Олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидов билан онлайн мулоқот

0
117
марта кўрилган.

АОКА анжуманлар залида таълим соҳасига оид энг сўнгги янгиликлар юзасидан бўлиб ўтган онлайн-брифингда Олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидов муҳим савол ва мурожаатларга жавоб қайтарди.

САВОЛ: Магистратура мутахасисликлари битирувчиларининг магистрлик диссертациялари ҳимоялари қандай тартибда ўтказилади?

ЖАВОБ: Магистратура мутахасисликлари битирувчиларининг магистрлик диссертациялари ҳимоялари ZOOM ёки бошқа дастурлар орқали масофавий шаклда ўтказилади.

САВОЛ: Якуний давлат аттестацияларида узрли сабабларга кўра иштирок эта олмаган талабаларга қайта топширишга имкониятлар яратиладими?

ЖАВОБ: Республика миқёсида карантин чекловлари тўлиқ якунлангач, якуний давлат аттестацияларини узрли сабабларга кўра топшира олмаган талабалар учун якуний давлат аттестация комиссиялари фаолияти ташкил этилади.

 якуний давлат аттестация комиссиялари раислари бир календар йили учун тасдиқланади.

САВОЛ: Академик лицейларда якуний давлат аттестациялари имтиҳонлари қай тарзда ўтказилади?

ЖАВОБ: Якуний давлат аттестацияларини ўқув режага мувофиқ, қуйидагича ўтказиш режалаштирилмоқда: давлат имтиҳонлари шаклида 60 та тест (Ўзбекистон тарихи фани, йўналишлар бўйича чуқурлаштирилган фанлар)дан иборат тестлар тўплами блокларга ажралган ҳолда, кўп вариантлилик принципи асосида ишлаб чиқилади ва ўқувчилар масофавий тарзда интернет тармоғидан фойдаланган ҳолда имтиҳон топширадилар.

САВОЛ: Магистратурага кириш учун ҳужжатлар топшириш жараёни қандай ўтказилади ва муддатларида ўзгаришлар бўладими?

ЖАВОБ:  Магистратурага кириш учун ҳужжатлар белгиланган тартибда 1 июлдан 30 июлгача (шу куни ҳам) қабул қилинади.  2020/2021 ўқув йилидан бошлаб магистратурага кириш учун абитуриентларга электрон тарзда ҳужжат топшириш имкониятлари яратилади.

САВОЛ: ОТМи раҳбарияти битирувчи курс талабаларига контракт пулларини тўлаш керак, демоқда. Агар тўланмаса, талаба якуний назоратларга киритилмайди ва унга битирганлик тўғрисидаги диплом берилмайди, деб эшитдим. Шу тўғрими?

ЖАВОБ: Карантин даврида ўқув йили учун тўлов-контракт пулларини тўлиқ тўлашга улгурмаган талабалар ўқишдан четлатилмайди. Бу битирувчи курс талабаларига ҳам тааллуқли.

 Ҳар бир олий таълим муассасаси ўзининг молиявий имкониятидан келиб чиқиб, контаркт тўлови муддатини мустақил узайтириш ваколатига эга.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, тўловларни тўлиқ амалга оширмаган битирувчи курс талабалари шартли равишда, истисно тариқасида, якуний назоратларга киритилиши мумкин.

Лекин уларга ўқув йили учун белгиланган тўловни тўлиқ амалга оширганларидан сўнг олий таълим муассасасини тугатганлиги тўғрисидаги тегишли диплом берилади.

САВОЛ: Коллежларда битириш имтиҳонлари қандай ташкил этилади?

ЖАВОБ: Якуний имтиҳонларни онлайн ўтказиш бўйича таклиф киритилган. Касб-ҳунар коллежларида 2019/2020 ўқув йили учун истисно тариқасида, Якуний давлат аттестациясини онлайн тарзда ташкил этиш режалаштирилмоқда. Малакавий ишни бажарган битирувчилар ўз тақдимотларини интернет тармоғи орқали касб-ҳунар коллежларига тақдим этишлари мумкин бўлади.

САВОЛ: Магистратурага кириш имтиҳонлари қандай шаклда ўтказилади ва натижалар қандай эълон қилинади?

ЖАВОБ: Магистратурага кириш имтиҳонлари, карантин тадбирларидан келиб чиққан ҳолда, Низомда белгиланган шаклларда ёки тест шаклида ўтказилиши мумкин.  Кириш имтиҳонлари натижалари муайян олий таълим муассасаларининг расмий веб сайтларида эълон қилинади.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.