Жорий йил 6 сентябрдан олий таълим муассасаларида анъанавий тарзда янги ўқув йили бошланди. Табиийки, асосий ОТМлар жойлашган пойтахт ҳам талабалар билан гавжумлашди. Айни вақтда уларни энг қийнаётган муаммо турар жой масаласидир.
Статистик маълумотларга кўра, мамлакатимизда охирги тўрт йилда ОТМлар сони кўпайди. Яъни улар сони 77 тадан 143 тага етди. Қабул квотаси 3 баробарга яқин ошди. Талабалар контингенти 700 минг нафарга яқинлашди. Олий таълим муассасаларига қабул жараёнида квоталар, талабалар сони 2 баравардан 3 бараваргача ошган бир шароитда ётоқхоналарнинг ўрин сони шу давр мобайнида атиги 25 фоизга ошди.
Асосий ва нуфузли олий таълис муассасаларининг аксарияти, шунингдек, хорижий университетларининг филиаллари Тошкент шаҳрида жойлашганлиги боис, талабалар учун турар жой муаммоси бугуннинг долзарб мавзусига айланди.
– Талабаларни турар жой масаласи ҳар доим қийнаб келган, –дейди олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси – матбуот котиби Сардорбек Усмонов.–Бу муаммо нафақат бизнинг мамлакатда, балки дунёнинг ривожланган давлатларида ҳам мавжуд. Шу кунларда олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёшларнинг 58 минг нафари ётоқхоналарда яшайди, 102,4 минг нафари эса ижарада туради. Олий таълим муассасаларининг асосий вазифаси сифатли таълим беришдан иборат.Аммо бугунги кун талаби талабалар сифатли таълим олиши учун шароит яратиш, энг биринчи навбатда, уйидан олисда таҳсил олишни мақсад қилганлар учун турар жойлар ташкил қилиш вазифасини ўртага қўяди. Албатта, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан талабаларни ҳар-томонлама ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида муҳим ташаббуслар илгари сурилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 24 сентябрдаги қарори билан давлат олий таълим муассасаларининг ижара ҳуқуқи асосида яшаётган талабаларига ойлик ижара тўловининг бир қисмини давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Мазкур низомга кўра, ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган талабаларнинг ойлик ижара тўлови бир қисмини қоплаб бериш давлат солиқ хизмати органлари томонидан ҳисобга қўйилган кўчмас мулк ижара шартномасига мувофиқ ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган ариза берувчиларга нисбатан татбиқ этилади. Рўйхатга олинган доимий яшаш жойи доирасида (туман, шаҳар миқёсида) ариза берувчиларга ойлик ижара тўловининг бир қисмини қоплаб бериш амалга оширилмайди.
Битта турар жойда икки ва ундан ортиқ талаба ижара ҳуқуқи асосида яшаган ҳолатларда уларнинг барчаси ижара шартномасида қайд этилган бўлиши шарт.Мазкур тартиб давлат ОТМнинг фақат кундузги таълим шаклида ўқиб, ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган талабаларига нисбатан татбиқ этилади. Бунда ариза берувчи тегишли маълумот ёки ҳужжатларни ўзи таълим олаётган факультетнинг ёшлар билан ишлаш бўлими декан ўринбосари ёки ОТМнинг талабаларни турар жой билан таъминлаш ишларини мувофиқлаштирувчи бўлимига топширади. Масъуллар 1 ҳафта давомида ариза берувчи маълумотларининг ижтимоий мезонларга мувофиқлигини ўрганади.
Сўнг маълумотларни умумлаштириб, кўриб чиқиш ва хулоса бериш учун навбатдаги ҳафтанинг биринчи кунида талабгорларни танлаб олиш комиссиясига тақдим этади. Комиссия бир иш кунида талабгорлар тўғрисидаги маълумотларни ўрганиб чиқиб, қарор қабул қилади. Шунга кўра, давлат ОТМ ректори (филиал директори)нинг буйруғи расмийлаштирилиб, аризалари қаноатлантирилган талабгорлар тўғрисидаги тегишли маълумотлар ва уларнинг рўйхати тўловларни амалга ошириш учун бухгалтерияга тақдим этилади. Аризаси ижобий ҳал этилган талабалар учун ижара тўловининг бир қисми давлат бюджети маблағлари ҳисобидан улар ариза берган санадан бошлаб қоплаб берилади.
Бундан ташқари, ҳар бир олий таълим муассасаси ўз талабасининг қайси манзилда яшаётганини аниқлаб бориш учун реестр тузади. Бу орқали талабаларнинг хавфсизлиги назоратга олинади, муаммолари ҳал этилади.
Ижара тўловининг бир қисмини қоплаб бериш ўқув йили давомида (ҳар йили 1 сентябрдан 1 июлгача) ёки ўқитиш дастури бўйича ўқув йилининг давомийлигига қараб белгиланади. Ариза берувчи томонидан ҳар ойнинг 7-санасигача аризалар масъулларга тақдим этилганидан сўнг амалга оширилади. Ушбу муддатлар тугагандан кейин берилган аризалар кўриб чиқилмайди.
Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, ижара тўловининг қоплаб бериладиган қисми Тошкент шаҳрида – БҲМнинг 1 баравари, қолган ҳудудларда – БҲМнинг 0,5 бараваридан ошмаслиги лозим.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА