Таҳририятдан: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида мамлакатимизнинг долзарб муаммоларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилиши анъанага айланди. Журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олмоқдалар. Масалан, навбатдаги мутахассислар билан журналистларнинг учрашувида ГМО маҳсулотлари масаласи кўтарилди.
Қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Дилором Ёрматова ушбу фикрга ўзининг муносабатини билдирди.
Олимлар таъкидлаганидек, бизнинг мамлакатимиз худудига ГМО маҳсулотларини киритиш қонун билан ман қилинган. Менимча бу жуда-ям тўғри. Аммо бизнинг далаларимизда ГМО уруғлари экилиб, улар бизда юқори ҳосил бераётганига мутлақо шубҳа йўқ.
Аслида ГМО бу нима дегани- ўсимлик, ҳайвон ва микроорганизмларга мутлақо бошқа тур организмнинг генларини киритишдир. Натижа олинган янги организмлар ҳашоратларга, касалликларга, замбруғ, вирусларга ёки қайси мақсадни кўзлаб ГМО ишлари олиб борилган бўлса шу йўналишда бехато ишлайди.
ГМО маҳсулотлар соҳасида дунё олимлари икки хил фикрда. Бир гуруҳ олимларнинг айтишича, ГМО маҳсулотлар инсон организмига таъсир кўрсатиб кейинги авлодларда унинг гени ўзгариши мумкин. Иккинчи гуруҳ олимларннг фикрича ГМО маҳсулотлари инсон организмига мутлақо таъсир кўрсатмайди. ГМО маҳсулотлар 1991 йилда бошлаб ишлаб чиқилмоқда. Мана, ўттиз йилга яқин вақт ўтди-ки, бу баҳслар барҳам топгани йўқ.
Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти раҳбари Йўлдош Саидназаровнинг “Ўзбекистонда ирсий ўзгартирилган мевалар йўқ, сабзавотлар бўлиши мумкин” деган фикрларига тўла қўшиламан.
Республикамизга фермерлар ёки табдиркорлар Исроил давлатидан сабзавотларнинг уруғини келтиришади. Бу давлатда ГМО маҳсулотларини энг янги технология ёки биотехнология деб, мақташади. Исроилдан келтирилган сабзавотлар, албатта, ГМО бўлади, помидор уруғлари ёки кўчатларини айрим тадбиркорлар олиб келишмоқда.
Европа мамлакатлари ГМО маҳсулотларига мутлақо қарши, улар ўз худудига ГМО маҳсулотларини олиб кираётган АҚШ давлатига махсус ГМОнинг код рақамларини қўйдирганлар. Масалан, PLU-кодда оддий сабзавотларда 5 рақам бўлса нарх ва этикеткасида, трансген маҳсулотлар кодида рақамлар 8 дан бошланади.
АҚШ давлатида барча озиқ — овқат маҳсулотларида ГМО маҳсулот мавжуд, аммо уларда “ органик ёки табиий” тамғаси бўлади, табиий маҳсулотлар бироз қиммат нархда сотилади. Шунинг ўзи ҳам табиий маҳсулотлар афзаллигини кўрсатиб турибди.
Жаҳон кезишни, хорижлик сафдошларим билан мулоқат қилишни хуш кўраман. Дунёда юртимизнинг мева ва бошқа маҳсулотларининг қадри баланд юради. Бу билан ҳамиша фахрланаман. Аслини олганда биздагидек ширин мевалар ҳеч қаерда йўқ. Ана шуни асраб қолишимиз керак.
Дилором Ёрматова, профессор