Сайлов ва оммавий ахборот воситалари

0
954
марта кўрилган.

Сўз ва ахборот эркинлиги, ўз фикрини эркин билдириш, ахборот олиш ҳуқуқи энг асосий ва халқаро тан олинган инсон ҳуқуқларидан ва демократик жамиятнинг асосий элементларидан би­ри ҳисобланади. Эркин ва демократик жамиятда мазкур ҳуқуқни таъминлаш мустақил ва плюралистик оммавий ахборот воситаларини тақозо қилади.

Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан илгари сурилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш алоҳида кўрсатиб ўтилди.

Амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ охирги уч йилни оладиган бўлсак, мамлакатимизда очиқлик ва ошкоралик, сўз ва матбуот, фикр эркинлиги ҳаётимиз мезонига айланганини барчамиз ўз кундалик турмушимизда яққол сезмоқдамиз. Кейинги пайтда мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида кескин жонланиш бўлди, уларда соғлом танқидий руҳ кучайиб, юртдошларимиз ўз фикрларини очиқ-ошкора, дадил айтаётганлиги алоҳида эътиборга лойиқ.

Айниқса жамиятимиз ҳаётида демократик принципларни мустаҳкамлашда, сайловларнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашда оммавий ахборот воситалари ниҳоятда муҳим ўрин тутади.

Мамлакатимиз миллий сайлов қонунчилигини таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, оммавий ахборот воситалари сайлов жараёнида ахборот бериш, хабардор қилиш (сайлов кампанияси ҳам ОАВ орқали эълон қилиниши сайловни ўтказишнинг муҳим шартидир); жамоатчилик назорати сифатида кузатиш, сайловолди ташвиқот
ва сайловга оид ҳуқуқий тарғибот воситаси бўлиб хизмат қилади.

Сайлов кампаниясидаги барча муҳим воқеа ва янгиликларни фуқаролар оммавий ахборот воситалари орқали биладилар. Агар ўтган 2016 йилги сайловлардан мисол келтирадиган бўлсак, сайловни 615 та миллий ва 272 та хорижий оммавий ахборот воситалари, шу жумладан 315 та хорижий ва миллий Интернет нашрлари ёритиб борган. Мамлакатимиз ва чет элнинг 1 400 нафардан ортиқ журналистлари иштирокида сайлов кампаниясининг муҳим босқичларига бағишланган 180 та матбуот анжумани ва онлайн брифинглар ўтказилган. 22 700 дан зиёд мақола ва ахборот материаллари эълон қилинган, кўрсатув ҳамда эшиттиришлар эфирга узатилган.

Сайлов кодексининг  36-моддасига асосан Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови бўйича сайлов кампанияси бошланганлиги уларнинг ваколатлари муддати тугашидан камида уч ой олдин Марказий сайлов комиссияси томонидан оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади. 57-моддага асосан муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти ҳам сайловчиларнинг, кузатувчиларнинг эътиборига оммавий ахборот воситалари орқали етказилади.

Сайлов кодексининг 54, 58-моддаларига асосан участка сайлов комиссиясининг раиси овоз бериш бошланганлигини ҳам, тугаганлигини ҳам оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳозирлигида эълон қилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов якунларига кўра Марказий сайлов комиссиясининг қарори ҳам унинг расмий веб-сайтида ва бошқа манбаларда эълон қилинади.

Марказий сайлов комиссиясининг жорий йил 11 сентябрдаги қарори билан Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро матбуот маркази ва унинг минтақавий бўлинмалари ташкил этилди. Марказий сайлов комиссияси етакчи оммавий ахборот воситалари билан сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини ёритиш бўйича икки томонлама шартномалар имзолади.

Хўш, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминланишида оммавий ахборот воситаларининг роли қандай? Фуқаролар сайловга тайёргарликнинг боришини ва сайлов қандай ўтаётганлигини, сайлов комиссияларининг ишини, уларнинг қарорларини, сайлов округлари, участкалари тузилганлиги ҳақида, сайлов комиссияларининг таркиби, уларнинг жойлашган ери ва иш вақти тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали хабардор бўладилар, сайловда иштирок этаётган сиёсий партияларнинг рўйхати билан танишиш имкониятига эга бўладилар, номзодлар тўғрисидаги, шунингдек овоз бериш ва сайлов якунлари ҳақидаги маълумотларни оммавий ахборот воситалари орқали билиб оладилар.

Оммавий ахборот воситалари орқали фуқаролар ўз сайлов ҳуқуқларини қай тарзда амалга ошириш, сайловда қатнашаётган турли сиёсий партиялар ва номзодларнинг асосий сайловолди сиёсий позициялари ва жамиятдаги турли масалаларга қарашларидан хабардор бўлиш ҳамда айни вақтда бунга ўз фикрларини билдириш имкониятига эга бўладилар.

Оммавий ахборот воситаларининг сайлов жараёнидаги яна бир муҳим иштироки уларнинг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларни ёритиш ҳуқуқи билан боғлиқ. Сайлов кодексининг 8, 35-моддаларига асосан оммавий ахборот воситаларининг вакиллари сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларни ёритиш, сайлов куни овоз бериш биноларида, шу жумладан овозларни санаб чиқиш чоғида ҳозир бўлиш ҳуқуқига эга.

