Саида Мирзиёева: Жамоат фондимиз “Xavfsiz Yordam” лойиҳасини бошлади

0
246
марта кўрилган.

Хушхабарнинг қаноти бор, дейишади. Саида Мирзиёеванинг гўзал ташаббус ҳақидаги фикрларини АОКАнинг телеграмдаги саҳифасида ўқидик. Унда шундай дейилади:

Бугунги таҳликали кунларда ўн минглаб одам бир-бирига ёрдам қўлини чўзмоқда, қалбининг бир парчасини бериб, бир-бирини қўллаб-қувватламоқда. Оғир аҳволда қолганларга далда бўлаётган ҳамма-ҳаммадан беҳад миннатдормиз. Фондимиз ҳам бу ишларда фаол иштирок этмоқда. 

Аммо, пандемия муҳтож инсонларга кўмак бериш масаласига бошқача кўз билан қарашга бизни мажбур қилди. Ёрдам бериш жараёнида салбий оқибатлар келтириб чиқармаслик, яъни имкон қадар “бевосита мулоқот қилмаслик” қоидасига риоя қилиш зарур эди. Шу тариқа “Xavfsiz Yordam” лойиҳаси пайдо бўлди.

Биз карантин туфайли моддий аҳволи оғирлашган аёллар учун мингта Uzсard картасини тайёрлатдик ва Жамоат фонди ҳисобидан бир миллиард сўм ўтказдик. Бутун республика бўйлаб ижтимоий ҳимояга муҳтож, фарзандларини ёлғиз тарбия қилаётган, ишсиз қолган минг нафар аёл танлаб олинди. Уларнинг рўйхатини тузишда бир қатор ташкилот ва кўнгиллилар жамоалари, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси, Тошкент шаҳар ИИББ Ҳуқуқбузарлик ва профилактика бўлими, Маҳалла ва оилани қуллаб-қувватлаш вазирлиги Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази яқиндан ёрдам берди. Зеро, ким биринчи навбатда кўмакка муҳтож эканлиги айнан уларга маълум.

Мингта карта дегани – денгиздан томчи холос, аммо биз ушбу ташаббус бошқаларга ҳам ибрат бўлади, деган умиддамиз. Картадаги миллион сўм маълум муддат рўзғор тебратишга имкон беради.

Мазкур лойиҳага ҳиссаси қўшилган, бизга ёрдам берган барчага миннатдорчилик билдирамиз. Ўн кун давомида мингта картанинг ҳар биттаси ўз соҳибасига етказилади.

Бугун бутун дунёда бўлгани каби бизда ҳам иқтисодий инқироз юз бермоқда. Аммо айнан шундай синовли кунларда халқимизни жипслаштирадиган энг ажойиб таклифлар ва энг зўр ғоялар туғилишига менинг ишончим комил.

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.