ССВ: 2021 ЙИЛДА ТОШКЕНТ ШАҲАР “103” ХИЗМАТИГА ЯРИМ МИЛЛИОНДАН ЗИЁД ЧАҚИРИҚ КЕЛИБ ТУШДИ

0
131
марта кўрилган.

Сўнгги кунларда юртимизда коронавирус билан касалланиш ҳолатлари сони ортиб бораётгани, айниқса, бу борадаги кўрсаткич Тошкент шаҳрида ошаётгани барчамизни жиддий ташвишга солмоқда. Қолаверса, бу ҳолат тез тиббий ёрдам хизматига бўлган талаб ва кунлик чақирувлар сони ортишига ҳам сабаб бўлаётир.

Хўш, бугун Тошкент шаҳар “Тез ёрдам” хизмати аҳолига қандай ёрдам кўрсатмоқда? Чақириқларни тезкор қабул қилиш, беморларга ўз вақтида сифатли тез ёрдам бериш борасида қандай ишлар қилинмоқда?

ССВ Матбуот хизмати  шу каби саволлар билан Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси бўлим бошлиғи Насиба МАҲМУДОВАга мурожаат қилди.

— 2021 йилнинг ўтган даври мобайнида шаҳар “103” хизматига қанча чақириқ келиб тушди? Дастлаб шу ҳақида маълумот берсангиз.

— Маълумки, бугунги кунда бутун дунёда бўлгани каби юртимизда ҳам “COVID-19” хасталиги билан боғлиқ эпидемик вазият мураккаб бўлиб турибди. Айниқса, пойтахтда яшовчи кўпчилик аҳоли оддий профилактик тадбирларга риоя қилмай қўйгани, белгиланган карантин талабларига бепарво муносабатда бўлаётгани оқибатида Тошкент шаҳрида касалланиш ҳолатлари бошқа ҳудудларга нисбатан кўпроқ кузатилмоқда. Буни эса жорий йилнинг шу даврига қадар шаҳар “103” хизматига келиб тушган чақириқлар сонидан ҳам билиш мумкин.

Рақамларга мурожаат қилсак, 2021 йилнинг 21 июнь ҳолатига кўра, шаҳар тез тиббий ёрдам хизматига жами 505 минг 490 та чақириқ келиб тушди. Шундан 6 минг 979 тасини коронавирус инфекциясига чалинганлиги гумон қилинган катта ёшли беморлар ташкил этди.

Жумладан, инфекцион касалликларга гумон қилиниб апрелда 1 минг 732 нафар, май ойида эса 1 минг 524 нафар бемор тез тиббий ёрдам орқали Зангиота юқумли касалликлар шифохонасига олиб борилди.

Айни пайтда шаҳар “103” хизмати Call-марказига бир кунда ўртача 3 400 – 3 600 нафар фуқаро мурожаат қилмоқда. Сўнгги 10 кун ичида эса жами 34 минг 558 та чақириқ келиб тушди. Шундан пневмония белгилари кузатилган ва коронавирусга топширган ПЗР тести мусбат натижа берган 967 нафар беморга сифатли тез тиббий хизмат кўрсатилиб, улар “103” хизмат орқали Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифхонасига олиб борилди.

Маълумот ўрнида айтишим керакки, бугунги кунда Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам хизматида 12 та подстанция, 203 та бригада бўлиб, 3 минг нафарга яқин шифокор, ўрта тиббиёт ходими ҳамда ҳайдовчи фаолият юритади. Шу билан бирга, Сall-марказида 40 нафар оператор аҳоли чақириқларини туну кун қабул қилмоқда.

— Айни пайтда “тез ёрдам” хизматига “COVID-19” хасталигига чалингани гумон қилинган беморлар асосан қандай шикоятлар билан мурожаат қилмоқда?

— Эътибор берсак, пандемия бошлангандан бери коронавирус инфекцияси вазиятга мослашишга, шароитга қараб, ўз “қиёфа”сини ўзгартиришга интилмоқда. Шу боис, мамлакатимизда вируснинг кечиши билан боғлиқ ҳолатлар доимий равишда ўрганилиб, даволаш стандартлари тез-тез ўзгаряпти ва унга қўшимчалар киритиб борилмоқда.

Авваллари ушбу касалликни юқтирган беморлар асосан томоқ ва бош оғриғи, юқори ҳарорат, нафас етишмаслиги каби белгилар билан “103” хизматига шикоят қилган бўлса, бугунги кунда қон босимнинг тез суратда кўтарилиши, юрак соҳасида оғриқ, қисқа муддатда ўпканинг зарарланиши, кўнгил айниши ва қайт қилиш каби белгилар билан кўпроқ мурожаат қилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.