Оммавий ахборот воситалари вакилларининг ваколатлари Марказий сайлов комиссияси, вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари томонидан берилган ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши керак. Бошқа давлатларнинг оммавий ахборот воситалари вакилларини Марказий сайлов комиссияси аккредитациядан ўтказади. Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 5 октябрдаги қарори билан Сайлов кампанияси даврида оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисида Низом тасдиқланди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари сайлов кампанияси бошланганлиги расман эълон қилинган кундан бошлаб, қоида тариқасида, сайловга камида ўн беш кун қолгунга қадар МСК, вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссияларига уларни аккредитациядан ўтказиш тўғрисида мурожаат қилишлари мумкин.

Сайлов жараёнининг барча тадбирлари оммавий ахборот воситалари нигоҳида бўлиши сайловларимизни очиқ ва ошкора, эркин ва адолатли ўтказилишига, жамоатчилик назоратини таъминланишига хизмат қилади.

Яна бир масала. Сиёсий партиялар, депутатликка номзодларнинг оммавий ахборот воситалари билан сайлов жараёнидаги муносабатлари нималарда кўринади?

Бунда оммавий ахборот воситаларининг сайлов кампаниясидаги энг муҳим роли сайловолди ташвиқот босқичида намоён бўлади. Сайловолди ташвиқоти – бу сайлов кампаниясининг энг муҳим босқичларидан бири бўлиб, бир ойдан ортиқ вақт давом этади, яъни сайловга 35 кун қолганида бошланади ва бир кун қолганда тўхтатилади. Сайлов кодексининг 45-46-моддаларига асосан ташвиқот матбуот конференциялари, интервьюлар, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар шаклларида ҳам олиб борилиши мумкин. Ташвиқот оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация тармоқлари, шунингдек Интернет орқали ҳам амалга оширилади.

Бунда адолатни таъминлашнинг энг муҳим шарти барча партиялар, номзодлар учун тенгликни кафолатлаш ҳисобланади. Қайд этиш жоизки, дунёнинг айрим давлатларида сайловолди ташвиқотда аввалги сайловларда парламентда олган ўринларига пропорционал равишда оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишни тақсимлаш тажрибаси ҳам мавжуд. Мамлакатимиз сайлов қонунчилигида эса барчага аввалги сайловда эгаллаган ўрнидан қатъи назар тенг имконият берилади. Шунинг учун Сайлов кодексига кўра ташвиқот олиб борилаётганда давлат оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда ҳажмига кўра бир хил бўлган эфир вақтини ва нашр майдонини бепул бериш йўли билан тенг шароитлар таъминланади. Давлат оммавий ахборот воситаларида ҳақ эвазига ҳам эфир вақти ёки нашр майдони ажратилиши мумкин. Нодавлат оммавий ахборот воситаларида қонун ҳужжатларига мувофиқ эфир вақти ёки нашр майдони ажратилиши мумкин.

Оммавий ахборот воситалари томонидан эфир вақти, нашр майдони учун белгиланадиган ҳақ тўлаш шартлари ҳамда бошқа талаблар барча учун тенг ва бир хил бўлиши керак.

Бепул эфир вақтидан сиёсий партиялар вакиллари ва депутатликка номзодлар оммавий дебатлар, мунозаралар, матбуот анжуманлари, интервью, чиқишлар, сайловчилар йиғилишлари, номзод тўғрисида роликлар жойлаштириш ва ҳоказолар учун фойдаланиши мумкин.

Миллий сайлов қонунчилигимизнинг мазкур қоидалари сайловга оид халқаро стандартларга тўлиқ мос келади. Жумладан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик кенгашининг инсонийлик мезони бўйича конференцияси Копенгаген ҳужжати 7-моддасида давлатлар оммавий ахборот воситаларидан монеликсиз фойдалана олиш учун сайлов жараёнида иштирок этишни хоҳловчи барча сиёсий гуруҳлар ва алоҳида шахсларга камситмаслик асосида қандайдир юридик ёки маъмурий тўсиқлар ўрнатилмаслигини таъминлашлари кераклиги белгиланган.

2002 йилда Венеция комиссияси томонидан қабул қилинган Сайловларга нисбатан раҳбарий принципларнинг 2.3-бандига мувофиқ, барча партия ва номзодларга тенг имкониятлар кафолатланган бўлиши керак, бу эса давлат ҳокимияти органларидан оммавий ахборот воситаларида, хусусан давлатга тегишли оммавий ахборот воситаларида партия ва номзодларни ёритишга холис муносабатда бўлишни назарда тутади.

Сайловга оид ҳуқуқий тарғибот воситаси сифатида оммавий ахборот воситалари аҳолининг сайлов қонунчилигига оид билимини оширишга қаратилган мақолалар, ток-шоулар, ижтимоий роликлар, кўрсатувлар ва эшиттиришлар ташкил қиладилар.

Оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан ҳамма фойдалана оладиган телекоммуникация тармоқларида депутатликка номзодлар ва сиёсий партияларни ёритиш жараёнининг мониторингини олиб бориш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан амалга оширилади.

Юқоридагиларни барчаси шуни кўрсатмоқдаки, сайлов жараёнининг барча босқичлари очиқ ва ошкора, оммавий ахборот воситалари иштирокида, барча партиялар ва номзодлар учун тенг ва адолатли ўтказилиши учун зарур қонунчилик базаси яратилган.

Сайлов жараёнида оммавий ахборот воситаларининг иштирок этиши фуқароларнинг сўз ва ахборот эркинлигини, ўз фикрини эркин билдириш, ахборот олиш ҳуқуқларини таъминлашга, сайлов қонунчилиги устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишга, пировардида эса чинакам демократик фуқаролик жамияти барпо этишга хизмат қилади.

Миравзал Миракулов,

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институти

бошлиғининг биринчи ўринбосари, юридик фанлар доктори

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.