Ўзбекистонда 65 гектар ерга заҳарли кимёвий моддалар кўмиб қўйилгани ва бу ҳудудлар қўриқланиши маълум қилинди

0
177
марта кўрилган.

Аввал хабар берилганидек,  Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикасининг  “Турғун органик ифлослантирувчи моддалар ҳақидаги Стокгольм конвенциясини ратификация қилиш тўғрисида”ги қонуни моҳияти ва аҳамиятига бағишланган брифинг ҳамда ОАВ вакиллари билан интервью бўлиб ўтди.

Тадбирда мазкур халқаро ҳужжат асосида мамлакатимизда экологик ҳолатни яхшилаш, аҳоли, атроф-муҳит, ўсимлик ва ҳайвонот учун юзага келиши мумкин бўлган салбий оқибатларни бартараф этиш имкониятлари муҳокама қилинди.

“Собиқ Иттифоқ даврида Ўзбекистонда ифлослантирувчи моддалардан кўпроқ қишлоқ хўжалигида, зараркунандаларга қарши курашишда фойдаланилган, — деди Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Тўлаган Абдулғозиев. — Уларнинг яроқлилик муддати ўтган ва ишлатиш ман этилган маълум бир қисми ҳали ҳам бизда бор. Бундан ташқари, илгари бизда қишлоқ хўжалиги авиацияси кенг қўлланилган, айниқса дефолиация жараёнларида. Қишлоқ хўжалиги обьектлари жойлашган туманларда қишлоқ хўжалиги аэродромлари бўлган, аэродромлар ҳудудида кимёвий воситалар сақланадиган омборхоналар бўлган. Учоқларга аэродромларда кимёвий воситалар юкланган. Натижада аэродром атрофидаги тупроқ ҳам маълум миқдорда зарарли ифлослантирувчи моддалар билан ифлосланган. Афсуски, бизнинг қўмитамизда ҳамма аэродромларни қамраб олиш, назорат қилиш имконияти йўқ. Лекин доимий мониторинг олиб борамиз. Мониторинг натижалари шунии кўрсатмоқдаки, ҳозирда айрим аэродромларда ифлосланиш даражаси меъёрлардан юқори”.

Қонунчилик палатаси депутати Хайрулло Ғаффоров заҳарли моддалар юртимизда яна қаерларда мавжуд экани, умумий қанча ҳажмни ташкил этиши ҳақида маълумот берди.

“Турғун органик ифлослантирувчи моддалар парчаланиши қийин бўлган, биологик тўқималарда тўпланиш имкониятига эга бўлган моддалар ҳисобланади, — деди депутат Ғаффоров. — Ҳозирги кунда, аэродромлардан ташқари, республикамизнинг 13 та ҳудудида жами 65 гектардан ортиқ ер майдонига заҳарли кимёвий моддалар бетонлаб кўмиб қўйиган”.

Олий Мажлис вакилининг билдиришича, бу жойлардаги ҳолат, теваракдаги сув манбалари, тупроқ таркиби Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази ҳамда Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси органлари томонидан мунтазам равишда мониторинг қилиб борилади.

“Шу вақтга қадар кўмилган заҳарли моддаларнинг ён-атрофга таъсири бўйича ҳеч қандай салбий ҳолатлар кузатилмаган, — деди Хайрулло Ғаффоров. — Яъни, йўл қўйиладиган даражадан ортиб кетган миқдорда аниқланмаган”.

Журналистлар бу ҳудудлар инсон саломатлиги ва экология хавфсизлиги нуқтаи назаридан стратегик аҳамият касб этиши мумкинлиги хусусида тўхталиб, “Қўриқланадими?” деган савол билан мурожаат қилди.

“Ушбу махсус объектлар “Ўзагрокимё” акциядорлик жамиятига тегишли ва улар албатта қўриқланади”, — деди қўмита бошқарма бошлиғи Тўлаган Абдулғозиев.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.