Талаба мушоҳадаси: Қош қўяман деб, кўз чиқариб қўйманг 

0
505
марта кўрилган.

Хиёбондан ўтиб кетаётгандим, кўзим дарахтга илинган эълонга тушди: “Келинг, гўзал бўлинг”.  Ушбу эълонни ўқиб, ўйланиб қолдим. Наҳотки,  нафосатга шу қадар осон эришиш мумкин бўлса?  Аввалига бу эълон гўзаллик салонига тегишли бўлса керак деб ўйлаган эдим. Йўқ, адашибман. Бу эълон муаллифи пластик жарроҳликларни амалга оширувчи врач  экан.

Бугунги кунда  зўраки гўзаллик- афзалликми? Ёки тентакликми деган саволу мушоҳадаларга қизлар орасида тез-тез дуч келамиз. Ушбу саволнинг ечими, жавоби бордир? Саволни ўртага ташладим-у ечимини ҳам айтгим келди.

Илгари кўпчилик  телеюлдузларники каби шаҳло кўз, қайрилма киприк, ғунча лаб ва чиройли қоматни орзу қилишган. Бугун ўзбек аёллари ҳам пластик жарроҳлик орқасидан мана шундай “бахт”га  эришишмоқда. Ачинарлиси шундаки, бу амалиётга мурожаат этаётганларнинг аксар қисмини ёш қизлар ташкил этади.

Қизлар орасида “растушёвка”,”наращивание”, “ботокс” каби амалиётлардан сўнг “гўзал”га айланган қизларга эндиликда тез-тез кўзимиз тушади-ю, афсус билан лаб тишлаб қоламиз. Улардан гоҳ нафратлансак, гоҳ раҳмимиз келади. Энг ёмони, бу амалиётлар ҳамиша ҳам муваффақиятли тугамайди. Халқона айтсак, охири хайрли бўлавермайди.

 Аслида, бу каби ишлар нафақат жамиятимизда, балки муқаддас динимизда ҳам қораланади. Яратган томонидан ато этилган жамолни кўнгил хушлиги учун ўзгартираётган қизлар бунинг оқибатлари ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмикан? Зўрма зўраки гўзалликнинг умри қисқа эканлигидан хабардормикан?

 Сунъий нафосат яратаётган жарроҳларнинг маълумотига кўра, авваллари уларнинг мижозлари катта ёшли аёллар бўлиб, жиддий сабаблар туфайли мурожаат этишган. Бугун эса уларнинг 85 фойизини ёш қизлар ташкил этади ва улар шунчаки қизиқиш сабаб жарроҳлик курсисига ўтиришмоқда.

 Азиз дугонажонларим, ҳаммадан гўзал бўламан деб, бор ҳуснингиздан ҳам ажралиб қолманг. Менга бувим ҳамиша «Сени соф туйғуларинг ва беғубор қалбингнинг ўзи гўзалликдир. Шу софликни, ушбу назокатни қадрла!», дея ўгит айтади.

Мен барчага ушбу ўгитларни такрорлайман: Сизнинг соф туйғуларингиз ва беғубор қалбингизнинг ўзи гўзалликдир. Ушбу софликни, гўзалликни,  назокатни қадрланг!

  Диёра    ЭРГАШЕВА, талаба

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.