Касб одоби

0
862
марта кўрилган.

Журналист фаолияти бошидан охиригача кишилар ўртасидаги ўзаро ижтимоий муносабатлардан иборат. Кишилар муносабати одоб-ахлоқ, ҳурмат, меъёрга асосланмаса, турли хил тушунмовчилилар келиб чиқиши табиий. Шу нуқтаи назардан ҳар бир фуқаро, шу жумладан журналист ҳам ўз иш фаолияти давомида касб одобига риоя этиши жуда муҳим.

Журналист иш жараёнида ахборот излаш, олиш, ва тарқатиш билан шуғулланар экан, аввало қонун доирасида иш кўрсалар, айниқса узатаётган материалларига масъулият билан ёндашиб, аниқ рақам ва далилларга асосланган ахборотлар берсалар, нафақат қонунларга, балки касб одобига ҳам риоя этган бўладилар. Аслида текширилмаган ахборотни эҳтиёткорсизлик қилиб, шошма-шошарлик билан узатиш, нотўғри, ёлғон маълумотлар тарқатиш нафақат касбий одобсизлик ҳисобланади, балки нопрофессионаллик белгиси ҳамдир. Шунинг учун бугун – ахборот глобаллашуви жараёни кечаётган бир даврда журналистларимиз тўғри, ишончли ва холис ахборот манбаларини излаб топишлари ва шундай ахборотларни халққа еткизишлари айниқса муҳим аҳамиятга эга. Чунки, ҳозирги кунда ахборот излашда журналистлар учун ҳар қачонгидан ҳам катта имкониятлар пайдо бўлган. Яъни интернетнинг пайдо бўлиши исталган ахборотни исталган вақтда, исталган ҳажмда, исталган ердан туриб олиш ва узатиш имконини берди.

Лекин журналистларимиз интернетдан тўғри ва холис ахборотларни танлашда ва узатишда баъзан адашишларга йўл қўйяптилар. Интернетдан жаҳон янгиликларини олаётганда ишончли ахборот манбаини топа олмаяптилар. Аслида текширилмаган ахборотни узатиш, билиб-билмай оммани адаштириш ҳам касб аҳлоқсизлиги белгисидир. Ахир журналистнинг ёзган ёки айтган икки сатр гапини миллионлаб киши ўқиши, эшитиши ва кўриши мумкин. Журналист жамият “об-ҳаво”сига таъсир этувчи шахсдир. Шунинг учун у ўзи тарқатган ахбороти учун жавобгардир. Журналист масъулияти касб одоби доирасидаги хусусиятдир. Айниқса, ахборот хуружи “урф” бўлаётган бир замонда улар ўзларининг профессионал одобларини унутмасликлари зарур. Шундагина халқ уларга ишонади, уларнинг ёзганларидан қониқиш ҳосил қилади.

Касб одобига риоя этиши нафақат жамият учун фойдали, балки журналистни ўзининг ҳимояси учун ҳам зарур. Касб этикасига амал қилган журналистга ҳеч ким даъво қила олмайди. У қонун доирасида иш кўрса, қонуннинг ўзи уни ҳимоя қилади.

 Журналистлар ахборот излаш ва тарқатиш давомида агар бирор шахс ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамият ва давлат манфаатларига путур етиши мумкин бўлса, бундай ахборотни оммавий ахборот воситаси орқали бермаслиги зарур (Конституциямизнинг 29-моддаси). Хорижда, айниқса Ғарбда юлдузларнинг, машҳур арбобларнинг ички ҳаётига аралашиш “анъана”си мавжуд. Мухбирлар, сураткашлар бирор кишининг ўз рухсатисиз яширинча суратга олиб, овоз ва тасвирларини аудио ёки видеотасмаларга ёзиб оладилар. Чет элда бундай, таъбир жоиз бўлса,“қинғир” йўл билан маълумот олишни “папарацци” деб атайдилар. Папарацци журналист касби одобига умуман зид бўлган фаолиятдир. Бизда бундай одобсизлик юз бермаслиги учун Конституциямизнинг 27-моддасида ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиши ва турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эга эканлиги, ҳеч ким қонун назарда тутган ҳоллардан ва тартибдан ташқари бировнинг турар жойига кириши, тинтув ўтказиши ёки уни кўздан кечириши, ёзишмалар ва телефонда сўзлашувлар сирини ошкор қилиши мумкин эмаслиги белгиланган. Бу қонун бевосита бизнинг соҳага ҳам дахлдор. Бу қонун бизнинг касб одобимизни ҳам белгилаб беради.

Хуллас, журналист ўз ишини масъулият билан бажариши, соҳасига эҳтиёткорлик билан ёндашиши, қонун ва касб одобига амал қилиши мақсадга мувофиқ. Чунки, касб одобига риоя этиш ижтимоий муносабатларни барқарор бўлишига хизмат қилади.

Ойдин САЪДУЛЛАЕВА

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.