Ларисахонимни касбдошлари Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг тирик тарихи тимсоли дея ардоқлашади. Чунки, Ларисахоним деярли эллик йилдирки, ижодий уюшмада фаолият юритади.
Эллик йил! Айтишга осон. Ярим аср бир жойда ишлаш- ҳам фахр ҳам касбга садоқат ҳам сабрли инсон ва яхши мутахассис деганидир.
Ташкилотда ишлаётган ходим борки, беихтиёр унга юзланади, ундан маслаҳат ва кўмак сўрайди. Ёш касбдошларининг барча саволларига унда жавоб бор.
Бутун умри ва ижодий меҳнатини Ўзбекистон Журналистлар уюшмасига, ушбу даргоҳ фаолияти ривожига бағишлаган меҳнаткаш, касбига содиқ, меҳрибон инсоннинг исми шарифи – Лариса Суреновна Арутюнова!
Куни кеча бир гуруҳ устоз журналистларга “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони топширилди. Улар орасида Лариса Суреновна ҳам бор ва бу унинг ярим асрлик фаолиятига муносиб баҳо ва эътироф бўлди.
Л.Арутюнова 2001 йил “Мустақилликнинг 10 йиллиги” кўкрак нишони, 2002 йил “Шуҳрат” медали, 2011 йил “Мустақилликнинг 20 йиллиги” кўкрак нишони билан тақдирланган.
GUJUM.UZ таҳририяти ҳам Уюшманинг фахри, меҳнаткаш ва камтарин инсон Лариса Суреновнани қўшалоқ байрами–унвон ҳамда таваллуд айёми билан самимий муборакбод этади ва узоқ умр, мустаҳкам соғлик, оилавий осойишталик тилайди.
Сувратлар jurnalistlar uz дан олинди.