Мақсад битта – ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишини таъминлаш, йўл-траспорт ҳодисаларининг олдини олиш

0
352
марта кўрилган.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари полковник Акрамхон Бобохонов, ИИВ жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси бошлиғи Қутбиддинхон Бурхонов, ИИВ Йўл ҳаракати Бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Эрали Бозоров ҳамда вазирликнинг бошқа мутасаддилари иштирокида брифинг ва ОАВ вакиллари билан мулоқот бўлиб ўтди.

Журналистларни қизиқтирган биринчи масалага жавоб. Ички ишлар вазири ўринбосари: Кундузи яқинни ёритувчи чироқларни ёқиб ҳаракатланиш назарда тутилган қарор лойиҳасига атиги 2 киши эътироз билдирган.

Йўл ҳаракати қоидаларига киритилаётган ўзгартиришлар, хусусан, барча автомототранспорт воситалари учун кундузи яқинни ёритувчи чироқларини ёқиб ҳаракатланиш шарт қилиб қўйилгани ва бундан кўзланган мақсад ҳақида изоҳ берилди.

“Ҳаво ҳарорати +35 градусдан +50 даражагача бўладиган БАА ва Малайзияда транспорт воситалари учун яқинни ёритувчи чироқларни ёқиб ҳаракатланиш тартиби белгиланган”, – деди вазир ўринбосари Акрамхон Бобохонов.

Вазир ўринбосари ҳайдовчиларнинг кундузи яқинни ёритувчи чироқларини ёқиб ҳаракатланиш талабига риоя қилмагани учун белгиланадиган жарималар миқдорини хорижий давлатларники билан таққослади.

“Швецияда, миллий валютамизда ҳисобласак, 1 млн 51 минг 836 сўм, Чехияда 732 минг 220 сўм, Эстонияда 1 млн 887 минг 510 сўм, Руминияда 574 минг 829 сўм жарима солинишига сабаб бўлади”, – деди Акрамхон Бобохонов.

Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи ҳукумат қарори лойиҳаси regulation.gov.uz сайтида бир ойдан ортиқ вақт давомида жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилгани маълум қилинди.

Вазир ўринбосарининг айтишича, лойиҳа билан жами 571 та фуқаро танишган, фақатгина 2 нафар одам кундузи яқинни ёритувчи чироқларни ёқиб ҳаракатланиш ҳақидаги моддага эътироз билдирган.

Ички ишлар вазири ўринбосари: Кундузи яқинни ёритувчи чироқларни ёқиб ҳаракатланиш назарда тутилган қарор лойиҳасига атиги 2 киши эътироз билдирган.

Журналистларни қизиқтирган иккинчи масалага жавоб. ИИВ мутасаддиси: «Биз билмаймизку, ойнасини рухсатномасиз қорайтириб олган ҳайдовчи қаерда нима иш қилиб юрипти»

ОАВ вакиллари “тонировка”, яъни ойналарни қорайтириш учун Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан жами нечта одамга рухсатнома берилгани ва давлат ғазнасига қанча пул тушгани ҳақида савол берди.

“Мен ҳозир статистик маълумотларни олиб келмаганман, – деди ИИВ Йўл ҳаракати Бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Эрали Бозоров. – Лекин шуниси аниқки, республика бўйича ойналарини қорайтирган фуқароларнинг сони умумий транспорт сонига нисбатан ҳисоблаганда 0,5 фоизни ҳам ташкил қилмайди”.

Журналистлар рухсатнома олмасдан “тонировка” қилганлик учун жарима миқдорининг кескин оширилишидан мақсад нима эканини сўради.

“Биз билмаймизку, ойнасини рухсатнома олмасдан қорайтириб олган ҳайдовчи қаерда нима иш қилиб юрипти. Кўпчиликнинг мақсади бошқа бўлиши мумкин, – деди Йўл ҳаракати Бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Эрали Бозоров. – Қолаверса, “тонировка” қилиш мажбурий талаб эмас, ихтиёрий. Мақсадимиз – ойналарни қонунга хилоф равишда қорайтиришнинг олдини олиш”.

📎 Маълумот учун: Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 126-моддасига киритилган ўзгаришга асосан, транспорт воситаларини тегишли рухсатномасиз “тонировка” қилиш (кўзгусимон ёки қорайтирилган ойнали) учун жарима энг кам иш ҳақининг йигирма беш баравари миқдорида (5 млн сўм) белгиланди.

Журналистларни қизиқтирган учинчи масалада  ИИВ жарималар давлат ғазнасини қоплаш учун ўйлаб топилаётганини рад этди.

Журналистлар кундузи чироқ ёқиб ҳаракатланиш оқибатида автомобилларда ёнғин келиб чиқаётгани ҳақидаги хабарлар қанчалик асосли эканини сўради.

“Биз бундай ҳолатларни Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси вакиллари билан ҳамкорликда ўрганамиз, – деди ИИВ Йўл ҳаракати Бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Эрали Бозоров. – Кундузи чироқ ёқиб юрилиши туфайли автомобиллар ёниб кетгани ҳақида бизда бирорта ҳолат қайд этилмаган. Бу ҳақда бизга Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси томонидан расмий маълумот берилган. Менимча, транспорт воситасида келиб чиққан ёнғин сабабларини унинг чироқларига боғлаш тўғри бўлмайди”.

Хусусий телеканаллардан бирининг мухбири қуйидагича савол берди:

“Куннинг ёруғ вақтида яқинни ёритувчи чироқларни ёқиб ҳаракатланмаганларга жарима тайинланди, – деди журналист. – Умуман, белгиланган тартибга амал қилмаганлик учун жазо чоралари кундан-кунга қатъийлашиб бормаяптими? Бундай жарималар давлат ғазнасини қоплаш учун ўйлаб топилаётгани ҳақида ижтимоий тармоқларда гап-сўзлар кўпаймоқда, фуқаролар норозилиги авж олмоқда. ИИВ тизимида аҳоли билан мулоқот, мурожаат ва аризалар билан ишлаш қандай қўлга қўйилган? Келиб тушаётган шикоятлар асосан қайси мавзуда?”

Йўл ҳаракати Бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари мурожаатлар мониторинги олиб борилиши, бироқ ҳозир ёнида уларнинг сони ва таснифланиши бўйича аниқ статистик маълумотлар йўқлигини билдирди.

“Шикоятлар сони ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан камайган, – деди Эрали Бозоров. – Бунинг сабаби тизимда кадрлар билимини оширишга қаратилаётган эътиборда, деб ўйлайман. Чунки малакасиз ва билимсиз кадрлар туфайли соҳадаги муаммолар вақтида ечилмай қолаверади, бу эса шикоятларни келтириб чиқаради. Жарималар нега жорий қилинади? Пул топиш учун эмас! Мақсад битта – ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишини таъминлаш, йўл-траспорт ҳодисаларининг олдини олиш.

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.