АОКА ҳузуридаги штабда онлайн брифинг ташкил этиш гўзал анъанага айланди. Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов иштирокида бўлиб ўтган брифингда карантин даврига оид кўпчиликни қизиқтирувчи саволларга жавоб қайтарилди.
Савол: Қўшнимнинг велосипедини ҳайдаб чиққан эдим, лекин ички ишлар органлари уни олиб қўйишди. Қачон велосипедни қайтариб олсам бўлади, қўшним ҳоли жонимга қўймаяпти?
Жавоб: Карантин чекловлари ечилганидан сўнг, Сиз, шахсингизни тасдиқловчи ҳужжат билан велосипед сақланаётган ички ишлар органлари биноси ҳудудидан ўзингизга тегишли велосипедни олиб кетишингиз мумкин. Велосипед сақалгани учун тўлов ундирилмайди.
Савол: Укам қамоқ жазосини ўтамоқда. Уни кўриб келишимга рухсат борми? Посилка олиб борсам бўладими?
Жавоб: Ҳозирги кунда коронавирус инфекцияси жазони ижро этиш муассасаларига кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахсларнинг яқин қариндошлари билан қисқа ва узоқ муддатли учрашувлари, шунингдек посилка ёки йўқлов ва бандероллар қабул қилиниши вақтинчалик ТЎХТАТИЛГАН.
Шу сабабли, карантин тугагунига қадар укангиз билан учрашиш ва йўқлов посилкаларингизни етказиш имконияти мавжуд эмас.
Агар Сиз муассасага мурожаат қилсангиз, укангиз билан масофада, яъни телефон орқали мулоқот қилишингиз мумкин.
Савол: Бухоро вилояти ИИВ академик лицейига ҳужжат топширган эдим. Имтиҳон қай тарзда олиб борилади? Карантин туфайли имтиҳонга ўзгартириш киритилиши мумкинми?
Жавоб: Ҳозирги кунда карантин тадбирлари давом этаётгани сабабли, имтиҳонларнинг қай тарзда ўтказилиши ҳақида якуний қарор қабул қилинманган.
Шунинг учун, ИИВ Академик лицейларига имтиҳон қабул қилиниши тартиби юзасидан Сизга ҳудудий ички ишлар органлари томонидан қўшимча равишда маълумот тақдим этилади.