Ҳаёт бир текис эмас. Баъзан турли ташқи омиллар сабаб инсон тан жароҳати олиши ёки туғма нуқсонлар билан туғилиши мумкин. Бу эса ташқи кўринишда ноқислик ва органлар функционал етишмовчилигига сабаб бўлиши мумкин. Бундай пайтда пластик жарроҳлик амалиёти орқали инсон ўз саломатлигини тиклаш имконига эга бўлади. Бу эса ушбу соҳа тиббиётнинг муҳим йўналиши эканидан далолат беради.
Хўш, мазкур амалиётнинг муҳимлиги нимада? Унинг қандай турлари бор? CCВ Матбуот хизмати саволларга Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим мудири Бобур Тоировдан жавоб олди.
– Пластик жарроҳлик амалиёти ўзи нима? Дастлаб шу ҳақида маълумот берсангиз.
– Маълумки, кўпчилик инсонлар ташқи кўринишидаги нуқсонлар туфайли руҳий зўриқиш (стресс)га тушиб, одамлардан, жамиятдан ўзини четга торта бошлайди. Пластик жарроҳлик амалиёти эса ана шундай шахсларни жамиятга қайтариб, уларни аввалгидек ҳаёт кечиришига яқиндан кўмаклашади.
Шу боис, бу соҳани янада ривожлантириш, унинг тармоқларини кенгайтириш зарур. Яъни, бу соҳа фақатгина гўзал бўлиш истагидаги аёлларнинг орзулари ушалишига ёрдам берибгина қолмай, балки кимнингдир ташқи кўриниши ёки танасига етган турли жароҳатлардан кейинги асоратларни даволаш, куйишдан кейинги келоид чандиқлар ва функционал етишмовчиликларни бартараф этиш ҳамда туғма нуқсонлар билан туғилган болаларни даволашда ўрни беқиёс.
Пластик жарроҳликда тўқималарнинг жойи ўзгартирилиши, бемор танасининг бошқа қисмидан олинган тўқималар кўчириб ўтказилиши, бемор тўқималари ва организмига ёт, бироқ унга безарар бўлган (металл, пластмасса, синтетик тола)лар имплантация қилиниши мумкин.
– Пластик жарроҳлик амалиёти нечта йўналишда бажарилади?
– Бугунги кунда пластик жарроҳлик 2 та йўналиш бўйича амалга оширилади. Улар пластик реконструктив жарроҳлик ва пластик эстетик жарроҳликка бўлинади.
Реконструктив пластик жарроҳлик амалиёти туғма ва орттирилган нуқсонлар — бош суяги аномалияси, юқори ва пастки жағларнинг туғма ва орттирилган деформациялари, куйиш, автоҳалокат, оғир касаллик сабабли орттирилган нуқсон ва деформациялар оқибатларини бартараф этиш, тўғрилаш, тана аъзоларига маълум вазифаларини қайтариш мақсадида амалга оширилади.
Эстетик пластик жарроҳлик амалиёти эса асосан юз ва тананинг йиллар ўтиши мобайнида ривожланган эстетик етишмовчиликларини бартараф қилишга ёрдам беради.
– Бугунги кунда қандай пластик жарроҳлик амалиётлари кўп ўтказилмоқда?
– Пешона ва бўйин терисини торттириш, бурун, ияк ва қулоқларни коррекция қилиш, қорин ва бел соҳасида липосакция, блефаропластика, қошлар пластикаси, қўлларни ёшартириш каби пластик жарроҳлик амалиётлари нисбатан кўп ўтказилади.
– Эстетик пластик жарроҳлик амалиётининг саоматликка зарари борми?
– Бугунги кунда аёллар ўртасида эстетик жарроҳлик амалиётига қизиқиш юқори. Бироқ ҳар қандай тиббий муолажадан олдин бўлганидек, пластик жарроҳликда ҳам шифокор ҳар бир бемор билан индивидуал тарзда суҳбат ўтказиши лозим.
Суҳбатда унга операция жараёнининг кечиши, оғриқсизлантириш услуллари, қилинган амалиёт қанчалик натижа бериши ва кузатилиши мумкин бўлган асоратлар ҳақида тушунтирилади.
Айрим мураккаб операциялар бир неча босқичда ўтказилиши боис бемор ва унинг яқин қариндошлари бунга руҳий тайёр бўлиши зарур. Агар ҳар бир муолажа етук мутахассислар томонидан бажарилса, операциядан сўнг деярли ҳеч қандай салбий ўзгариш кузатилмайди.
– Пластик жарроҳлик амалиётидан аввал бемор қандай тиббий текширувлардан ўтади ҳамда операциядан сўнг нималарга эътибор бериш лозим?
– Ҳар бир пластик операциядан олдин беморлар тўлиқ клиник ва лаборатор текширувлардан ўтади. Агар текширув жараёнида қўшимча патологиялар аниқланса, операция тор доирадаги мутахассислар, яъни терапевт, педиатр, анестезиолог, эндокринолог, психолог кўригидан сўнг амалга оширилади.
Бемор биринчи навбатда жарроҳлик амалиётидан кейинги асоратлардан эҳтиёт бўлиш лозим. Масалан, айримлар танасида операциядан сўнг йиринглаш кузатилиши мумкин.
Қолаверса, инфекциянинг организмга тушиши оқибатида соғлом тўқималар яллиғланади. Баъзи ҳолларда эса йиринг ўрни чандиғ бўлиб қолиши мумкин. Шу боис, бемор шифокор кўрсатмаларига тўлиқ риоя қилиши, ҳар бир муолажани у билан бамаслаҳат амалга ошириши зарур.