“Ўзбекистон темир йўллари” АЖни ривожлантириш концепциясини Германиянинг “Дойче Банн” компанияси ишлаб чиқмоқда

0
92
марта кўрилган.

Аввал хабар берилганидек, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Транспорт вазирлиги мутасаддилари иштирокида “Авиа ва автомобил транспорти инфратузилмасини, жумладан, жамоат транспортини янада ривожлантириш стратегияси” мавзусида брифинг бўлиб ўтди.

Унда мамлакатимиз иқтисодиётининг энг муҳим тармоқларидан бири бўлган транспорт соҳасида йиллар давомида тўпланиб қолган муаммолар ва уларни бартараф этиш чоралари муҳокама қилинди.

Хусусан, темир йўл транспорти соҳасини ислоҳ қилиш, мазкур тармоқда транспорт хизматини кўрсатиш даражаси ва сифатини ошириш, юқори самарали локомотив ва қулай вагонлар билан таъминлаш ҳамда модернизация қилиш ишларига тўхталиб ўтилди.

2019 йил инвестиция дастурига мувофиқ “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан қиймати 512,19 млн доллар бўлган 23 та инвестиция лойиҳаси доирасида 1 200 та юк ва 50 та йўловчи вагонларини ишлаб чиқариш, 180 км узунликдаги темир йўлларни таъмирлаш ва бошқа бир қатор муҳим ишлар амалга оширилади”, — деди Транспорт вазири ўринбосари Илҳом Маҳкамов.

Темир йўлларда ташилаётган йўловчилар оқимини кўпайтириш мақсадида янги йўналишларда қатновларни жорий этиш, узунлиги 1079 км бўлган темир йўлларни электрлаштириш режалаштирилгани маълум қилинди.

“Айни дамда Германиянинг “Дойче Банн” компанияси томонидан “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятини ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилмоқда, — деди Илҳом Маҳкамов. — Бу концепцияда хизматларни такомиллаштириш, ишларни ташкил этиш жараёнини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш дастурларини бошқариш йўналишлари қамраб олинади”.

Журналистлар билан мулоқот давомида локомотивлар, вагонлар паркини босқичма-босқич янгилаш ҳамда кўпайтириш, мазкур йўналишда хусусий сектор улуши ошиб боришини рағбатлантирувчи сиёсат олиб борилиши айтилди. Ҳозирда хусусий вагонлар улуши 20 фоизни ташкил этиши билдирилди.

Хавфсизликни таъминлаш ва юқори иш самарадорлигига эришиш мақсадида йўловчи ва юк поездлари қатнови амалга ошириладиган йўлларни бир-биридан ажратиш кўзда тутилгани қайд этилди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.