Карантин даврида жисмоний тарбия йўналишида нормативларни топшириш имтиҳонларини ўтказиш тартиби қандай?

0
233
марта кўрилган.

 АОКА ҳузуридаги штабда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бўлим бошлиғи Абдусамад Маманазаров иштирокида ўтказилган брифингда янги ўқув йили учун қабул жараёнлари тўғрисидаги саволларга жавоб берилди.

САВОЛ: Оҳангарон туманида яшайман. Тест имтиҳонларига шахсий автомашинамда Тошкент шаҳрига борсам бўладими ёки ўз ҳудудимизда топшираманми?

Жавоб: Оҳангарон нисбатан яқин туман бўлгани учун шахсий автомашинангизда келиб, тест топширишингиз мумкин.  Бироқ, таъкидлаш жоизки, тест ўтказилиш муддати COVID-19 туфайли жорий қилинган карантин тартибига бевосита боғлиқ.

САВОЛ: ОТМларга сиртқи бўлимлар учун қабул қачондан бошланади?

Жавоб: Сиртқи бўлимга ҳужжатлар кундузги бўлим каби 15 июндан 15 июлга (шу куни ҳам) қадар қабул қилинади.

САВОЛ: Карантин даврида жисмоний тарбия йўналишида нормативларни топшириш имтиҳонларини ўтказиш тартиби қандай?

Жавоб: Касбий (ижодий) имтиҳон ўтказиладиган таълим йўналишлари учун имтиҳонлар карантин, санитария-гигиена талабларига риоя этган ҳолда 11 июлдан 20 июлга қадар, алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишлари учун эса 25 июлдан 10 августгача ўтказилади. Карантин чекловлари давом этган тақдирда касбий (ижодий) имтиҳонларни ўтказиш муддатларига ўзгартириш киритилиши мумкин.

Ижодий ва тест имтиҳонлари (педагогик таълим йўналиши) асосида талабаликка қабул қилинадиган йўналишларда эса ижодий имтиҳонларнинг фақат биттаси (махсус жисмоний тайёргарлик) сақлаб қолинади ва қўшимча тест топширилади.

Абитуриентлар ижодий имтиҳонларни фақат бир кун ва узоғи бир соат ичида топширишади.

САВОЛ: Жорий ўқув йилида спорт йўналишидаги имтиҳонлар мавжуд бир нечта ОТМга ҳужжат топшириш мумкинми?

Жавоб: Алоҳида иқтидор талаб этиладиган ҳамда кириш имтиҳонлари таркибида касбий (ижодий) имтиҳон мавжуд таълим йўналишларига киришда абитуриентлар фақатгина БИТТА таълим йўналишида танловда иштирок этиши мумкин.

САВОЛ: Пандемия даврида ўқишини кўчира олмаганлар учун қандай имконият яратилган?

Жавоб: 2020 йилнинг 15 июлидан 5 августига қадар ҳужжатлар қабул қилинади (ҳужжатларни онлайн тарзда топшириш имконияти яратилади). 6 августдан 30 августга қадар аризалар кўриб чиқилиб, қарор қабул қилинади.

Карантин тадбирлари сабабли ўқишни кўчириш жараёнлари муддатларида ўзгаришлар бўлганда вазирликнинг расмий сайти (www.edu.uz) ва телеграм-канали (@eduuz) орқали эълон берилади.

САВОЛ: Талабалардан карантин пайтида шартнома пулини тўлашни талаб қилиш, акс ҳолда имтиҳонларга киритмаслик тўғрими?

Жавоб: Карантин вақтида талабаларнинг масофавий таълими йўлга қўйилган, бироқ талабаларни шартнома шартларини бажармаганлик учун талабалик сафидан четлатиш кун тартибига киритилмаган.

Шартнома пулини тўламаган талаба имтиҳонга киритилади, бироқ курсдан курсга кўчирилгани тўғрисида буйруқ расмийлаштирилмайди.

САВОЛ: Академик лицейларга ҳужжат топшириш қандай амалга оширилади?

Жавоб: 2020-2021 ўқув йили учун умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчи ўқувчиларининг ҳужжатларини академик лицейларда онлайн рўйхатга олиш жорий йил 10 июндан бошланади.

Академик лицейларда ҳужжатларни онлайн рўйхатдан ўтказиш бўйича маълумотлар билан вазирликнинг @eduuz расмий телеграм каналида жойлаштирилган ҳавола орқали батафсил танишишингиз мумкин.  Ушбу ҳавола орқали ўқувчилар ўзлари танлаган йўналишлар бўйича ҳужжатларини 10 июндан 30 июнга қадар рўйхатдан ўтказишади.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.