Сайтимизнинг жонкуяр волонтёри, заҳматкаш, меҳнаткаш доимо изланишни хуш кўрадиган олима, тиббиёт фанлари номзоди Шоира Бекчанова билан долзарб мавзу – ҳомиладорлик даврида коронавирусдан ҳимояланиш чоралари хусусида суҳбатлашдик.
– Пандемия бошлангандан бери тинмай ишладингиз. Касалланиб қолишни ҳам ўйламадингиз.
– Мен касбимни жуда севаман. Айниқса УЗД бўйича мутахассисликни. Чунки, ҳар қандай касалликни даволаш тўғри ташҳис қўйишдан бошланади. Врач анестизолог эдим. Замонавий ташҳиз аппаратлари тиббиётга кириб келаётган дастлабки даврдаёқ бу мутахассисликка Республика тиббиёт малака ошириш институтида ўқиб, янада малакамни оширдим. Ҳозир Хоразм вилоят туғруқхонасида ишлайман. Туғруқхона фаолияти, амалиёти кутиб туришни билмайди. Туғруқнинг Оллоҳ берган вақти саоти бор. Биз уни режалаштира олмаймиз. Шунинг учун пандемия шароитида ҳам тинимсиз ишладик. Қолаверса, баъзи беморларга туманларда ташҳис қўйишга қийналишса янада аниқлаштириш мақсадида бизга олиб келишади. Туғруқхонада иш ҳамиша қайнаб туради, ҳар қандай шароитда тўхтамайди.
– Тўғри таъкидладингиз, ҳомиладорлик даври кутиб туришни билмайди. Ҳомиладор аёлда короновирус касаллиги бўлмаса, туғруқ пайтида эри ёки яқин қариндошлари ҳамроҳлик қилишлари мумкинми?
– Эпидемиологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда туғруқ вақтида карантин тартиб қоидаларига қатъий амал қилиб ҳамроҳликни чекланиш шарт. Яна туққан аёллар бўлимларига ҳам ташрифларни тўхтатиш лозим. Шунингдек, ҳомиладор аёлларга оила аъзолари ва яқинлари билан алоқада бўлиш учун замонавий технология турли хил видеоалоқа воситаларидан фойдаланиш тавсияси этилади. Ушбу чоралар касаллик тарқалишининг олдини олади.
– Касал аёллардан туғилган чақалоқларда короновирус инфекциясига текширув ўтказиладими?
– Ҳа. Янги туғилган чақалоқни короновирус инфекциясига текшируви туғилганидан сўнг 12-24 соат ўтгач амалга оширилади. Ташҳис натижаларини тасдиқлаш учун такрорий тест 24 соатдан кейин амалга оширилади. Текширув учун биоматериал сифатида бурун-ҳалқум ёки оғиз-ҳалқумдан суртма олинади.
– Короновирус инфекцияси юқтирган беморлар бепуштликка чалинишлари мумкинми?
–⚡️Коронавирус дардига чалинган беморларда бепуштлик ривожланиши исботланмаган.
– Ижтимоий тармоқларда туғруқхонага келаётган аёллардан тест топшириб келиш талаб қилинаётган ҳолатлар ҳақида маълумотлар учрамоқда, тест натижаси бўлмаса, қабул қилинмайдими?
– Бу нотўғри фикр. Суҳбатимизнинг аввалида ҳам айтдим. Туғруқхона фаолияти ҳар қандай шароитда ҳам тўхтатилмайди. Чунки ҳар бир ҳомиладор аёлга ёрдам кўрсатиш зарур, уларнинг Оллоҳ насиб этган табиий вақтни ўтказиб юбормаслик керак. Шунинг учун ССВ нинг буйруғи билан ҳар бир туғруқхона ҳомиладор аёлларни тест натижаларисиз қабул қилишлари шарт.
– Короновирус узоқ масофага ҳаво орқали тарқалиши мумкинми?
– Йўқ, коронавирус узоқ масофаларга ҳаво орқали тарқалмайди. Бу вирус асосан йўталган ёки аксирган пайтда касал одамнинг оғзидан ёки бурнидан сачраган томчилар орқали юқади.
– Ҳомиладор аёл коронавирусни юқтириб олмаслиги учун нималар қилиши керак?
– Аввало, карантин тартиб қоидаларига тўлиқ амал қилиши шарт. Шунингдек, ушбу дардига қарши курашда иммунитетни ошириш жуда муҳим. Иммунитети мустаҳкам бўлган инсонларда бу касалликка чалиниш хавфи жуда паст бўлади, чалинган тақдирда ҳам осон ўтказадилар. Иммунитетни мустаҳамлаш учун тўғри овқатланиш, бадантарбия ва нафас машқларини мунтазам бажариш керак. Таомнома албатта, оқсилларга бой неъматлардан иборат бўлиши, таомлар хилма-хил ва таркибида минераллар, витаминлар, айниқса С витамини сероблигига эътибор бериш мақсадга мувофиқ.
– Долзарб мавзудаги маслаҳатларингиз учун раҳмат. Эл хизмати йўлидаги сермашаққат фаолиятингизда омадлар, ўзингизга мустаҳкам саломатлик тилаймиз.
Суҳбатдош: Р. САПАЕВА
Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди гранти асосида уюштирилди.