ОСТЕОПОРОЗ АЁЛЛАР ХАСТАЛИГИМИ?

0
7896
марта кўрилган.

Остеопороз олтмиш беш ёшдан ошган аёлларда анча кўп учрайди. Шунингдек, бу касалликка ўта озғинлик, эндокрин бузилишлар, менопауза(климакс)нинг барвақт бошланиши, узоқ вақт давомида дори-дармонлар қабул қилиш сингари ҳолатлар ҳам сабаб бўлади.

Хўш, ушбу хасталик нега аёлларда кўпроқ кузатилади. Унинг белгиси, даволаш усуллари қандай? ССВ матбуот хизматининг ушбу касаллик борасидаги саволларига тиббиёт фанлари номзоди Умида РУСТАМОВА жавоб берди.

— Остеопороз касаллиги нега ёши улуғларда кўпроқ учрайди?

— Маълумки, одам туғилганидан то 30 ёшга киргунича унинг суяклари тузлар ва микроэлементлар билан тўйиниб мустаҳкамланади. Ёши ўтгани сайин эса қон айланиш тизими издан чиқиши ва бошқа сабабларга кўра суяк ҳажми камая бошлайди, бу эса остеопорозга олиб келади.

Аслида суяк тўқимаси доимий равишда янгиланиб туради ва ҳар ўн йилда мутлақо янгиси билан алмашади. Болалар ва ўсмирларда 18 ёшгача суяк емирилишига нисбаттан янги суяк пайдо бўлиши тезроқ кечади. Кейинчалик бу жараёнлар тезлиги тенглашади. 40 ёшдан сўнг эса суякнинг юпқалашиши, яъни суяк емирилиши кучаяди.

— Остеопорозга олиб келувчи омиллар қайсилар?

— Остеопороз кўпинча организмда кальций ионларининг суякларга яхши сингмаслиги туфайли вужудга келади. Айтиш жоизки, организмда доимий равишда кальций ионлари емирилиб, улар ўрнига янги кальций ионларининг алмашиниш жараёни кечади. Агар шу мувозанат бузилса, яъни емирилган кальций ионлари ўрнига янгилари келиб тушмаса ёки кам тушса, суяк зичлиги камайиб боради. Бунинг сабаблари турлича.

Биринчидан, кальций моддасини емирувчи тўқима(остеокласт)лар фаолияти кучайиб, қурувчи тўқима(остеобласт)лар кальций ионларини етказиб беришга улгурмайди. Иккинчидан, қурувчи тўқималарнинг фаолияти сусайиши мумкин. Учинчидан, остеокластлар ва остеобластлар фаолияти бир вақтда бузилиши мумкин ва натижада суяклар зичлиги аста-секин камая бошлайди.

— Гормонал бузилишлар касаллик хавфини орттирадими?

— Организмдаги гормонал ўзгаришлар, яъни андроген ёки эстроген гормонларининг етишмовчилиги (айниқса, менопауза — климакс даври)да бу ҳол рўй беради. Аёлларда бачадон олиб ташланган ҳолатларда, остеопороз хавфи ортиши мумкин.

Гормонлар етишмаслиги туфайли кальций ионлари остеокласт емирувчи тўқималар фаолиятини кучайтиради, бундан ташқари, ичакда овқат билан тушган кальцийнинг ҳазм бўлиши қийинлашади.

Гормонал бузилишлардан ташқари организмдаги қалқонсимон без ва буйрак усти безларининг касалликлари остеопорозга туртки беради. Остеопороз нозик, озғин, кичик жуссали аёлларда кўпроқ учрайди, чунки семиз ва тўла одамларда оғирликни кўтариш учун суяклар ҳам бақувватлашиб, зичлиги ҳам шунга мос равишда ошади.

Организмда Д витаминининг етишмаслиги ҳам жиддий ҳодиса. Чунки мазкур витамин қурувчи тўқималарнинг фаоллигини оширади. Шунинг учун таркибида Д витамини кўп бўлган балиқ ва сут маҳсулотларини кам истеъмол қилган одамларда ҳам остеопорозга мойиллик кузатилади. Шу боис Д витаминига бой маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилиш талаб этилади.

— Остеопорознинг оғир асоратлари қандай?

— Остеопороз узоқ вақт давомида аста-секин ривожланади. Бемор буни сезмаслиги ҳам мумкин. Суякларда зичлик маълум даражада камайгач, оғриқ бошланади. Биринчи навбатда умуртқа поғонаси суяклари зичлиги камаяди, баъзан синади. Умуртқаларда синиш юзага келгандан, кейингина бемор оғриқ сезади. Афсуски, беморлар оғрик кучайгандан кейингина врачга мурожаат қилишади.

Касалликнинг оғир асорати — суякларнинг синиб қолиши, айниқса, сон суяги бўйнининг синишидир. Бу ҳолатда бемор юра олмайди, ётиб қолади. Камҳаракатлик касалликни баттар ривожлантиради ва ёш ўтгач, бу ҳол ногиронликкача олиб боради.

— Касалликнинг даволаш усуллари қандай?

— Ҳозирги кунда остеопороз касаллиги асоратлари жарроҳлик усулида даволанаяпти. Ҳатто кекса беморларнинг сон суяги синганда, вақтни ўтказмай операция қилинади. Айрим ҳолларда синган суяк бошчаси олиб ташланиб сунъий бўғимлар қўйилади.

Беморлар замонавий текширув усуллари (масалан, суяк касалликларини тез аниқловчи рақамли рентген аппарати)дан ўтишлари лозим. Бошқа текширувлар (денситометрия, улътратовушли ва рентгенологик) усуллар ҳам бор. 45-50 ёшдан кейин деярли барча аёллар бундай текширувлардан ўтиб турганлари маъқул.

— Остепорознинг олдини олиш учун нималар қилиш керак?

— Касалликнинг олдини олиш учун тўғри овқатланишга аҳамият бериш муҳим. Балиқ, тухум, сариёғ, сут каби маҳсулотларни, кўкатларни кўпроқ истеъмол қилиш керак. Кўкатлардаги калий суяк тўқимаси оқсили бўлмиш остеокальцин синтезига ёрдам беради.

Жисмоний машқларни бажариш, аёлларнинг рақс билан шуғулланишлари фойда беради. Рақс ҳаракатлари тана мувозанатини тиклайди, йиқилиш ва суяк синиши хавфидан асрайди. Теннис билан шуғулланиш, кўп пиёда юриш ҳам остеопорознинг олдини олади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.