Талаба мулоҳазаси: Интернет террор қуролими? Ёҳуд нега айнан ёшлар…

0
214
марта кўрилган.

Инсон онгини, қалбини забт этиш ва унга ҳукмронлик қилиш йўлидаги кураш айниқса, бизнинг асримизда авжга чиқди. Ўз ниятини амалга ошириш мақсадида минглаб инсонларни ёстиғини қуритишга тайёр ғаламислар ҳам минг афсуски, учраб турибди. Ҳар доимгидек ниқоб, ўша-ўша ДИН! Бугунга келиб динга бўлган қизиқишнинг ортиши глобаллашув жараёнларининг бир инъикоси дейиш мумкин.

Афсуски, коммуникация ва информация технологияларининг тез суръатлардаги тараққиёти ғоявий таъсир ўтказишга, ўз ортидан эргаштиришга, мақсадларни амалга оширишдаги имкониятларнинг кенгайишига туртки бўлди. Геосиёсий мақсадларга бўйсиндирилган курашларнинг янгидан-янги усул ва воситаларининг кўпайиб бораётгани бу борада дин омилидан фойдаланишга уринишларда яққол намоён бўлмоқда. Аксарият ҳолатларда ушбу кураш қуролли тус олиб, кўплаб халқларнинг бошига фожиали кунларни солмоқда.

Яқин Шарқ мамлакатларида…
Ироқ, Сурия, Ливияда турли ноқонуний қуролли тузилмалар томонидан исломий давлат қуриш шиори остида инсониятга қарши жиноятлар содир этиляпти. Натижада эса тарихан илдизи бақувват, йирик иқтисодий салоҳиятга эга ушбу давлатлар  таназзулни бошидан ўтказаяпти.

Биргина 2016-йилнинг ўзида терроризм оқибатида Ироқда 9,765, Афғанистонда 4,574, Сурияда 2,102 киши ҳаётни тарк этди. Турли ақидапараст гуруҳлар сафини кенгайтириш мақсадида ёшларни жалб қилиб, уларни манқуртга таъбир жоиз бўлса зомбига айлантириб, турли ҳийла-найрангларни амалга ошириб келмоқда.

“Энг қулай” восита…
Бугунги ахборот технологиялари асрида интернет мақсадларни амалга оширишдаги “энг қулай” воситага айланди. Айниқса ижтимоий тармоқлардаги чатлар орқали турли ёзишмалар олиб бориш натижасида “қармоққа” илиниб қолганлар ҳам талайгина.

Мутахассисларнинг фикрича ҳозир 100 мингдан ортиқ экстримизмнинг турли кўринишларини ўзида ташувчи ғоялар тарғиботи билан шуғулланувчи сайтлар фаолият олиб бормоқда. Интернет орқали суҳбат олиб бориш жараёнида ёшларга куфр диёри, ҳижрат, жиҳод, шаҳидлик, халифаликни тиклаш каби ғоялар сингдирлиб, улар турли тўқнашув ва низо ўчоқларига жалб қилинмоқда. Улар тирик зомбиларга айлантирилиб ўз юрти, ўз яқинларига қурол ўқталадиган восита сифатида фойдаланиб келинмоқда.

Маълумотлар шуни кўрсатади-ки, биргина Ҳиндистоннинг ўзида ўндан ортиқ террорчи гуруҳлар “фаолият” олиб бориб, уларнинг ҳар бирида мингдан ортиқ ёшлар бор.

Хўш, нега айнан ёшлар?
Психологларнинг  таъкидлашича, ўрта ёшли инсонларга қараганда ёшларда ишонувчанлик ҳисси ва фанатизм кўпроқ учрайди. Интернет фойдаланувчиларнинг асосий қисми ҳам ёшлар.

Ўзбекистонда бугунги кунда жами аҳолининг 63 фоизи глобал тармоқ фойдаланувчисига айланган. Дунё миқёсида ҳам онлайн мулоқотларда ёшларнинг фаоллиги кўпроқ кузатилади. Экстиримист гуруҳлар эса бундан ўз мақсади йўлида фойдаланишга уриниши натижасида сафини ёшлар ҳисобидан кенгайтириб бормоқда.

 “Араб ёшлари тадқиқотлари” номли 2016-йилда чоп этилган китобда ёшларнинг экстримист оқимларга эргашиб кетишининг бир қанча сабаблари келтирилади. Айниқса, дунё миқёсида ёшларда сурункали ишлашга иштиёқ ва  қобилиятининг йўқлиги ва осон пул топиш илинжи,  фаолият юритиш имкониятларининг етарлича эмаслиги асосий сабаб қилиб кўрсатилади. 

Хулоса шуки, ҳар бир ёш қалб шахс сифатида шаклланишни истаса машаққатлардан қочмаслиги, ўткинчи ҳаю ҳаваслар гирдобидан эҳтиёт бўлиши, сабр-қаноатни билиши, илмли бўлишга интилиши  лозим,  деб ўйлайман.

Камола ҲАТАМОВА

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.