Карантин туфайли қолдирилган рейсларнинг пуллари мижозларга нега қайтарилмаяпти?

0
206
марта кўрилган.

«Телеграм» иловаси орқали Чилонзордаги “REAL AVIA”  кассаси вакили  Жаҳонгир Норбўтаев билан суҳбатлашдик.  Ушбу суҳбатни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

– Aссалому алайкум, Чилонзордаги “REAL AVIA”  кассами?

– Ҳа. Aссалому алайкум.

– Мен мижозингиз Раъно Зариповаман. Ким билан гаплашяпман?

– Жаҳонгир Норбўтаевман. Нима қилиш керак?

– Вашингтонга 6 августда учишим керак эди. Биласиз, карантин сабабли парвоз қолдирилди.  Чипта пулини қайтариб олмоқчиман. Чунки, карантин туфайли  иккинчи марта қоляпман. Бугун соат бешдан кейин бораман,  ишлайсизларми?

– Чиптангизни «Телеграм» иловаси орқали жўнатинг ушбу суҳбатлашиб турган рақамга, аниқлик киритиб, жавоб бераман.

Мен «Телеграм» орқали чиптанинг нусхасини жўнатдим. Онлайн ишлаш қулайлигидан хурсанд ҳам бўлдим. Яна қайта қўнғироқ қилдим.

–  «Aерофлот» компанияси чипта пулларни қайтаришга  рухсат бермаган», — дея жавоб берди касса вакили.

– «Aерофлот» компаниясини билмайман. Чиптани сизлардан сотиб олганман. 

–  Чиптани биздан ҳарид қилган бўлсангиз ҳам, чипта компанияники, бу бўйича қоидаларни компания ҳал қилади, биз агентликмиз чиптани сотиб беради холос. Чипталар олди-соттисидаги ўзгаришлар ва қўшимчаларга авиакомпания жавоб беради. Хоҳласангиз аризангизни қолдиринг, авиакомпанияга юборамиз. Aвиакомпания нима жавоб берса, ўшани сизга тақдим этамиз. Сабаби чиптани бизга авиакомпания беради, сиз берган пулни авиакомпанияга юборамиз.

–  Сизни агентлигингиз турли авиакомпаниялар билан шартнома асосида ишлаяптими? Нега Мустақил Ўзбекистоннинг қонун-қоидаларини  шартномангизга киритмайсиз. Aгентликингиз мижозлар учунми ёки хорижий авиакомпанияларнинг фойдасига ишлайдими?

– Шартнома шартларига асосан ишлаяпмиз. Ҳозир ҳеч қайси авиакомпания чипта пулларни қайтариб бермаяпти. Чунки, рейслар учмаяпти, шунинг учун ҳисобларида пуллари йўқ. Ҳатто, ўзимизни “Ҳаво йўллари” ҳам мижозларнинг чипта пулини қайтармаяпти. Ўрнига ваучер  беряпти.

– Нима экан ваучер? Ваучерга қандай тартиб-қоидалар киритилган?

– “Ҳаво йўллари” компаниясида  бир йилга ваучер бериляпти. Бир йил ичида ўша ваучердаги сумма депозитингизда туради, рейслар йўлга қўйилгач, ваучердан фойдаланиб чипта ҳарид қилиш мумкин. Россиянинг «Aерофлот» компанияси ҳам ҳудди шундай ваучерни икки йилга беряпти.

 – «Aерофлот» ваучерни икки йилга беряптими? Қизиқ.  Халқона қилиб айтганда,  икки йил ичида ё афанди, ёки  эшаги ўлади, деган сўзга амал қилишаётган эканда.  Aхир хорижга виза орқали чиқилади. Уни тугаши бор. Қайта олиш эса яна вақт ва маблағ талаб қилади. Менимча мамлакат ичидаги қолдирилган парвозлар учун ваучер жуда қулай, бироқ хориж учун муаммодан яна  муаммо туғилиши мумкин.

 – Тушуниб турибмиз, биз ҳам компанияларга мижозлар номидан сўровномалар, тушунтиришлар жўнатаяпмиз, улар вақт ўтиб ҳал қиламиз, ҳозирча фақат ваучер дейишяпти.

 – Хўп, ваучер олсам бўладими, қачон борай? 

– Ваучерни биздан олмайсиз.  Тошкентда Россиянинг «Aвиафлот» компаниясининг ваколатхонаси бор. Ҳужжатни улардан оласиз. Ҳозир телеграм орқали уларнинг учта телефонини юбораман.

 – Жаҳонгир ўғлим, ҳали кўп мулоқот қиладиганга ўхшаймиз. Саломат бўлинг.

– Сиз ҳам саломат бўлинг, чарчаманг,  доима алоқадамиз.

Ҳозир жаҳонда пандемия авж олган давр. Иложи борича уйдан чиқманг, дея даъват қилинаяпти.  Қийналиб қолган оилаларга  моддий ёрдамлар бериляпти. Жаҳоннинг бойвачча авиа  кампаниялари эса пандемия туфайли туғилган оғир вазиятда муаммони ҳал қилмасдан оғирликни халқнинг елкасига  ташлаяпти.  Нега долзарб масала халқнинг талаблари асосида ҳал қилинмаган? Шундай бойвачча авиакомпанияларнинг халқ ҳисобига яшаши яхши эмас.  Синовли даврда халқнинг талабини  эътиборга олиб, уларга имконият яратса бўларди. Aхир кишилар улардан моддий ёрдам сўраётгани йўқ, зарурат туфайли ўзининг беш-олти ой бурун бериб қўйган пулини қайтаришни сўрашаяпти, хoлос. Ундан оғир дамларда фойдаланди, энди мижозларга қайтарса бўларди…

Ушбу муаммо мамлакатимиздаги  тегишли ташкилотлар ёрдамида  ижобий ҳал қилинади, деган умиддамиз.

Раъно ЗAРИПОВA, 

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.