Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Тадбирда таъкидландики, бугунги кунда жамият томонидан ҳудудий электр тармоқлари корхоналари орқали юртимиздаги 6,7 миллиондан ортиқ аҳоли хонадони ва 308 мингдан зиёд юридик истеъмолчиларга электр энергияси етказиб берилмоқда. Аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида жорий йилда электр тармоқлари ва трансформатор пунктларини модернизация қилинмоқда.
Қайд этилишича, “Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ)ни жорий этиш ишлари юзасидан шу пайтгача 24та туман ва шаҳарларда 950 мингдан зиёд замонавий электр ҳисоблагичлар ўрнатилган. Йил якунига қадар 2,5 миллиондан ортиқ электр ҳисоблагичлар ўрнатилади. 2020 йил якунига бориб эса 7 миллиондан ортиқ истеъмолчиларнинг барчаси ушбу тизимга тўлиқ уланади. Замонавий ҳисоблагичлар жамият маблағлари ҳисобидан ўртача 770 минг сўмдан харид қилинмоқда.
– Ушбу замонавий электр ҳисоблагичлар истеъмолчиларга бепул ўрнатиб берилмоқда, – деди Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш ва мувофиқлаштириш (АСКУЭ) дирекцияси директори Ботир Алимов. – Лекин бу маблағлар кредитлар ҳисобидан амалга оширилмоқда. Уни қайтариш керак. Маблағлар янги тизимга ўтганимиздан сўнг, бир кВт электр энергияси нархининг 15 сўми ҳисоблагичларнинг пулини қоплаш учун йўналтирилади. Бу — нархлар ошади, дегани эмас. Содда қилиб айтадиган бўлсак, масалан, бир кВт электр энергияси нархи 230 сўм бўлса, ана шу сумманинг 15 сўмини кредитга ажратамиз.
Мутахассислар журналистларнинг ҳудудларда электр узатиш билан боғлиқ саволларига жавоб берар экан, бу йил қиш мавсумида, агар ҳаммаси режа бўйича кечадиган бўлса, узилишлар бўлмаслигини таъкидлашди. Қайд этилишича, бу йил ўтган йиллардагига нисбатан кўпроқ электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда. Шу боис бу йил ўтган йиллардаги каби режа бўйича ўчириш бўлмайди. Фақатгина авария ҳолатларида ёки об-ҳавонинг кескин ўзгариши оқибатида энергияга бўлган талаб ошиб кетган тақдирдагина узилишлар бўлиши мумкин. Аммо бу ўзгаришлар режадан ташқари бўлгани боис олдиндан прогноз қилиш ва аҳолини огоҳлантириш имконимиз йўқ.
Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш ва мувофиқлаштириш (АСКУЭ) тизими жорий этилгач, истеъмолчиларга нисбатан турлича тарифлар қўлланилади. Жамият масъул ходими Даврбек Имомовнинг айтишича, хонадонларга нисбатан қўлланиладиган 300 кВтлик лимитдан кўзланган мақсад — тежаш маданиятини шакллантириш. (Маълумот учун, лимитдан ташқари ҳар бир кВт энергия 46 сўм қимматроқ нархда ҳисобланади).
– Тан олиш керак, бизда тежаш маданияти шаклланмаган. Масалан, Ўзбекистонда бир хонадон бир ойда ишлатадиган ўртача энергия сарфи 170 кВтга тенг. Лекин ёзда ва қишда 500 кВтгача чиқиб кетади. Агар тарифни 18 фоизга оширсак, одамлар 300 кВтдан камроқ ишлатишга ҳаракат қилади. Бу тизимга фойда, – деди Имомов.