Тарбияси оғир бола деганда нима тушунилади?

0
4340
марта кўрилган.

Тарбияси оғир бола деганда нима тушунилади?  Ушбу савол кўплаб ёш оналарни қизиқтиради. Тарбияси оғир бола нафақат оиланинг балки, жамиятнинг ҳам оғриқли масаласидир. Ушбу савол билан мутахассисга мурожаат қилдик.

Жавоб: Ота-она таълим-тарбия жараёнини мақсадга йўналтирилган ҳолда муваффақиятли олиб бориши учун аввало асоциал хулқ-атвор билан аномал хулқ-атвор ўртасидаги фарқни ва уларнинг нималигини тушуниб олиши керак. Одатда ахлоқ нормаларига ва жамият талабларига жавоб бермайдиган хулқ-атвор ва хатти-ҳаракатларни асоциал хулқ-атвор деб аталади. Аномал хулқ-атвор ва хатти-ҳаракатлар бола миясининг патологияси (касаллиги) туфайли рўй беради.

Асоциал хулқ-атвор эса микромуҳитнинг салбий таъсир кўрсатиши, оиладаги мавжуд нонормал ўзаро муносабатлар, оила ва мактабда бериладиган тарбияда йўл қўйиладиган камчиликлар ва ҳоказолар туфайли рўй беради. Бундай хулқ-атворли болалар жамиятимизда баъзан учраб турадиган балоғатга етмаган тартиббузар болалар турини ташкил қилади.

Тарбияси оғир болалар – булар тарбияда эътибордан четда қолган, ўз ҳолича ташлаб қўйилган болалардир. Улар қаердадир, қачонлардир, кимларнингдир томонидан йўл қўйилган хатолар, тарбиялашда уларга индивидуал ёндоша билмаслик оқибатида пайдо бўлган. Бошқача айтганда, нормал таълим ва тарбия жараёнидан четда қолган, ўқитувчилар, ота-оналар, ўртоқлари билан нормал муносабат ўрната олмаган, қалб туғёнларини ошкор этишнинг тўғри йўлларини топа билмаган болалар – тарбияси оғир болалар турига киради. Бундай болаларни ўз вақтида пайқаб, улар билан яхши иш олиб борилмаса, уларга жамоатчилик таъсири ўтказилмаса, нохуш кўнгилсиз воқеалар содир бўлиши мумкин.

Тарбияси оғир болалардаги айрим камчиликлар ва нуқсонлар, чунончи: қайсарлик, ўжарлик, қўполлик сингари салбий кўринишлар мактабга келмасданоқ бошланиши мумкин. Бу, албатта, оила тарбияси ёки боғча-ясли, мактаб, иш фаолияти билан боғлиқдир.

Олимларнинг кузатишича, кичик ёшдаги болаларнинг ўндан тўққиз қисми оила шароитида тарбияланади. Бундай оилаларда ота-оналар фарзандларига етарли даражада эътибор бермайдилар ёки уларни эрка қилиб ўстирадилар. Оналар эса болаларининг ёмон хулқ-атворини, хатти-ҳаракатларини оталаридан яширадилар. Оқибатда бундай оиладаги болалар кўзбўямачи, худбин, фақат ўз фойдасини кўзлайдиган, калтафаҳм, бачкана, қўрс, бировга озор берадиган бўлиб ўсадилар.

Баъзи ота-оналар фарзанди уст-бошининг бут бўлишини ўйлайдилар-у, уларнинг ички дунёси, маънавий эҳтиёжлари ҳақида қизиқмайдилар. Тарбияга нисбатан бундай муносабат тарбияси оғир болаларнинг кўпайишига сабаб бўлади.

Болангизни феъл — атворига туғилганидан эътибор беринг. Халқимиз хотин бошидан, бола ёшидан деб бежиз айтмаган. Оналар бир ёшгача  болага жуда эътиборли бўлишади. Чақалоқ гапирмасада она  унинг ҳатти — ҳаракатидан дарҳол гап нимадалигини англайди.  Ҳолатидан таглигини алмаштириш ёки эмизиш вақти келганлигини ёки нимадир безовта қилаётганлигини дарҳол тушунади. Бу ҳаммаси синчковлик туфайли.  Бола ўзлигини англагунча ана шундай эътибор керак. Гўдаклигида қандай авайлаган бўлсангиз ана шундай авайлаб, кайфиятини англаб туриш лозим.

Ориф Авлаев, ТошДАУ   “Ўзбек тили, педагогика ва психология” кафедраси доценти

 

 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.