Маргарет Тетчер –дунё сиёсати оламида маълуму машҳур. Уинстон Черчиллдан кейинги энг машҳур Британия Бош вазири бўлиб, темир хоним дея ном олган. Британиянинг биринчи аёл бош вазири Маргарет Тетчер ушбу лавозимга уч марта сайланган.
У шундай дейди: – Ҳеч қачон бировнинг сиз ҳақингиздаги хулосасига қулоқ тутманг. Ҳатто сув устида юра олганингизда ҳам. «Қаранглар, у суза олмас экан» дегувчи одамлар топилади…
Ушбу ҳикмат Ўзбекистон қаҳрамони Абдулла Ориповнинг битта эшакка минган ота- бола ҳақидаги шеърий ривоятини эслатади:
Дастлаб ота бола битта эшакка мингашиб йўлга чиқишади. Уларни кўрган одамлар кичкина эшакка икки киши миниб олганига қаранг, дея кулишади.
Гапдан қочган ота ўзи пиёда юриб, ўғлини эшакка миндиради ва йўлида давом қилишади. Қишлоқлардан ўтаётганида яна кулишади. “Кап-катта одам пиёда-ю, болани эшакда гердайиб ўтиришига қаранг”.
Ота яна ҳолатни ўзгартиради. Ўзи эшакда, бола эса пиёда йўлини давом қилдиришади. “Ўзининг ўтириши-ю, бола бечорага қаранг” деб яна кулишади.
Дарҳақиқат, ўзгаларнинг фикри билан яшаш машаққат. Турфа феълли, турфа фикрловчи кишилар борлигини унитманг. Бу ўз ҳаётингиз, ўз фикрингиз, ўз йўлингиз билан яшанг, деган маънони англатади…
Р. ЗАРИПОВА