Мамлакатимизда бугун инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш устувор вазифага айланди. Фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг бутунлай янги, самарали тизими яратилди. Одамлар билан мулоқот қилиш, уларнинг дардини тинглаш, қайнаётган муаммоларни бартараф этиш борасидаги ишлар янги босқичга кўтарилди.
Ҳозирги пайтда халқимиз турмуш тарзини яхшилаш, жойлардаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф қилишда давлат идораларининг раҳбар ходимлари томонидан ўтказилаётган сайёр қабуллар муҳим аҳамият касб этмоқда. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, «Бугун ҳаётимизнинг ўзи Конституциямизда ифодасини топган энг асосий мақсад – инсон манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш масаласини долзарб вазифа қилиб қўймоқда. Инсон манфаатларини таъминлаш учун эса аввало одамлар билан, халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиш керак».
Ана шу ҳаётий талабдан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири томонидан 2017 йилда Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган, Хоразм, Навоий, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Сирдарё, Жиззах, Андижон, Фарғона ва Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида сайёр қабуллар ўтказилди. Сайёр қабуллар жараёнида келиб тушган мурожаатларни тўлиқ ва холисона текширилиши ҳамда натижаси бўйича қонуний қарорлар қабул қилинишига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳар бир мурожаатнинг кўриб чиқилиши вазирлик томонидан алоҳида назоратга олинди.
Сайёр қабулларда жами 6067 нафар фуқаро қабул қилинди. Улардан 3760 та турли мазмундаги мурожаат келиб тушди. Бу жараёнда кўпдан буён аҳолини қийнаб келаётган муаммоларга шу жойнинг ўзида, тезкорликда ижобий ечим топилиши асосий диққат-эътиборда бўлди.
Сайёр қабуллар давомида келиб тушган мурожаатлар мазмуни бўйича таҳлил қилинганида, уларнинг 1388 таси ички ишлар органларига ишга қайта тиклаш, 243 таси ички ишлар органларига ишга кириш, 541 таси ички ишлар органларидаги терговга қадар текширув, дастлабки тергов ва суриштирув ҳамда 394 таси паспорт-виза масалаларига оидлиги маълум бўлди. Оила-турмуш доирасидаги келишмовчиликларга доир мурожаатлар 125 тани, турли ижтимоий-иқтисодий масалаларга доир мурожаатлар 522 тани ташкил этди. 102 та мурожаатда эса ички ишлар органлари ходимларининг ноўрин хатти-ҳаракатлари баён қилинди. Шунингдек, 445 мурожаатда бошқа турли масалалар ўз аксини топди.
Эътиборли жиҳати, мурожаатларнинг 340 таси сайёр қабул жараёнида ижобий ҳал этилди. 731 та мурожаат эса қабулдан сўнг кўриб чиқилиб, ижобий ечим топди. Шу билан бирга, 2558 та мурожаат юзасидан қонуний тушунтириш берилди, 131 таси қаноатлантиришдан рад қилинди. Шу ўринда мисолларга мурожаат этсак.
Сайёр қабуллардан бирида Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида яшовчи Гулзира Мўйдинова таниши Х. Абдулазизовга эшик ясаб бериши учун 600 АҚШ доллари миқдорида пул берганини, аммо орадан анча вақт ўтганига қарамасдан дурадгор ваъдасининг устидан чиқмаганлигидан, боз устига, пулни қайтармаётганлигидан норози бўлиб мурожаат қилди. Фуқаронинг мурожаати тегишли тартибда ўрганиб чиқилди ва унга 600 АҚШ доллари ундириб берилди.
Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида истиқомат қилувчи фуқаро Муҳаббат Насруллаева эса сайёр қабулда қизи М. Бобоёрова олий ўқув юртига контракт асосида ўқишга киргани муносабати билан унга банкдан 4 йил муддатга таълим кредити олишга ёрдам беришни сўради. Ушбу мурожаат ижобий ҳал қилинди – М. Бобоёровага таълим кредити ажратилди.
Шунингдек, Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманида яшовчи опа-сингиллар Мавлуда, Камола ва Шоҳида Ҳасановалар иш билан таъминлашда амалий ёрдам беришни сўраб мурожаат қилишди. Мазкур мурожаат назоратга олиниши натижасида улар шу куннинг ўзида Гулистон шаҳридаги «Бектекс» масъулияти чекланган жамиятига ишга жойлаштирилди.
Сайёр қабуллар якуни юзасидан жойларда ўтказилган муҳокамалар жараёнида ички ишлар органлари тизимида коррупция ва унинг турли кўринишларига қарши курашиш, шахсий таркиб ўртасида тамагирлик ва порахўрлик каби салбий иллатларга йўл қўймаслик, бу борада тарбиявий ишларни кучайтириш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишларини янада жадаллаштириш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Озодбек ЖЎРАБОЕВ,
ИИВ Жисмоний, юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш ва иш юритиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник.
Камол Оллоёров,
журналист.