётганлиги учун фақат муаллифлик мукофоти (гонорар) кўринишида даромад олаётган, лекин меҳнат шартномаси асосида меҳнат фаолиятини амалга оширмаётган пенсионерларга пенсиялар тўлиқ миқдорда тўланиши назарда тутилади».

Ҳозирга қадар ишловчи пенсионерларга пенсия тўлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан  2011 йил 30 апрелда рўйхатга олинган “Ишловчи пенсионерларга пенсия тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низом билан тартибга солинган эди.

Унга кўра, уруш ногиронлари ва қатнашчилари, уларга тенглаштирилган шахслар, Иккинчи жаҳон уруши йилларида ҳарбий хизматни ўтаган ёки фронт орқасида ишлаган шахслар, I ва II гуруҳ ногиронлари, фуқаролар йиғинлари ва маҳаллаларнинг раислари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия бўйича маслаҳатчи лавозимларида ишловчи пенсионер аёлларга пенсия юз фоиз тўланган.

Бу рўйхатга 2017 йилнинг 1 апрелдан бошлаб, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги, Қуролли Кучлари Академияси, олий ҳарбий таълим муассасалари ўқитувчилари ва илмий ходимлари, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ва Давлат божхона қўмитаси тизимидаги ҳарбий таълим муассасаларининг ўқитувчилари ва илмий ходимлари, ҳарбий-саноат комплекси таркибига кирувчи корхоналарнинг бошқарув ва ишлаб чиқариш ходимлари сифатида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ҳарбий хизматчилар ва ходимлар ҳам киритилганди.

Шунингдек Фармоннинг 3-бандида нафақадаги кишиларга яна бир енгиллик ўз ифодасини топган. «2018 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра: тайинланган пенсия ва нафақалар ҳисобланиши тўғрилигини текшириш натижасида аниқланган ортиқча тўланган пенсия ва нафақаларнинг қолдиқ суммаси — 65 ёшга тўлган ва ундан катта ёшдаги фуқаролардан, шунингдек, 2010 йилгача бўлган даврда тайинланган пенсия ва нафақаларнинг ортиқча тўланган пули қолдиқ суммалари ҳисобдан чиқарилсин», деб белгилаб қўйилган.

Бу ҳужжат мамлакатимизнинг меҳнат фахрийларига, кекса кишиларига бўлган ғамхўрликнинг  ёрқин намунаси ва амалиётидир.

 Раъно ЗАРИПОВА,

Ўзбекистон  Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.