Ота-она бўлиш осон, лекин яхши ота-она бўлиш қийин

0
463
марта кўрилган.

Ота-она бўлиш осон, лекин яхши ота-она бўлиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Ижтимоий тармоқларда боласига зулм қилаётган ота-оналар ҳақида тез-тез учратиб турамиз. Ҳеч ким ўз боласини ёмон бўлсин демайди. Фақат тарбия усулларига келганда нўноқлик қилади. Қуйидаги кичик маслаҳатлар яхши ота-она бўлиш сари етаклайди.

АСАБИЙЛАШМАНГ. Сиз қанчалик мулойим ва сокин бўлсангиз, болангиз ҳам шунчалик осуда бўлиб ўсади. Зеро, жаҳл чиққанда, ақл қочади, дейилади донишманд халқимиз мақолларида.

АЛДАМАНГ. «Боғчага йиғламасдан борсанг, паркка олиб бораман!», дедингизми, олиб боринг ёки ундай ваъда берманг. Болага берилган ваъдани бажариш жуда муҳим. Шунда у сизга ишонади ва талабларингизни осон бажаради.

УРМАНГ. Болани уришдан ёмони йўқ. Халқимиз болани урсанг эти қотади, дейди. Бу шунга ўрганиб қолади, жаҳлдор ва ўжар бўлади дегани. Урмай туриб ота-она ўз гапини ўтказиши мумкин. Уриш даражасига бордингизми, демак айбни ўзингиздан ахтаринг.

МАН ҚИЛИШДА ҲАМ ЧЕГАРА МАВЖУД. «У мумкин эмас, бу мумкин эмас», «Уни қилма, буни қилма», каби гапларни эшитаверган бола бора-бора бети қотиб, бу гапларга эътиборсиз бўлиб қолади. Аввало, ҳақиқатдан мумкин бўлмаган нарсалар билан сизга шунчаки ноқулайлик келтирувчи нарсаларни ажратиб олинг. Масалан, машина йўлга чиқиш, бировни нарсасини ўғирлаб келиш ҳақиқатдан маън қилиниши шарт бўлган нарса. Қумда янги кийимда ўйнаши, ҳовлида оёқ яланг юришни хуш кўриши ва лой чанги билан уйга  кириб келиши эса бу шунчаки сизга ноқулайлик ва ташвиш келтирувчи нарса. Ҳақиқатдан мумкин бўлмаган нарсаларга йўл қўйманг. Сизга ноқулайлик келтирадиган нарсаларга эса ман қилишни тўхтатинг.

ЎРНАК БЎЛИНГ. Ўзингиз сўкиб гапира  туриб болангизга «Сўкинма!» дея олмайсиз. Худди шундай куни билан телевизор кўрсангиз, телефон ўйнасангиз, бола ҳам дарс қилмай телевизор олдидан кета олмаганига, телефон ўйнаётганига ҳайрон бўлманг. Ўзгаришни ўзингиздан бошланг.

АЙБИНГИЗНИ ТАН ОЛИШНИ БИЛИНГ. Бирон ишда хато қилиб қўйсангиз болангиз олдида уни тан олишга одатланинг. Бундан бола хато қилишдан қўрқиб яшамай, хатони қандай қилиб такрорламасликни ўрганади. “Орланиб сўрамаган ўзига золим”, дейди халқимиз.

БОЛАНИ ЭРКА ҚИЛИШДАН ҚЎРҚМАНГ. Етти ёшгача эрка бўлган бола ҳаётда катта ютуқларга эришади. Фақат эркалиги янги ўйинчоқлар билан эмас, сизнинг меҳрингиз билан қоплансин. Ота-боболаримиз бежизга “етти ёшгача болага подшоҳга қарагандек муомала қил” дейишмаган.

КЕЧИРИМ СЎРАШНИ БИЛИНГ. Ҳар қандай киши хато қилиши мумкин. Жумладан, сиз ҳам ноҳақ бўлишингиз мумкин. Боладан кечирим сўрашдан қўрқманг. Шунда у меҳрлироқ ва сабрлироқ бўлишни ўрганади.

ҚУЧОҚЛАНГ! Болани кўпроқ қучоқлаб ўпишга, эзгу сўзлар билан эркалашга одатланинг. Айниқса  яхши ишлар қилганида мақтанг. Боланинг руҳиятини кўтаради. Эзгуликни англаб боради.

САБРЛИ БЎЛИНГ. Болага нисбатан ота-онанинг жаҳли чиқишининг энг асосий сабаби сабрсизликдир. Боланинг қилиқларига, ишига, ўқишига, юриш-туришига озгина сабр билан ёндашсангиз, у сизни фақат суюнтираётганини ҳис қиласиз.

Хуллас, яхши ота-она бўлиш учун “ички иммунитет” шаклланиши лозим. Айниқса қачон эркалаш керак-у, қачон тартибга чақириш кераклигини обдон ўрганиб олиш ва сабр-тоқатли бўлиш талаб қилинади.

Раъно ЗАРИПОВА тайёрлади.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.